Norma.uz
Норма маслахатчи / 2025 йил / № 26 / Меҳнат муносабатлари

Ўриндошлар, мавсумий ишчилар ва касаначиларнинг таътил пулларини ҳисоблаш

 

Тавсияга 13.02.2025 йилдаги ЎРҚ-1030-сон Қонунга асосан ўзгартиришлар киритилди.

Қонун 2025 йил 14 февралдан кучга кирганлиги сабабли тавсия шу санадан бошлаб амал қилади.

 

Ўриндошларнинг таътил пуллари қандай ҳисобланади

Ўриндошларга йиллик асосий таътил асосий иш жойидаги йиллик меҳнат таътили билан бир вақтда берилади (МК 439-м.).

Агар ўриндош ташкилотда (МК 227-м. 5-қ., МК 223-м. 3-қ.):

•    6 ойдан кам ишлаган бўлса – таътил унинг хоҳишига кўра тўлиқ давомийликда тақдим этилади, аммо ишлаб берилган вақтга мутаносиб равишда тўланади.

•    6 ой ва ундан ортиқ ишлаган бўлса – таътил тўлиқ миқдорда тўланади.

Асосий иш жойи бўйича таътилнинг давомийлиги ўриндошлик асосидаги таътилнинг давомийлигидан ортиқ бўлса, у ҳолда иш берувчи ўриндошнинг илтимосига кўра унга таътилларнинг тафовутини ташкил этувчи кунлар учун иш ҳақи сақланмайдиган таътил беришга мажбурдир (МК 439-м. 4-қ.)

МИСОЛ. Асосий иш жойи бўйича таътилнинг давомийлиги ўриндошлик асосидаги таътилнинг давомийлигидан ортиқ бўлганда ўриндош таътилининг давомийлиги қандай аниқланади

Ўриндош ташкилотда 7 ой ишлаган. Унга давомийлиги 21 календарь кун бўлган меҳнат таътили берилиши керак.

Асосий иш жойи бўйича ходимга 24 календарь кунга тенг таътил берилди.

Ушбу ҳолда ўриндошга 21 календарь кунга ҳақ тўланадиган таътил, шунингдек хоҳишига кўра иш ҳақи сақланмайдиган 3 календарь кунга тенг таътил берилади.

 

МИСОЛ. Ўриндош 6 ойдан камроқ ишлаганда унинг таътилига қандай ҳақ тўланади

Ўриндош ташкилотда 5 ой ишлади. Унинг аризасига кўра унга асосий иш жойидаги таътил билан бир вақтнинг ўзида тўлиқ давомийликдаги (24 календарь кун) йиллик меҳнат таътили берилди.

Бунда ўриндош ходим таътили учун ҳақ ишланган вақтга мутаносиб равишда – 10 календарь кун
(24 / 12 х 5) учун тўланади.

Биринчи иш йилида тўлиқ 6 ой ишлаган ўриндошларнинг меҳнат таътилига, шунингдек ишнинг кейинги йиллари учун меҳнат таътилига ўриндошлик асосидаги ишнинг ўртача иш ҳақидан келиб чиққан ҳолда одатдаги тартибда ҳақ тўланади.

 

МИСОЛ. Ўриндошнинг таътил пуллари қандай ҳисобланади

Ўриндош ташкилотда ўтган йилнинг 1 июлидан бошлаб тўлиқ 10 ой ишлади.

Май ойида унга давомийлиги 21 календарь кунлик таътил берилган бўлиб, 6 кунлик иш ҳафтаси бўйича ҳисоблаганда, ундан 18 куни иш кунига тўғри келмоқда.

Ходимнинг маоши – 3 000 000 сўм (иш бошлангандан буён ўзгармаган).

Ҳисоб-китоб даври (ўтган йилнинг 1 июлидан бошлаб жорий йилнинг 30 апрелига қадар) учун меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги бошқа даромадлар – 2 400 000 сўм.

Ўртача ойлик иш ҳақи: (3 000 000 х 10 + 2 400 000) / 10 = 3 240 000 сўм.

Ҳисобланган таътил пуллари: 3 240 000 / 25,3 х 18 = 2 305 138,34 сўм.

Ички ўриндошликда, таътил пулларини ҳисоб-китоб қилиш мақсадида ўртача иш ҳақи асосий ҳамда ўриндошлик асосидаги иш бўйича алоҳида-алоҳида аниқланади.

 

МИСОЛ. Ички ўриндошликда таътил пуллари қандай ҳисобланади

Жорий йил 1 мартда бош бухгалтер билан кадрлар бўйича инспектор лавозимида ўриндошлик асосида ишлашга меҳнат шартномаси тузилди.

Ходим ташкилотда ўтган йилнинг 1 ноябридан бошлаб тўлиқ 8 ой ишлади.

Июль ойида асосий иш бўйича унга йиллик меҳнат таътили берилди.

Ходимнинг асосий иш бўйича маоши – 6 000 000 сўм (иш бошлангандан буён ўзгармаган).

Ўтган йилнинг 1 ноябридан бошлаб жорий йилнинг 30 июнигача бўлган ҳисоб-китоб даври учун меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги бошқа даромадлар – 3 600 000 сўм.

Ўриндошлик бўйича ишдаги маоши – 3 000 000 сўм (иш бошлангандан буён ўзгармаган).

1 мартдан бошлаб 30 июнгача бўлган ҳисоб-китоб даврида (тўлиқ 4 ой) меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги бошқа даромадлар – 600 000 сўм.

Асосий иши ва ўриндошликдаги иши бўйича таътил давомийлиги – 24 календарь кун, 6 кунлик иш ҳафтаси бўйича ҳисоблаганда ундан 21 кун иш кунига тўғри келади.

Асосий иш бўйича бу кунлар учун тўлиқ ҳақ тўланади.

Ўриндошлик бўйича ишнинг давомийлиги 6 ойдан кам бўлгани учун ўриндошлик бўйича таътил ишланган вақтга мутаносиб равишда тўланади.

Таътил пули фақатгина 8 календарь кун (24 / 12 х 4) учун ҳисобланади. 6 кунлик иш ҳафтаси бўйича ҳисоблаганда бу кунларга 7 иш куни тўғри келади.

Ҳар бир лавозим бўйича таътил пуллари алоҳида ҳисобланади.

Асосий иш бўйича ўртача ойлик иш ҳақи: (6 000 000 х 8 + 3 600 000) / 8 = 6 450 000 сўм.

Асосий иш бўйича ҳисобланган таътил пуллари суммаси: 6 450 000 / 25,3 х 21 = 5 353 754,94 сўм.

Ўриндошлик бўйича ишдаги ўртача ойлик иш ҳақи: (3 000 000 х 4 + 600 000) / 4 = 3 150 000 сўм.

Ўриндошлик бўйича ишдаги ҳисобланган таътил пуллари суммаси:

3 150 000 / 25,3 х 7 = 871 541,5 сўмга тенг.

МИСОЛ. Ҳар ойда турлича иш ҳақи оладиган ўриндош ходимнинг таътил пуллари қандай ҳисобланади

Ўриндош ходим билан тузилган меҳнат шартномасида ҳафтасига 20 соатдан ошмайдиган иш вақти давомийлиги назарда тутилган. Ишлаб берилган ой учун иш ҳақи маошни (4 000 000 сўм) иш вақти меъёрига бўлиб, ҳақиқатда ишланган вақтга кўпайтириш орқали аниқланади.

Ўриндош ходим ҳар ойда турли вақтда ишлайди, шу боисдан ҳисобланган иш ҳақи ҳам ҳар хил бўлади.

Ходим ташкилотда жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб тўлиқ 8 ой ишлади.

У декабрь ойида таътилга чиқади, таътилнинг (21 календарь кун) 18 иш куни учун тўлов тўланиши лозим.

Ҳисоб-китоб даврининг тўрт ойида ҳисобланган иш ҳақи – 3 600 000 сўмдан, бошқа тўрт ойда – 4 000 000 сўмдан. Меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги бошқа даромадлар мавжуд эмас.

Ўртача ойлик иш ҳақи: (3 600 000 х 4 + 4 000 000 х 4) / 8 = 3 800 000 сўм.

Ҳисобланган таътил пуллари суммаси: 3 800 000 / 25,3 х 18 = 2 703 557,31 сўм.

Мавсумий ишчиларнинг таътил пуллари қандай ҳисобланади 

Мавсумий ишларда банд бўлган ишчилар таътилга чиқиш ёхуд унинг ўрнига пуллик компенсация олиш ҳуқуқига эга. Уларга таътил тақдим этишнинг умумий қоидалари қўлланилади.

Иқлим ва бошқа табиий шароитлар туфайли муайян давр (мавсум) давомида бажариладиган ишлар мавсумий ишлардир. Мавсумий ишларнинг давомийлиги, қоида тариқасида, 6 ойдан ошмаслиги керак (МК 491–494-м.).

Мавсумий ишга пахта тозалаш саноати, саноатнинг қанд-шакар ва консерва ишлаб чиқариш тармоқлари корхоналаридаги иш, ипакчилик тармоғи ва фермер хўжаликларидаги иш киради (13.10.2022 й. 592-сон ВМҚга 1-иловага 5-илова).

Йиллик фойданинг катта қисмини муайян фаслда олувчи бошқа тармоқлар, масалан, сайёҳлик, қурилиш ва шу каби тармоқлардаги иш мавсумий ҳисобланмайди.

Мавсумий ходимлар ишнинг ҳар бир ойи учун 2 икки календарь кун ҳисобидан ҳақ тўланадиган меҳнат таътили олиш ҳуқуқига эга.

Агар мавсумий ходим тўлиқ мавсум ишлаган бўлса, унга кейинчалик меҳнат шартномасини бекор қилган ҳолда ҳақ тўланадиган меҳнат таътили берилади. Бу ҳолда таътилнинг охирги куни меҳнат шартномаси бекор қилинган кун деб ҳисобланади. Ишдан озод этиш пайтида таътил ўрнига мавсумий ходимга унинг хоҳишига кўра пуллик компенсация тўлаб берилади.

Агар мавсумий ходим билан тузилган меҳнат шартномаси мавсум тугагунга қадар муддатидан олдин бекор қилинса, унга фойдаланилмаган меҳнат таътили учун ишлаб берилган вақтга мутаносиб равишда компенсация тўланади.

 

МИСОЛ. Мавсум бўйи ишлаган мавсумий ишчи таътилининг давомийлиги қандай аниқланади

Пахта тозалаш саноати корхонасининг пахта хом ашёсини қуритиш билан шуғулланувчи ишчи 6 ой – меҳнат шартномасига мувофиқ бутун мавсум ишлаган.

Жамоа келишуви ва меҳнат шартномаси бўйича унга давомийлиги 12 календарь кундан иборат (6 ойлик мавсумий ишнинг ҳар ойи учун 2 икки календарь кун ҳисобидан) таътил берилиши керак. Таътил ўрнига мавсумий ходимнинг хоҳишига кўра пулли компенсация тўланиши мумкин.

 

МИСОЛ. Мавсумий ишчининг таътил пуллари қандай ҳисобланади

Ишчи 6 ой – меҳнат шартномасига кўра тўлиқ мавсум ишлаган.

Унга 12 календарь кун таътил берилиши керак, унга 6 кунлик иш ҳафтаси бўйича ҳисоблаганда унга 11 иш куни тўғри келади.

Унга иш бошлангандан буён 18 000 000 сўм суммада иш ҳақи ҳисобланган. Меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги бошқа даромадлар бўлмаган.

Ўртача ойлик иш ҳақи: 18 000 000 / 6 = 3 000 000 сўм.

Ҳисобланган таътил пуллари: 3 000 000 / 25,3 х 11 = 1 304 347,83 сўм.

 

Касаначиларнинг таътил пуллари қандай ҳисобланади 

Агар касаначи ташкилотда меҳнат шартномаси бўйича ишласа, у йиллик меҳнат таътилини олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Таътилларни тақдим этиш тартиби ва таътил пуллари ҳисоб-китоби корхонанинг бошқа ходимлариникига ўхшаш (МК 449-м.). Касаначиларнинг меҳнатига, қоидага кўра, ҳақиқатда бажарилган ишлар ёки ишлаб чиқарилган маҳсулот учун ишбай ҳақ тўланади (МК 450-м.).

 

МИСОЛ. Касаначи таътил пуллари қандай ҳисобланади

Касаначи тўлиқ 9 ой давомида уйда ўтириб, бичиш-тикиш ишларини бажарди. Бажарилаётган ишларга ишбай нархлар белгиланган.

Август ойида 21 календарь кун давомийлигидаги таътилга чиқади, 6 кунлик иш ҳафтаси ҳисоби бўйича унинг 18 куни иш кунига тўғри келади.

Ўтган йилнинг 1 ноябридан бошлаб жорий йилнинг 31 июлигача бўлган ҳисоб-китоб даври учун ишбай ҳақ бўйича ҳақиқатда ҳисобланган иш ҳақи – 38 50 000 сўм.

Ҳисоб-китоб даври учун меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги бошқа даромадлар – 2 000 000 сўм.

Ўртача ойлик иш ҳақи: (38 500 000 + 2 000 000) / 9 = 4 500 000 сўм.

Ҳисобланган таътил пуллари суммаси: 4 500 000 / 25,3 х 18 = 3 201 581,03 сўм.

 

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги мутахассислари,

Олег Цой, «Норма» эксперти.

Прочитано: 101 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2025 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика