Norma.uz
СБХ / 2025 йил / № 12 / Мутахассислар тушунтиради

Чет эллик ходимга «касаллик варақаси» бўйича ҳақ тўлаш

 

Корхонада меҳнат шартномаси асосида бошқа давлат фуқароси ишлайди. У касал бўлиб, ишга чиқмади. Кейинчалик – касаллик вақти учун ҳақ тўлашни сўраб компания директори номига ариза ёзди. Корхона буни тўлаши керакми? Чет эллик ходим корхона унинг асосида ҳисоблашни амалга ошириши мумкин бўлган «касаллик варақаси»ни қаердан олиши мумкин? «Касаллик варақаси» бўйича қандай ҳисоб-китоб қилинади?

 

Саволларга «Profi Training» бизнес-тренери Юлия ПАКИДИШЕВА (ACCA DipIFR, CAP) жавоб берди:

 

– Чет эл фуқаролари Ўзбекистон фуқаролари каби меҳнат муносабатларининг субъектлари (МК 19-м.). Агар ишга қабул қилишда барча зарур талабларга риоя қилинган бўлса, уларга Ўзбекистон меҳнат қонунчилигининг амал қилиши татбиқ этилади.

Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини тайинлаш ва тўлашни Меҳнат кодексининг 281-моддаси кафолатлайди. Нафақа қуйидаги ҳолларда берилади:

● вақтинча меҳнат қобилиятини йўқотиш билан боғлиқ касаллик (шикастланиш)да;

● санаторий-курортларда даволанганда;

● касалланган оила аъзосини парваришлаш зарур бўлганда;

● карантинда;

● сил ёки касб касаллиги туфайли вақтинча бошқа ишга ўтказилганда;

● меҳнат қобилиятини тиклаш ёки ясама аъзо (протез) қўйдириш учун реабилитация муассасаларига ётқизилганда.

Нафақа, агар уни олиш ҳуқуқи иш берувчи билан меҳнат муносабатларида бўлган даврда, синов даври ва ишдан бўшатилган кунни ҳам қўшган ҳолда юзага келган бўлса, берилади (31.05.2024 йилдаги 314-сон ВМҚга 1-илова 4-б.).

Нафақа тўлаш муддатлари жамоа шартномасида ёки ички ҳужжатларда белгиланади, улар мавжуд бўлмаганда эса – меҳнат шартномасида. Бунда улар меҳнатга лаёқатсизлик варақаси тақдим этилган кундан бошлаб 16 календарь кунидан ошмаслиги керак (қонунчиликда иш ҳақи ойда бир марта тўланадиган ходимлар тоифаси бундан мустасно).

Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасини олиш учун компания ходими, мазкур ҳолатда – чет эл фуқароси яшаш жойи ёки рўйхатда турган жойидаги давлат соғлиқни сақлаш тизими даволовчи шифокорига мурожаат қилиши керак.

Агар вақтинча меҳнатга лаёқатсизликни экспертизадан ўтказиш учун етарли малакага эга ходими бўлса, хусусий даволаш-профилактика муассасалари ҳам меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини расмийлаштириш ва беришга ҳақли.

2024 йил 1 январдан бошлаб вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ва маълумотномалар фақат электрон шаклда расмийлаштирилади. Уларни қоғоз шаклида талаб қилиш тақиқланади (28.02.2023 йилдаги ПФ-27-сон, 9-б. «б» к.б.).

 

Корхона бухгалтери, агар ходим белгиланган шаклда касаллик варақасини расмийлаштирмаган бўлса, касаллик вақтида унга ҳисоблашни амалга ошира олмайди. Корхона раҳбарининг буйруғи, ўз-ўзича, ушбу ҳолатда тўлов учун жиддий асос бўлиб ҳисобланмайди.

 

Нафақа миқдори ходимнинг меҳнат стажига боғлиқ ҳолда табақалаштирилади. Стаж меҳнат дафтарчаси маълумотлари асосида аниқланади (31.05.2024 йилдаги 314-сон ВМҚга 1-илова 24-б.).

Умумий меҳнат стажи:

● 8 ва ундан ортиқ йил бўлганда – нафақа ўртача ойлик иш ҳақининг 80 фоизи миқдорида тўланади;

● 8 йилгача бўлганда – ўртача ойлик иш ҳақининг 60 фоизи миқдорида тўланади.

Бу қоидадан истиснолар бор, улар Низомнинг 22–23-бандларида санаб ўтилган.

Ўртача ойлик иш ҳақи Меҳнат кодексининг 257-моддасига мувофиқ ҳисоблаб чиқилган ўртача иш ҳақи суммасини ўртача ойлик иш кунлари сонига (25,3) бўлиш йўли билан ҳисобланади.

Нафақа миқдори:

1) умумий меҳнат стажидан келиб чиқиб, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик бошланган кунга белгиланади;

2) меҳнат дафтарчаси ёки электрон меҳнат дафтарчаси маълумотлари, шунингдек унинг ўрнига берилган бошқа ҳужжат асосида ҳисобланади.

Корхона ўзининг молиявий ҳолатидан келиб чиқиб, жамоа шартномасида ёки бошқа ички ҳужжатда меҳнат стажи ва фуқаролигидан қатъи назар, барча ходимларга вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси бўйича иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида тўлов белгилаши мумкин.

Корхона учун нормалар бўйича нафақа ҳисоблаш бошқа даромадларга киради (СК ­377-м.), нормалардан ташқари эса – меҳнат ҳақи тўлаш кўринишидаги харажатларга (ишламаган вақт учун тўлов) киради (СК 374-м. 9-б.). Ходим фаолият олиб бораётган харажатлар моддаларига ҳисобланади (Дт 2000 ёки 9400). Иккала ҳолатда ҳам жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи 12 фоиз ставкасида ҳисобланади.

 

Солиқ ҳисоби

Ушбу харажатлар фойда солиғи бўйича чегириладиган харажатлар бўлиши учун (СК 305-м.), уларнинг аҳамиятини корхонанинг Солиқ ҳисоби сиёсатида асослашни тавсия қиламиз.

Компания Солиқ ҳисоби сиёсатида меҳнатга ҳақ тўлаш харажатлари (хусусан, чет эллик ходимга касаллик варақаси бўйича тўлов) – бу қонун ҳужжатларидан (Меҳнат кодекси) келиб чиқадиган харажатлар эканлигини акс эттириши керак.

Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақалари бўйича ҳисоблашларни бухгалтерия ҳисобининг алоҳида счётларида юритишни тавсия қиламиз. Агар корхона ходимга вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси бўйича 100 фоизли ҳисоблашни тўласа, жисмоний шахснинг даромадлари СК бўйича турли моддаларда таснифланади:

 

Нафақа ҳисоблаш

СК бўйича даромад таснифи

СК моддаси

Ижтимоий солиқ таркибида акс эттириш

314-сон Низом нормалари бўйича ҳисоблаш

Бошқа даромадлар

СК 377-моддаси 15-банди

Ижтимоий солиқ бўйича солиқ базасига киритилмайди

Ички ҳужжатлар бўйича нормадан юқори ҳисоблаш

Ишланмаган вақт учун меҳнатга ҳақ тўлаш

СК 374-моддаси 9-банди

Меҳнатга ҳақ тўлаш кўринишидаги даромадлар таркибига киради, ижтимоий солиқ солинади

 

 

Бухгалтерия ҳисоби

Нафақа ҳисоблаш мисолини кўриб чиқамиз.

Вақтбай иш ҳақи олувчи ходим:

● иш ҳақи – 2 500 000 сўм;

● корхонада 9 ой ишлаган.

Шу давр учун иш ҳақидан ташқари унга қуйидагилар тўланган:

● мукофот – 3 000 000 сўм;

● нормадан ортиқ хизмат сафари харажатлари – 400 000 сўм.

Ўртача ойлик иш ҳақи қуйидагича ҳисобланади:

(2 500 000 × 9 + 3 000 000 + 400 000) / 9 ой = 2 877 778 сўм.

Ходим 8 кун учун касаллик варақасини тақдим этди ва ойнинг 14 кунини ишлаб берди.

«Касаллик варақаси»ни ҳисоблаймиз:

(2 877 778 сўм / 25,3 × 8) × 60% = 545 982 сўм.

Ишлаб берилган кунлар учун тўлов:

2 500 000 / 22 × 14 = 1 590 909 сўм.

Бухгалтерия ҳисоби:

 

Хўжалик операциясининг мазмуни

Счётлар корреспонденцияси

Ҳисоблаш суммаси (сўм)

Иш ҳақи ҳисобланди

Дт 9410 – Кт 6710.1

1 590 909

Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси 60% ҳисобланди

Дт 9410 –

Кт 6710.2.1

545 982

 

Ижтимоий солиқни ҳисоблаш:

(1 590 909) × 12% = 190 909 сўм.

Ўтказмалар: Дт 9410 – Кт 6520.

 

 

Агар ходим бошқа давлатда берилган вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасини тақдим этган бўлса

 

Чет эл соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан берилган вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақалари Ўзбекистонда қабул қилиниши ва тўланиши мумкин эмас.

Чет эллик ходимлар масофадан ишлайдиган компанияларга бундай ҳолатларни белгилаб, ҳужжатлар айланиши ва бундай ходимларга «касаллик варақаси» бўйича тўловлар тартибини ўз ички ҳужжатларида акс эттиришни тавсия қиламиз.

Фикримча, чет элда берилган касаллик варақалари бўйича тўловлар меҳнатга ҳақ тўлаш фондига (МҲТФ) кирмайди ва СК 374-моддасига мувофиқ «бошқа даромад» сифатида талқин қилиниши мумкин.

Прочитано: 55 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2025 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика