Тиббиёт ходимлари муддатидан олдин пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга эканлигини эшитдим. Кимлар бу имтиёздан фойдаланиши мумкин?
– Ҳақиқатан ҳам, тиббиёт ходимларининг айрим тоифалари махсус рўйхатларга мувофиқ белгиланган муддатдан 5 ва 10 йил олдин пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга. Қуйидагилар 10 йил олдин пенсияга чиқадилар (2-сонли Рўйхат, 12.05.1994 йилдаги 250-сон ВМҚга илова):
• иш жойида фаоллиги 10 милликюрийдан юқори радий 226 ёки радиотоксик жиҳатидан эквивалент миқдордаги радиоактив моддалар, шунингдек гамма-терапевтик аппаратларда доимий ва бевосита ишлайдиган соғлиқни сақлаш муассасалари ходимлари;
• рентгенолог шифокорлар, шунингдек рентген операция ва ангиография хоналарида доимий банд бўлган шифокорлар;
• рентгенолаборантлар, шу жумладан рентген операция, ангиография ва флюорография хоналаридаги ходимлар;
• рентген бўлимлари (хоналари)нинг ўрта тиббий ходимлари, шунингдек рентген операция ва ангиография хоналарида доимий банд бўлган ўрта тиббий ходимлар.
Қуйидагилар 5 йил олдин пенсияга чиқадилар (3-сонли Рўйхат I қисми 12.05.1994 йилдаги 250-сон ВМҚга илова):
• вабога қарши муассасалар ходимлари, сил, юқумли касалликлар муассасалари, моховхоналар, психиатрия (психоневрология) даволаш-профилактика муассасалари ва бўлимлари, болалар уйларининг ўрта ва кичик тиббий ходимлари, меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимидаги руҳий беморлар учун интернат-уйлари, ақли заиф болалар учун интернат-уйларининг ўрта ва кичик тиббий ходимлари;
• беморларга бевосита хизмат кўрсатувчи ходимлар:
а) сил ва юқумли касалликлар муассасаларида – ўрта ва кичик тиббий ходимлар;
б) моховхоналарда – ўрта ва кичик тиббий ходимлар;
в) психиатрия (психоневрология) даволаш-профилактика муассасалари ва болалар уйлари бўлимларидаги:
• кичик тиббий ходимлар;
• ўрта тиббий ходимлар;
г) меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимидаги руҳий беморлар учун интернат-уйлари, ақли заиф болалар учун интернат-уйларидаги:
• ўрта тиббий ходимлар;
• кичик тиббий ходимлар;
д) ишлаб бўлинган туз конларида жойлашган ер ости шифохоналаридаги:
• шифокорлар, ўрта ва кичик тиббий ходимлар;
• шифохоналар қазилма жойларини нормал ҳолатда сақлаш учун ер остида доимий ишлайдиган ишчилар;
е) куйиш ва йирингли бўлинмалардаги – шифокорлар, ўрта ва кичик тиббий ходимлар;
ж) онкология муассасалари (бўлинмалари)нинг кимётерапия бўлимлари ва хоналаридаги:
• шифокорлар, ўрта ва кичик тиббий ходимлар;
• болалар онкология бўлимларидаги кичик тиббий ходимлар;
• иш жойида фаоллиги камида 0,1 милликюрий радий 226 ёки радиотоксик жиҳатидан эквивалент миқдордаги радиоактив моддалар билан доимий ва бевосита ишлайдиган соғлиқни сақлаш муассасалари ходимлари;
• патологоанатомия бўлимлари, прозекториялар, моргларнинг кичик тиббий ҳамширалари (санитаркалари);
• рентген бўлимлари (хоналари)да банд бўлган беморларни парвариш қилувчи кичик тиббий ҳамширалар (санитаркалар);
• хизмат вазифаларини бажаришда иммунитет танқислиги вируси билан зарарланган тиббиёт ва фармацевтика ходимлари.
Шунингдек, соғлиқ учун хавфли ва ўта оғир меҳнат шароитлари бўлган қуйидаги ихтисослаштирилган тиббиёт муассасалари ходимлари ҳам 5 йил олдин пенсияга чиқадилар (3-сонли Рўйхат VIII қисми, 12.05.1994 йилдаги 250-сон ВМҚга илова):
а) сил ва юқумли касалликлар муассасалари (бўлимлари, хоналари); психиатрия (психоневрология) даволаш-профилактика муассасалари (шу жумладан болаларда); моховхоналар; руҳий касаллар учун интернат-уйлари, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги тизимидаги ақли заиф болалар учун интернат-уйлари («Мурувват» уйлари).
Булар – лавозим номидан қатъи назар шифокорлар;
б) ОИТС билан курашиш бўйича Республика маркази ва унинг минтақавий марказлари, соғлиқни сақлаш муассасаларининг ОИТС билан касалланганлар ва ОИВ-инфекцияланганларни даволаш учун мўлжалланган бўлимлари ва ихтисослаштирилган бўлинмалари; реанимация ва интенсив даволаш бўлимлари (палаталари); патологоанатомия, прозектория бўлимлари ва морглар; ўта хавфли инфекциялар, бактериологик, вирусологик, радиологик ва токсикологик лабораториялар бўлимлари (бўлинмалари).
Булар – лавозим номидан қатъи назар шифокорлар, ўрта тиббий ходимлар.
Муддатидан 10 ёки 5 йил олдин пенсияга чиқиш учун иш стажига ҳам талаблар мавжудлигини таъкидлаш керак. Чунончи, «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 10-моддаси «а» бандига мувофиқ 10 йил олдин пенсияга чиқиш учун иш стажи қуйидагича бўлиши керак:
• эркаклар учун – камида 20 йил, шундан камида 10 йил кўрсатилган ишларда;
• аёллар учун – камида 15 йил, шундан камида 7 йилу 6 ой кўрсатилган ишларда.
5 йил олдин пенсияга чиқиш учун иш стажига иккита турли талаб мавжуд. Шу тариқа, 3-сонли Рўйхатнинг I қисми бўйича (12.05.1994 йилдаги 250-сон ВМҚга илова) иш стажи қуйидагича бўлиши керак:
• эркаклар учун – камида 25 йил, шундан камида 12 йилу 6 ой кўрсатилган ишларда;
• аёллар учун – камида 20 йил, шундан камида 10 йил кўрсатилган ишларда.
Зарарли ва оғир меҳнат шароитларидаги ишларда ишлаган ходимларга (эркаклар камида 6 йилу 3 ой, аёллар – камида 5 йил) пенсиялар ушбу Қонуннинг 7-моддасида назарда тутилган ёшни эркаклар учун бундай ишнинг ҳар 2 йилу 6 ойи учун 1 йилга ва аёллар учун бундай ишнинг ҳар 2 йили учун 1 йилга камайтириш билан тайинланади 3-сонли Рўйхатнинг VIII қисми бўйича (12.05.1994 йилдаги 250-сон ВМҚга илова) махсус иш стажи эркаклар ва аёллар учун бир хил бўлиб, посёлкалар, овуллар ва қишлоқларда камида 25 йил ва шаҳарларда – камида 30 йил бўлиши керак.
Зафаржон Хўжаев, «Норма» эксперти.
Маълумот учун!
2024 йил 1 октябрдан ихтисослаштирилган (руҳий, фтизиатрик ва пульмонологик, педиатрик) ТМЭК томонидан ногиронликни БЕЛГИЛАШ туманлараро ва туман (шаҳар) ТМЭКларига ТОПШИРИЛДИ.