Norma.uz

Стажни имтиёзли ҳисоблаш, фарзандликка олиш, тўлиқ давлат таъминоти ҳақида

 

Аёл 2022 йилда ёшга кўра пенсияга чиқди, ҳозир тахминан бир ярим миллион сўм миқдорида пенсия олади. Унинг фикрича, пенсияси нотўғри ҳисобланган. Аёлнинг умумий иш стажи 24 йилдан ортиқ, шундан 10 йил кутубхоначи бўлиб, 14 йилдан ортиқ – маҳалла қўмитасида аёллар ишлари бўйича фаол сифатида ишлаган. Унинг фарзандлари бор. Пенсияни қайта ҳисоблаш мумкинми?

 

– Шуни ёдда тутиш лозимки, пенсия миқдори нафақат иш стажига, балки пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақига ҳам боғлиқ. Агар иш стажи тўлиқ пенсия ҳуқуқини ва қўшимча стаж учун пенсия ошишини белгиласа, пенсия ҳисоблаш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақи суммаси бевосита унинг миқдорини белгилайди. Бугунги кунда пенсия ҳисоб-китоби иш ҳақи тўғрисидаги маълумотномалар ва иш стажи тўғрисидаги маълумотлар асосида, инсон омилини истисно қиладиган «Пенсия» автоматлаштирилган дастурий тизимига киритиш орқали амалга оширилади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, агар сиз пенсия миқдоридан норози бўлсангиз, уни қайта кўриб чиқиш талаби билан Пенсия жамғармасининг вилоят ёки республика бўлимига, ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эгасиз.

 

Аёллар 53 ёшда пенсияга чиқишлари мумкинми?

 

– Аёллар, агар технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги муносабати билан ишсиз деб эътироф этилган бўлсалар, 53 ёшда муддатидан олдин пенсияга чиқишлари мумкин. Улар 53 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 20 йил бўлганда пенсия олиш ҳуқуқига эга.

Эркаклар – 58 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 25 йил бўлганда шундай ҳуқуққа эга бўладилар (3.09.1993 йилдаги «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги 938-XII-сон Қонун 14-м., кейинги ўринларда – Қонун).

Бунда шуни ҳисобга олиш лозимки, яқинда киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга мувофиқ, муддатидан олдин ёшга доир пенсия тайинланган шахс ишга кирганидан кейин тайинланган пенсия тўлови тўхтатиб қўйилади (29.10.2024 йилдаги 714-сон ВМҚга 1-илова).

 

Синглим вафот этди. Унинг 12 ва 6 ёшли қизчалари қолди. Мен уларни фарзандликка олмоқчиман. Қайси органларга мурожаат қилишим ва қандай ҳужжатларни тўплашим керак?

 

– Фарзандликка олишни хоҳловчи шахслар яшаш жойидаги халқ таълими бўлимига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:

• фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи, никоҳда қачондан бери турганлиги, эр-хотиннинг бирга ёки алоҳида яшаши, агар фарзандлари бўлса уларнинг сони ва ёши, фарзандликка олинадиган боланинг ёши ва жинси кўрсатилган ариза;

• шахсини тасдиқловчи ҳужжат;

• иш жойидан иш ҳақи кўрсатилган маълумотнома;

• иш жойи ёки яшаш жойидан тавсифнома;

• фарзандликка олувчи бўлишни хоҳловчи шахснинг соғлиғи тўғрисида врачлик-маслаҳат комиссиясининг хулосаси, психиатрия ва наркология муассасалари, тери-таносил касалликлари диспансерларининг маълумотномалари.

Фарзандликка олувчилар бўлиш имконияти тўғрисида хулоса тайёрлаш учун халқ таълими бўлими болани фарзандликка олишни хоҳлаган шахсларнинг турмуш шароитларини ўрганиш натижалари бўйича далолатнома тузади.

Ушбу ҳужжатлар асосида халқ таълими бўлими ариза берилган кундан бошлаб 30 иш куни мобайнида уларнинг фарзандликка олувчи бўлиши имконияти тўғрисидаги хулосани тайёрлайди. У ариза берувчиларга берилади ва фарзандликка олишга номзодлар сифатида ҳисобга қўйиш учун асос бўлади (12.04.1999 йилдаги 171-сон ВМҚга 3-илова 8-б.).

 

Қизимга 18 ёшида болаликдан II гуруҳ ногиронлиги (онкология) берилди. Мен болаликдан ногирон боланинг онаси сифатида имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқига эгаманми?

 

– Афсуски, йўқ.

Чунки Қонуннинг 12-моддаси «з» бандига кўра, болаликдан ногирон фарзандларни 8 ёшгача тарбиялаган оналар – иш стажи камида 20 йил бўлган тақдирда умумий белгиланган ёшни 5 йилга камайтириб, имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқига эга.

Ушбу моддада иккита асосий талаб мавжуд. Биринчиси, сизнинг ҳолатингизда болаликдан ногиронлик 18 ёшда белгиланганлигини ҳисобга олиб, асосий талаб ногиронлик 8 ёшгача белгиланган бўлиши керак.

Иккинчиси, камида 20 йиллик иш стажи талаб этилади.

 

Бева аёл ШЖБПҲни қандай олиши мумкин? Тўлиқ ҳажмда тўланадими?

 

– Фуқаро вафот этган тақдирда шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағида тўпланган маблағлар қонунчиликда белгиланган тартибда мерос қилинади ва меросхўрга бир йўла тўлиқ ҳажмда тўланади (2.12.2004 йилдаги «Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида»ги 702-II-сон Қонун 17-м.).

 

Тошкентдаги Экскаватор заводига қарашли 1-сон Болалар комбинатида, ҳамда «Салом» чойхонасида иш стажи ва иш ҳақини тасдиқлаш бўйича ЎзАрхивга сўров юбордим. У вақтда Ошхоналар трести бор эди. 1990 йил учун маълумотлар уларда йўқлиги тўғрисида жавоб олдим. Маълумотларни қаердан қидириш керак? Яна қаерга мурожаат қилиш мумкин?

 

– 2021 йил 1 июндан бошлаб, электрон иш ҳақи ва иш стажи базаси юритилмаган 2005 йилгача бўлган давр учун пенсия тайинлашда иш стажи, тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилмасдан, меҳнат дафтарчасида мавжуд иш стажи тўғрисидаги ёзувлар асосида ҳисобланадиган тартиб ўрнатилган (3.02.2021 йилдаги ПФ-6155-сон, 10-б.).

 

Менда узилишлар билан 15 йиллик иш стажи бор. Ҳозирда мен II гуруҳ ногирони бўлган эримга қарайман ва 5 йилдан бери менда иш стажи йўқ. Декабрда 55 ёшга тўламан. Бу йил пенсияга чиқишим мумкинми?

 

– Ҳа, мумкин. Қонуннинг 8-моддасига мувофиқ пенсия тайинлаш учун етарли иш стажига эга бўлмаган шахсларга (7-модда – аёллар учун 20 йил) ёшга доир пенсиялар мавжуд стажга мутаносиб равишда (29-модда), ушбу Қонун 37-моддаси 1-қисмининг «а»–«г» ва «к» бандларида назарда тутилган камида 7 йиллик иш стажи мавжуд бўлган тақдирда тайинланади.

 

Иш стажи каттароқ миқдорда ҳисобланадиган ҳолатлар борми?

 

– Ҳа, бор. Баъзи ходимларнинг стажини имтиёзли ҳисоблаш Қонуннинг 38-моддаси билан тартибга солинади. Уларга қуйидагилар киради:

а) ҳаракатдаги армия таркибига кирувчи ҳарбий қисмлар, штабларда ва муассасалардаги, жанговар ҳаракатлар даврида партизан отрядлари ва қўшилмаларидаги хизмат ва эркин ёлланганлар таркибидаги иш, байналмилал бурчни бажаришда жанговар ҳаракатларда иштирок этиш – уч ҳисса бараварида;

б) 1941–1945 йиллардаги уруши даврида мамлакат ичкарисида ишлаш, шу жумладан ҳарбий қисмлардаги эркин ёлланганлар таркибидаги иш ва ушбу банднинг «а» кичик бандида назарда тутилган хизматдан ташқари ҳарбий хизмат – икки ҳисса бараварида;

в) Қонуннинг 10-моддаси «а» ва «б бандлари ҳамда 11-моддаси «а» бандига мувофиқ имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқини берадиган ишда эркакларда 10 йилдан ортиқ ва аёлларда 7 йилу 6 ойдан ортиқ ишланган ҳар бир тўлиқ йил – икки ҳисса бараварида;

г) моховхоналарда, вабога қарши муассасаларда, иммунитет танқислиги вируси билан зарарланган шахслар даволанаётган юқумли касалликлар муассасаларида ишлаш – икки ҳисса бараварида;

д) патологоанатомия муассасалари ва суд-тиббий экспертиза муассасаларининг тиббий ходимларидан айрим тоифаларининг иши Низомга (13.10.2022 йилдаги 592-сон ВМҚ билан тасдиқланган) 3-иловага мувофиқ – бир ярим ҳисса бараварида;

е) асоссиз равишда жиноий жавобгарликка тортилган, асоссиз равишда қатағон қилинган ва кейинчалик оқланган фуқароларнинг қамоқда бўлиш ва ҳибсда сақлаш жойларида турган вақти – бир ярим ҳисса бараварида.

Ушбу моддада назарда тутилган иш стажини имтиёзли ҳисоблаш тартиби Қонун бўйича тайинланадиган барча турдаги пенсиялар учун қўлланилади.

Бундан ташқари, учувчилар ва синовчи-учувчилар таркибидаги ходимларнинг меҳнат фаолияти даври ҳам имтиёзли тартибда ҳисобланади.

Масалан, самолётларда учишларнинг ҳар 20 соати 1 ойлик хизмат муддатига тенг.

Вертолётларда; махсус қўлланиладиган авиациядаги (санитария парвозлари, авиакимё ишлари, аэрофото­съёмкалар ва ҳ.к.); чет эл ҳаво кемаларини кузатиб борувчи гуруҳ таркибидаги лавозимларда (бошловчи сифатида); командирлик-учувчи ва инструкторлик таркибидаги лавозимларда, шу жумладан авиациянинг учувчилар тайёрлаш ва ходимларнинг малакасини ошириш олий ва ўрта таълим муассасаларида учишларнинг ҳар 12 соати 1 ойлик хизмат муддатига ҳисобланади.

Авария-қутқарув (қидирув-қутқарув) ҳаво кемалари экипажи таркибида 1 йил ишлаш 1,5 йилга ҳисобланади. Ушбу ҳисоб-китоблар «Ватанпарвар» ўқув ва спорт авиацияси ташкилотларининг учувчилар таркибидаги лавозимларда ҳам амал қилади, агар улар тайёргарликнинг ўқув-учиш режасини бажарсалар – бир ярим йилга, мураккаб ёки олий пилотаж элементларини бажарганда эса – икки йилга ҳисобланади.

Бу фақат бир нечта мисоллар. Хизмат муддатини имтиёзли ҳисоблашнинг тўлиқ рўйхати Низомга (13.10.2022 йилдаги 592-сон ВМҚ билан тасдиқланган) 4-иловада белгиланган.

 

Қачон инсон тўлиқ давлат таъминотида деб ҳисобланади?

 

– Тўлиқ давлат таъминоти бепул уй-жой, овқат, махсус уст-бош ва кийим-кечак билан таъминланадиган шароитни ўз ичига олади. Кўрсатилган шартлардан ҳатто биттаси мавжуд бўлмаса, шахс тўлиқ давлат таъминотидаги шахс ҳисобланмайди (13.10.2022 йилдаги 592-сон ВМҚ билан тасдиқланган Низомга 13-илова).

 

Зафаржон Хўжаев,

«Норма» эксперти.

 

Маълумот учун!

«Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимидаги тиббий-ижтимоий муассасаларда ШАРТНОМА АСОСИДА пуллик хизматлар кўрсатиш ТАРТИБИ жорий этилди.

 

Маълумот учун!

Умумий касаллик ОҚИБАТИДА иш пайтида ёки уни тугатгандан кейин 20 ёшга тўлгунга қадар ногирон бўлиб қолганларга пенсиялар иш стажидан қатъи назар ТАЙИНЛАНАДИ.

Прочитано: 178 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2025 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика