Президентнинг 26.09.2024 йилдаги ПФ-149-сон Фармони билан экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларида бошқарув тизимининг шаффофлигини таъминлаш ва янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар мажмуи қабул қилинди. Фуқароларнинг қулай атроф-муҳит, унинг ҳолати тўғрисида ишончли маълумот олиш ҳуқуқларини амалга оширишнинг мақбул механизмларини яратишга эътибор қаратилмоқда. Очиқликни таъминлаш, жамоатчилик ролини ошириш бўйича чоралар белгиланган.
2026 йил 1 январдан бошлаб қуйидагилар назарда тутилган:
• Чиқиндилар билан боғлиқ хизматларни тадбиркорларга бериш юзасидан ўтказиладиган тендер жараёнини онлайн кузатиш имкониятини яратиш.
• Санитар тозалаш корхоналари томонидан чиқинди тўплаш шохобчаларида видеокузатув камераларини ўрнатиш ва шохобчалар фаолиятини аҳоли томонидан кузатиш имкониятини яратиш.
• Чиқиндиларни ташиш билан шуғулланувчи барча махсус техникаларга санитар тозалаш корхоналари маблағлари ҳисобидан онлайн кузатув (GPS) тизими ўрнатилади.
• Санитар тозалаш корхоналари тўғрисида тўлиқ маълумот бериш, кўрсатилаётган хизматлар сифати ва кўлами бўйича шикоятларни қабул қилиш ҳамда санитар тозалаш корхоналари билан қайта алоқа учун Call-марказ фаолиятини йўлга қўйиш.
• Санитар тозалаш корхоналари хизмат кўрсатувчи ҳудудларнинг географик чегараси ҳамда аҳоли ва юридик шахсларга бириктирилган чиқиндиларни йиғиш майдончалари (контейнер) жойлашуви тўғрисида аниқ маълумотлар бериш.
• Абонентларни чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш жадваллари билан таништириш.
Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигини ташкил этиш кўзда тутилган. У Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш республика маркази базасида фаолият юритади.