Norma.uz
Норма маслахатчи / 2025 йил / № 05 / Биз яшайдиган уй

«Кўп квартирали уйнинг ертўласидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори

 

Республиканинг барча ҳудудларида тадбиркорликни ривожлантириш, кўп квартирали уйларнинг ертўла қисмларидан фойдаланган ҳолда, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун кенг имкониятлар яратиш ҳамда ушбу жараённи янада тартибга солиш, мавжуд кўп квартирали уйларнинг ертўла қисмлари ҳисобини юритиш, кўп квартирали уйларнинг бошқарув органлари томонидан уйларнинг ертўла қисмларини ижарага беришда тўланадиган мажбурий бадал ва тўловларни амалга ошириш жараёни шаффоф бўлишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 15 октябрдаги 648-сон қарори билан тасдиқланган Кўп квартирали уйнинг ертўласидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимча киритилсин:

кўп квартирали уйларнинг ертўлалари жисмоний ва юридик шахсларга фойдаланишга берилганда, ижара учун тўловлар ҳисобини «Менинг уйим» биллинг тизимида юритиш;

кўп квартирали уйнинг ертўласини ижарага беришда кўп квартирали уйдаги умумий мол-мулкка бўлган ҳуқуқларни ушбу жойлар мулкдорларининг номига давлат рўйхатидан ўтказиш.

2. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги:

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги билан биргаликда «UZCAD» ва «Менинг уйим» тизимларини интеграция қилган ҳолда, кўп квартирали уйлардаги жойлар мулкдорларининг номига давлат рўйхатидан ўтказилган умумий мол-мулк ва ҳар бир кўп квартирали уй жойлашган ва унга туташ ер участкалари ҳақидаги;

Солиқ қўмитаси билан биргаликда Солиқ қўмитасининг тегишли электрон тизимини «Менинг уйим» биллинг тизимига интеграция қилиш орқали бошқариш органларининг умумий мол-мулкдан фойдаланувчилари билан ижарага ёки текин фойдаланишга бериш тўғрисида тузилган шартномалар бўйича маълумотлар алмашинувини йўлга қўйсин.

Бунда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги 2025 йил якунига қадар кўп квартирали уйларнинг умумий мол-мулк ва ертўла ҳақидаги электрон маълумотлар базасини шакллантирсин ва «Менинг уйим» биллинг тизимига киритилишини таъминласин.

3. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Ж.Раматов ва қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Ш.С.Хидоятов зиммасига юклансин. 

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири

А.АРИПОВ.

Тошкент ш.,

2025 йил 17 январь

17-сон.

ЎзР ВМнинг 2025 йил 17 январдаги 17-сон қарорига
ИЛОВА

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 15 октябрдаги 648-сон қарори билан тасдиқланган кўп квартирали уйнинг ертўласидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар

1. 3-банд қуйидаги мазмундаги иккинчи ва учинчи хатбошилар билан тўлдирилсин:

«Бунда фойдаланишга берилаётган умумий мол-мулкка бўлган ҳуқуқлар ушбу жойлар мулкдорларининг номига давлат рўйхатидан ўтказилган бўлиши шарт.

Кўп квартирали уйларни бошқариш органи ертўладан фойдаланувчи билан тузилган ижарага ёки текин фойдаланишга бериш тўғрисидаги шартномаларни солиқ хизмати органларининг электрон тизимларида ҳисобга қўйилишини таъминлайди».

2. 9-банд қуйидаги мазмундаги иккинчи ва учинчи хатбошилар билан тўлдирилсин:

«Ертўладан фойдаланганлик учун тўлаб бериладиган ижара тўловларининг алоҳида ҳисоби «Менинг уйим» биллинг тизимида юритилиб, ижара тўловлари ушбу тизим орқали ёки қонунчиликда тақиқланмаган бошқа тартибда амалга оширилиши мумкин.

Кўп квартирали уйларни бошқариш органи жисмоний ва юридик шахсларнинг ертўлани фойдаланишга олиш учун ёзма мурожаати, умумий йиғилиш баёни, фаолият тури, ижарага олинган майдон ҳамда ертўладан фойдаланганлик учун тўланадиган ижара тўловлари тўғрисидаги маълумотларни «Менинг уйим» биллинг тизимига киритади».

3. 18-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«18. Кўп квартирали уйларнинг ертўла қисмида реконструкция ишларини амалга ошириш, таянч ва таянч бўлмаган деворларни бузиш, кавлаш, муҳандислик коммуникацияларининг схемаси бузилишига олиб келадиган ҳар қандай ўзгартиришларни амалга ошириш қатъиян тақиқланади, мазкур банднинг иккинчи ва учинчи хатбошиларда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Шаҳарсозлик нормалари ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига зид бўлмаган енгил материаллардан фойдаланиб, муҳандислик тармоқларига хизмат кўрсатиш имкониятини чеклаб қўймасдан, ертўла ички қисмида ораёпма деворларни фақат белгиланган тартибда келишилган лойиҳа ҳужжатлари асосида ўрнатишга йўл қўйилади;

Кўп квартирали уйларнинг ертўла қисмининг жисмоний эскириши туфайли юзага келган йўқотишлар ўрнини тўлдириш учун таъмирлаш ишлари бажарилиши мумкин;

Кўп квартирали уйни бошқариш органи, туман (шаҳар) қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлими ҳамда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси ертўладан фойдаланиш учун қўйиладиган талаблар устидан назоратни амалга оширади».

 

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 18.01.2025 йилдан кучга кирди.

Прочитано: 62 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2025 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика