Академик таътилда бўлган давр стажга қўшиладими?
– Йўқ, ўқиш даврида академик таътилда бўлган вақт, шунингдек тайёрлов курсларида ўқиш даври иш стажига қўшилмайди (Низом 72-б., 592-сон ВМҚ).
***
Амаким унвон учун қўшимча тўловлар оларди. Боқувчисини йўқотганлик бўйича пенсияни аниқлашда бу сумма киритиладими?
– 592-сон ВМҚ билан тасдиқланган Низомнинг 104-бандига мувофиқ фахрий унвон учун тўлов фахрий унвон эгасининг вафоти муносабати билан унинг оила аъзолари учун тайинланадиган боқувчисини йўқотганлик пенсияси миқдорини ҳисоблашда инобатга олинмайди.
Лекин, агар ҳарбий унвон учун тўловлар ҳақида гап кетаётган бўлса, бу тўловлар пенсия миқдорини ҳисоблаш учун иш ҳақи таркибига киритилиши керак, чунки улар ҳарбий хизматчиларнинг пул таъминоти таркибига киради.
***
Пенсионер бошқа мамлакатга ДЯЖга кетган эди. Ҳозир у Ўзбекистонга қайтиб келди. Унга аввалги пенсияси тиклаб бериладими?
– Бошқа давлатдан келган шахснинг, шу жумладан илгари Ўзбекистон Республикасидан доимий яшаш учун чиқиб кетган шахснинг пенсия ҳужжатлари йиғмажилдини ҳисобга қабул қилиб олишда, унинг бошқа давлатда пенсия олганлигидан қатъи назар, пенсия миқдори ҳисобга қабул қилиш тўғрисида мурожаат қилинган вақтда амалда бўлган қонунчилик талабларига мувофиқ ҳисобланади (Низом 106-б., 592-сон ВМҚ). Пенсия жамғармаси бўлимига мурожаат қилинган кундан бошлаб пенсия ҳисобланади ва тўланади.
***
Болалар неча ёшгача боқувчисини йўқотганлик пенсиясини оладилар?
– Таълим ташкилотининг ўқувчиси ва (ёки) талабаси ҳисобланган оиланинг меҳнатга лаёқатсиз аъзоси боқувчисини йўқотганлик пенсиясини ўқишнинг бутун даври давомида, бироқ 23 ёшга тўлгунига қадар олиш ҳуқуқига эга (Низом 112-б., 592-сон ВМҚ).