Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги жорий йилнинг 1 декабридан камбағал оилалар реестрини шакллантиришни бошлади. Рўйхат «маҳалла еттилиги» томонидан камбағал оилаларнинг ижтимоий шароитлари ва камбағалликка тушиб қолиш сабабларини ўрганиш натижалари бўйича тузилади.
Ушбу чора-тадбирлар Президентнинг «Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги чора-тадбирларни янги босқичга олиб чиқиш тўғрисида»ги Фармонида белгиланган.
Ҳужжатда айтилишича, 2025 йил 1 январдан бошлаб кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа ва моддий ёрдам олаётган оилаларнинг расмий банд бўлмаган аъзолари ишга жойлашганда, ўзини ўзи банд қилганда ёки тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйганда ушбу нафақа ва моддий ёрдамни уларнинг муддати тугагунга қадар, бироқ 6 ойдан кўп бўлмаган муддатга тўлаш давом эттирилади.
Бундан ташқари, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,5 бараваридан кам бўлмаган ойлик иш ҳақи тўланган ҳолда ишга жойлашган Камбағал оилалар реестрига киритилган оила аъзоси учун ижтимоий солиқ уч йил давомида 1% ставкада тўланади.
Камбағал оилаларга кўмак чоралари ижтимоий шартнома асосида меҳнатга лаёқатли оила аъзоларининг бандлигини таъминлаш, ўз томорқасидан самарали фойдаланиш (экин экиш), оила аъзолари, шу жумладан, фарзандларининг билим олиши, касб-ҳунар ва хорижий тилларни ўрганиши ҳамда соғлиғини назоратга олиши, уй-жойини озода тутиши каби шартлар инобатга олинган ҳолда кўрсатилади.
Манба: АН Podrobno.uz.