Norma.uz
СБХ / 2025 йил / № 01 / Бухгалтерга ёрдам

МҲХС бўйича молиявий ҳисоботни тузиш учун трансформацион моделни қандай тайёрлаш керак

 

МҲХС бўйича молиявий ҳисоботни қуйидаги йўллар билан тузиш мумкин:

МҲХС асосида барча операцияларни тўлиқ юритиш

ёки

 

БҲМС бўйича тузилган ҳисоботни МҲХС бўйича молиявий ҳисоботга трансформация қилиш.

Бунинг учун MS Excel дан фойдаланиш қулай. Агар бирламчи маълумотлар ва ўзгаришлар жуда кўп бўлса, трансформацияни махсус дастурий маҳсулотлар ёрдамида ўтказган маъқул.

 

Трансформация жараёни нимадан иборат

Трансформациянинг асосий босқичлари:

БҲМС ва МҲХС бўйича ҳисоб сиёсатларининг қиёсий таҳлили;

БҲМС ва МҲХС бўйича ҳисобот элементларининг таснифи ва баҳоланишидаги номувофиқликларни аниқлаш мақсадида ҳисоб маълумотларини моддама-модда таҳлил қилиш, тузатишлар ҳажмини аниқлаш;

тузатиш учун зарур бўлган маълумотнома ва бошқа ишчи маълумотларни йиғиш;

трансформацион модель формати ва трансформация регламентини тайёрлаш;

ҳисоб маълумотларининг бир массивини (сальдо, айланмалар) бошқаларига тузатишлар ёрдамида «кўчириш». Хусусан:

реклассификацион тузатишларни ҳисоблаш ва ўтказиш, яъни БҲМСда тан олинган айрим активлар, мажбуриятлар ёки капитал компонентларини МҲХСга мувофиқ активлар, мажбуриятлар ёки капитал компонентларининг бошқа турларига ўтказиш;

– активлар ва мажбуриятлар баҳосини ўзгартириш бўйича трансформацион тузатишларни ҳисоблаш ва ўтказиш;

МҲХС бўйича ҳисобот шаклларини шакллантириш;

МҲХС бўйича изоҳларни шакллантириш.

 

Тўғри трансформация учун БҲМС ва МҲХСни билиш зарур. МҲХСга ўтиш санасидаги кириш маълумотлари МҲХС (IFRS)1 «МҲХСни биринчи қўллаш» талабларига мувофиқлаштирилиши керак.

 

Трансформацион моделни тузишда нималарни ҳисобга олиш керак

Трансформацион модель бирон-бир стандартлар билан тартибга солинмаган. У ҳар бир муайян ташкилотнинг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилади. Эҳтиёжлар трансформация қилиниши керак бўлган молиявий ҳисобот моддаларининг хилма-хиллигига боғлиқ. Трансформацион модель нафақат тузувчилар, балки бошқа фойдаланувчилар учун ҳам қулай ва тушунарли бўлиши керак.

Амалиёт трансформацион моделда қуйидаги жиҳатларни ҳисобга олиш мақсадга мувофиқлигини кўрсатади:

жадваллар билан ишлашда хатоларнинг олдини олиш учун уларнинг ишлаш тамойилини йўриқномада баён қилинг ва уни раҳбариятга тасдиқлатинг;

трансформацион моделнинг биринчи варағида барча варақлар (жадваллар) мазмунини – ҳам маълумотнома, ҳам бевосита трансформацион жадвалларни керакли жадвалларга тез ўтиш учун ҳаволалар билан жойлаштиринг. Маълумотнома жадвалларида баҳолаш учун фойдаланиладиган валюта курслари, инфляция индекслари ва бошқалар бўлиши мумкин;

трансформацион жадвални маълумотлар ҳажми ва ўзгаришларга қараб ягона ёки ҳар бир бўлим бўйича алоҳида тузиш мумкин. Масалан, асосий воситалар бўйича алоҳида жадвал тузиш мумкин. Катта ҳажмли мураккаб жадвалларда хатолар ва ишдаги узилишлар хавфи юқорироқ;

жадвалларнинг барча сатр ва устунларини уларга ҳавола қилиш қулай бўлиши учун қайд этинг (рақамланг). Бу яна шунинг учун ҳам муҳимки, трансформация жараёнида жадвалга қўшимча сатр ва устунлар киритилади, бу эса хато қилиш хавфини сезиларли даражада оширади;

маълумотлар ҳажми катта бўлганда ҳисобнинг турли бўлимлари учун алоҳида файллар яратинг. Бу трансформация ишини бир вақтнинг ўзида бир нечта мутахассис томонидан бажарилишига имкон беради. Кейин энг малакали мутахассислар маълумотларни бирлаштиради ва ҳисоботни шакллантиради, шунингдек уни текширади;

хатоларни минималлаштириш учун керакли жойларда якунлар формулаларини, трансформацион моделнинг бошқа варақлари билан ўзаро боғлиқликни ёзиб қўйинг, шунингдек формулаларда керакли назорат шартларини назарда тутинг. Масалан:

– дебет бўйича сумма кредит бўйича суммага тенг;

– якунлар оралиқ якунлар йиғиндисига тенг, улар эса ўз навбатида моддалар бўйича маълумотларга тенг;

– активлар мажбуриятлар ва капитал йиғиндисига тенг;

– ўтган давр охиридаги МҲХС бўйича тақсимланмаган фойда қолдиғи жорий давр бошидаги тақсимланмаган фойда қолдиғига тенг;

агар ташкилот консолидациялашган ҳисобот тузаётган бўлса, барча ташкилотлар бўйича умумий трансформацион жадвалларни битта жадвалга бирлаштиринг.  Унда консолидация бўйича ўтказмаларни акс эттиринг.

Трансформация асосида биринчи навбатда Молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисобот (МҲҲ) ва Фойда, зарарлар ва бошқа жами даромад тўғрисидаги ҳисобот (ФЗҲ ва БЖДҲ) шакллантирилади. Бошқа жами даромадлар тўғрисидаги ҳисобот алоҳида шакллантирилиши мумкин.

Трансформацион моделга қуйидагилар киритилиши мумкин:

ишчи жадваллар;

ҳисобнинг алоҳида бўлимлари бўйича трансформацион жадваллар;

умумий трансформацион жадвал;

трансформацион ўтказмалар журналлари (реестрлари).

Ишчи (ҳисоб-китоб) жадвалларида ҳисоб объектлари ва операциялар бўйича қўшимча умумий маълумотларни акс эттиринг, уларни гуруҳланг ва таҳлил қилинг, тузатишлар суммасини ҳисобланг. Одатда қуйидаги ишчи жадваллар тузилади:

асосий воситалар ва номоддий активлар ҳаракати;

инвестициялар ва молиявий қўйилмалар;

товар-моддий захираларни ҳисобга олиш;

дебитор ва кредитор қарзлар;

пул маблағлари ва уларнинг эквивалентлари ҳаракати;

устав (акциядорлик) капитали;

кечиктирилган солиқларни ҳисоблаш;

даромадлар ва харажатларни таҳлил қилиш ва б.

Жадваллар сони ташкилот операцияларининг хилма-хиллиги ва изоҳларда очиладиган маълумотлар ҳажмига боғлиқ.

 

МИСОЛ. Ишчи жадвал. Асосий воситаларни ҳаққоний қийматгача қайта баҳолаш бўйича тузатишни ҳисоблаш

МҲХС «Асосий воситалар» ҳисоби (рақам ихтиёрий берилган)

МҲХС кўрсаткичи

Тузатишгача сумма (реклассификациядан кейин)

МҲХС бўйича сумма (ҳаққоний қиймат)

Тузатиш суммаси

0120

Бинолар. Бошланғич қиймат

10 000

18 000

8 000

0220

Бинолар. Жамғарилган амортизация

(3 200)

(3 400)

(200)

0130

Машина ва ускуналар. Бошланғич қиймат

4 000

7 000

3 000

0230

Машина ва ускуналар. Жамғарилган амортизация

(1 045)

(1 100)

(55)

2010

Давр учун амортизация харажатлари

500

955

455

8710

Тақсимланмаган фойда ва бошқа захиралар

 

 

(11 200)

Тузатишнинг якуний суммаси

0

 

Ишчи жадваллар асосида трансформацион ўтказмалар журналида (реестрида) ўтказмаларни шакллантиринг. Ҳар бир ўтказмани рақамланг, унинг тавсифини, счётлар дебети ва кредитини, суммасини келтиринг, унинг кечиктирилган солиққа таъсирини кўрсатинг.

Мураккаб операциялар, шунингдек турлича талқин қилиниши мумкин бўлган операциялар бўйича аниқ стандартларнинг қоидаларига ҳаволалар беринг, тузатувчи ўтказмалардаги сумма ва корреспонденцияларнинг ҳисоб-китобини асосланг.

Ҳисобнинг алоҳида бўлимлари бўйича тегишли ишчи жадвал ва трансформацион ўтказмалар журналига тегишли бўлган алоҳида (хусусий) трансформацион жадвалларни шакллантиринг. Алоҳида трансформацион жадваллардан бўлим бўйича умумий ўтказма орқали маълумотларни умумий трансформацион жадвалга кўчиринг.

 

МИСОЛ. Алоҳида трансформацион жадвал. «Асосий воситалар» бўлими бўйича парча

Кўрсаткич

БҲМС

Трансформацион тузатишлар

МҲХС

Бошланғич қиймат

55 400

28 000

83 400

Амортизация

(5 900)

(10 500)

(16 400)

Қолдиқ қиймат

49 500

17 500

67 000

 

МИСОЛ. Алоҳида жадвал. 39-сон МҲХС (IAS)га мувофиқ молиявий инструментларни қайта таснифлаш бўйича парча

Молиявий ҳисобот счёти

БҲМС

Трансформацион тузатишлар

МҲХС

«Пул маблағлари» счёти дебети

100 000

--

100 000

«Олинган қарз» счёти кредити

100 000

(100 000)

--

«Молиявий мажбурият» счёти кредити

--

100 000

100 000

 

БҲМС ва МҲХС бўйича баҳолашда фарқ бўлганда, тузатишни қуйидаги кетма-кетликда бажаринг: аввал БҲМС бўйича қийматни «ҳисобдан чиқаринг», кейин МҲХС бўйича қийматни тан олинг. Бундай ҳолда иккала тузатиш суммаларининг манбалари тушунарли. Агар қийматлар фарқига тузатиш киритилса, вақт ўтгач бу қандай сумма эканлигини эслаш ва тушуниш қийин бўлади.

 

Трансформацион жадвалнинг тузилиши

БҲМС бўйича маълумотларни айланма-сальдо қайдномасини (АСҚ) асос қилиб олиб, моддама-модда таҳлил қилган маъқул. Шунинг учун трансформацион жадвалнинг биринчи устунида АСҚнинг барча моддаларини жойлаштиринг.

Моддама-модда таҳлил қанчалик батафсил бўлса, якуний натижа шунчалик сифатли ва тўғри бўлади. Ташкилот учун оптимал бўлган моддаларнинг батафсиллик даражасини қуйидагилардан келиб чиқиб, тажриба йўли билан аниқланг:

модданинг аҳамиятлилиги;

модда бўйича операцияларнинг мавжудлиги ёки йўқлиги;

операцияларнинг турлари;

маълумотларни очиб бериш талаблари ва ҳ.к.

Агар қандайдир моддалар бўйича трансформацион моделнинг алоҳида варағида алоҳида ишчи жадвал тузаётган ёки улар бўйича маълумотнома йиғаётган бўлсангиз, алоҳида устунда варақ кодини ва (ёки) бошқа варақлардаги керакли маълумотлар кодини кўрсатинг. Бу умумий трансформацион жадвалдаги суммаларни тушунтирувчи ҳисоб-китобларни тез очиш учун зарур.

Тузатишларни ва МҲХС бўйича янги маълумотларни тушунтирувчи изоҳлар жадвалидаги кодларни кўрсатиш учун устунни албатта ажратинг.

Кейинги устунда БҲМС бўйича маълумотларни акс эттиринг.

Кейин тузатишлар учун устунлар бўлади, уларнинг охирига тузатишлар бўйича якуний суммалар учун устун қўшинг.

Тузатишлардан кейин МҲХС бўйича маълумотларни акс эттира оласиз.

Шунингдек, МҲХС бўйича молиявий ҳисоботдаги сатр коди билан устун фойдали бўлади. Ҳисобот ва изоҳлар кодларига ҳаволалар сизга трансформация якунида МҲХС бўйича ҳисоботни автоматик равишда шакллантириш имконини беради.

 

Имкон қадар трансформация жараёни самарадорлигини ошириш ва харажатларни камайтириш учун БҲМС счётлар режаси ва унинг таҳлилини МҲХС эҳтиёжларига максимал даражада яқинлаштиришга ҳаракат қилинг.

 

Трансформация натижасида сизда МҲХСга мувофиқ янги моддалар пайдо бўлади. Уларни жадвалнинг тегишли бўлимларига киритинг. Масалан, агар сизда ижарага бериладиган асосий воситалар бўлса, МҲХС бўйича уларни АВнинг жами қийматидан ажратиб, инвестицион кўчмас мулк сифатида алоҳида сатрда кўрсатишингиз керак.

Тузатишлар киритиш – бу бухгалтерия ўтказмалари, яъни тузатиш суммаси дебет ва кредитда акс эттирилади. Шунинг учун тузатишларнинг ҳар бир устунини иккига – дебет ва кредит учун бўлиш мумкин. Шу билан бирга бу жадвал ҳажмини оширади, шунинг учун амалиётда кўпинча битта устундан фойдаланилади, кредит айланмалари қавсда (ёки минус билан), дебет айланмалари эса қавссиз (ёки минуссиз) акс эттирилади.

Давр бошига сальдо ҳам, давр учун айланмалар ҳам трансформация қилинади. Янги сальдо Молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботда, янги айланмалар эса Фойда, зарарлар ва бошқа жами даромадлар тўғрисидаги ҳисоботда акс эттирилади. Барча маълумотлар ўзаро боғлиқлиги, шунинг учун сальдо ва айланмалар трансформациясини битта жадвалда қилиш мумкинлиги тушунарли. Лекин бу жадвалнинг мураккаблашуви ва ҳажмининг ошишига ҳам олиб келади. Шунинг учун сальдо ва айланмалар трансформациясини алоҳида варақларда қилиш мумкин. Танлов ўз қўлингизда!

Трансформациянинг яна бир варианти – МҲҲ, ФЗҲ ва БЖДҲни асос қилиб олиш. Биринчи устунга МҲХС бўйича ҳисоботлар моддаларини аввал МҲҲ, пастроқда ФЗҲ ва БЖДҲни жойлаштиринг.

БҲМС бўйича маълумотларни МҲХС шаклларига тақсимланг, кейин эса ҳисоботнинг тегишли сатрлари бўйича зарур тузатишлар киритинг. Якуний натижада сиз дарҳол МҲХС бўйича тайёр ҳисоботларни оласиз.

Сизда ҳисобот сатрларини батафсиллаштириш зарурати туғилиши мумкин. Бунинг учун ҳисоботнинг тегишли сатри остига оралиқ сатрлар киритинг. Зарур бўлганда ҳисобот сатрида оралиқ сатрлар қийматлари йиғиндиси формуласини назарда тутинг.

 

Молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисобот ва Фойда, зарарлар ва бошқа жами даромадлар тўғрисидаги ҳисоботдан ташқари Пул маблағлари ҳаракати тўғрисидаги ҳисобот, Хусусий капитал ҳаракати тўғрисидаги ҳисобот, Ҳисоботга изоҳларни тайёрлаш керак. Трансформацион моделда тегишли тузатишлар ҳисоботларда ҳам акс этиши учун улар билан ҳам боғлиқликни назарда тутинг.

 

Иброҳим АҲМАДХОНОВ, МҲХС бўйича эксперт,

Наталья МЕМЕТОВА, «Норма» эксперти.

Прочитано: 95 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2025 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика