Norma.uz
Норма маслахатчи / 2024 йил / № 15 / Биз яшайдиган уй

Уй-жой-коммунал хўжалиги соҳасида устуворликлар белгиланди

 

2024 йил 29 январда мамлакат Президенти раислигида уй-жой, қурилиш, коммунал хўжалиги, транспорт ва экология соҳаларида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. УЖКХ соҳасида яқин даврда қандай ўзгаришлар кутилмоқда? 

 

Ўзбошимча ва ноқонуний қурилишлар устидан назорат кучайтирилади

Йиғилишда шаҳарларни режалаштиришдаги камчиликлар кўрсатиб ўтилди. Кўп жойларда бу ўз ҳолига ташлаб қўйилгани оқибатида ижтимоий инфратузилма, хизматлар ва иш ўринлари бирдек ривожланмаяпти. Айрим бинолар пала-партиш, кўчалар қиёфасига номутаносиб қурилаяпти.

Шу муносабат билан давлатимиз раҳбари томонидан ноқонуний қурилган объектларни тартибга олиш бўйича қонунчиликни мустаҳкамлаш, тегишли идоралар иштирокида янги тизим яратиш зарурлиги таъкидланди.

Бу йил 170 та, келаси йили камида 300 та шаҳар ва шаҳарчанинг бош режасини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Бунда «Менинг ҳудудим» платформаси ишга туширилади. Ҳар бир режа аҳоли билан муҳокама қилинади. Унинг ижроси бўйича жамоатчилик назорати ўрнатилади.

 

Аслида, ёнма-ён қурилган бинолар, шу жумладан турар жой микроҳудудларида зич қилиб бинолар қурилиши яшил зоналарнинг йўқ қилинишига, аҳолининг қонун билан кафолатланган, аввалбошдан лойиҳа қарорларига киритилган турмуш тарзи учун қулай муҳитнинг қисқаришига олиб келмоқда. Бу фуқароларнинг ижтимоий норозиликларига сабаб бўлаётир. Мутахассисларнинг фикрича, қурилишлар пойтахт ҳавосининг ифлосланиш сабабларидан бири ҳисобланади.

 

Уй-жой мақбул нархда бўлиши лозим

Давлатимиз раҳбари янги уй-жойлар таннархи масаласига алоҳида тўхталди, қурувчи компанияларни молиявий ресурслар билан таъминлаш имконияти етарлича эмаслиги айтиб ўтилди. Шу муносабат билан Ипотекани қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил қилиниши тўғрисидаги таклиф илгари сурилди. Бу йил 80 минг хонадонли 1 минг 800 та уй-жой ва «Янги Ўзбекистон» массивлари сонини 45 тача етказиш мақсад қилиб олинди.

 

Иссиқлик таъминоти тизимини танлашда табақалаштирилган ёндашув

Аксарият кўп квартирали уйларда энергия сарфи юқори экани қайд этилди. Шу боис уларда энергия тежаш бўйича алоҳида дастур амалга оширилади. Унга мувофиқ, кўп қаватли уйлар жойига қараб марказлашган, локал ёки индивидуал иситиш тизимига, айрим қозонхоналар когенерация технологиясига ўтказилади. Бу орқали 2024 йилнинг ўзида 600 минг гигакалория иссиқлик энергияси ва 2,5 миллиард киловатт электр иқтисод қилиш мумкин.

 

Бешта шаҳарда сув таъминотига хусусий шериклар жалб этилади

Сўнгги йилларда ичимлик суви соҳасига 25 та лойиҳа доирасида халқаро молия ташкилотларидан 2,5 миллиард доллар жалб қилинди. Ўтган йилнинг ўзида барча манбалардан 8 триллион сўм йўналтирилди. Жорий йилда қўшимча 1,5 миллион аҳолини марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш режалаштирилмоқда.

Мутасаддиларга ичимлик суви сифати стандартларини янгилаб, барча иншоотларда жорий этиш, насосларни модернизация қилиб, сув етказиб бериш таннархини камайтириш бўйича топшириқлар берилди. Шунингдек 5 та шаҳарда – Когон, Ширин, Янгиер, Бекобод ва Янгийўл шаҳарларида тажриба тариқасида сув таъминотига хусусий шериклар жалб қилиниши айтилди.

 

ККУдаги ертўлаларни ижара беришнинг янги тартиби белгиланади

Ҳозирда кўп қаватли уйлардаги 2 мингта ертўла тадбиркорларга ижарага берилмасдан, бўш ётибди. Ваҳоланки, бу орқали маҳаллаларда 20 мингта иш ўрни яратиш ва ижарадан йилига 150–200 миллиард сўм қўшимча даромад топиш мумкин, деб айтиб ўтилди йиғилишда. Энди кўп қаватли уйлар ертўласи ва бўш жойларини ижарага беришнинг янги тартиби жорий қилинади. Бу борадаги маълумотлар ҳам рақамлаштирилиб, «Менинг уйим» тизимига боғланади ҳамда аҳоли ва тадбиркорларга очиқ эълон қилинади. Ижара тўловлари ҳам ушбу сервис орқали ҳисоб-китоб қилинади ва аҳоли учун очиқ бўлади.

 

Ушбу масаланинг ижтимоий тармоқларда муҳокама қилиниши кўп квартирали уйларда яшовчиларни: бу ККУдаги турар жой мулкдорларининг ҳуқуқлари бузилишига, мулкдорларнинг умумий мулки ҳисобланган ертўлаларнинг ноқонуний тарзда эгаллаб олинишига олиб келмайдими, дея хавотирга солмоқда. Амалдаги қонун ҳужжатларида ертўлаларнинг тадбиркорларга ижарага берилишига жой мулкдорларининг умумий йиғилиши қарорига асосан йўл қўйилади. Бироқ кўп қаватли уйларда ертўлаларнинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниши ҳолатлари тадбиркорлар томонидан ертўлалар ноқонуний реконструкция қилинаётганлигидан далолат бермоқда. Бу уй ичидаги коммуникациялар ишининг ёмонлашишига олиб келади, уйнинг зилзилабардошлилигига таъсир кўрсатади.

 

Кўплаб БКларнинг фаолияти қониқарсиз бўлмоқда

Йиғилишда 20 мингта кўп қаватли уй аҳолиси бошқарув компанияларининг ишидан норози эканлиги таъкидлаб ўтилди. Ушбу компанияларнинг фаолияти кўп ҳолларда қониқарсизлиги қайд этилди. Давлат раҳбари томонидан мутасаддиларга бошқарув компаниялари фаолиятини соғломлаштириш чораларини кўриш топширилди. Бошқарув компаниялари ва ширкатларнинг қайтарилмаган кредити ва дебитор қарздорлиги билан боғлиқ муаммолар мавжудлиги айтилди.

 

Уйда яшовчиларнинг БК фаолиятидан норозиликлари, умуман олганда, олдиндан маълум эди. Кўп қаватли уйларда яшовчиларни УМШдан БКга ўтказиш жараёни қандай кечганлигини ёдга олишнинг ўзи кифоя. Бу жой мулкдорларининг хоҳишларига қарши, ҳокимиятларнинг тазйиқи остида, белгиланган қонунчиликни бузган ҳолда амалга оширилган эди. Ҳокимиятлар томонидан қўллаб-қувватланадиган янги БКларнинг кўпчилиги кўп квартирали уй-жой фондини бошқаришдан йироқ бўлган, профессионал кўникмаларга ва ушбу соҳада иш тажрибасига эга бўлмаган шахслар томонидан шошилинч ташкил этилган. Бунинг оқибати ўлароқ назорат органлари томонидан ўтказилган текширувларда янги бошқарувчи компаниялар фаолиятида суиистеъмолликлар аниқланмоқда.

 

Коммунал хизматлар учун ягона биллинг ҳисоби ташкил этилади

Уй-жой мулкдорлари ширкатлари ва бошқарув компанияларининг кредитларини ҳамда дебитор қарздорлигини сўндириш билан боғлиқ муаммолар таъкидлаб ўтилди. Давлатимиз раҳбари томонидан электр энергияси, газ, иссиқ ва совуқ сув, чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш, квартира тўлови ва солиқ тўловлари бўйича барча квартиралар учун ягона биллинг тизимини жорий қилиш вақти келгани таъкидлаб ўтилди. Хорижий тажриба ўрганиб чиқилгандан кейин мутахассисларга тегишли таклифларни ишлаб чиқиш топширилди.

 

Мазкур масала батафсил кўриб чиқилиши талаб этилади. Бунда нима назарда тутилади? Республикада коммунал хизматларнинг ягона тўлов тизими бир қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда, хусусан Вазирлар Маҳкамасининг 14.09.2017 йилдаги «Коммунал хизматларнинг ягона биллинг тизимини ташкил этиш тўғрисида»ги 726-сон қарорида назарда тутилганлигига қарамай, ҳанузгача ташкил қилинмаган. Ягона биллинг тизимининг вазифаларидан бири ичимлик сув таъминоти, канализация, иссиқлик, электр ва газ таъминоти хизматларини етказиб берувчиларнинг амалдаги тарифларга мувофиқ истеъмолчиларга ҳисобни бериш ва ҳисобрақамларидаги маблағларни назорат қилиш, ҳисобга ўтказиш ва ҳисобдан чиқаришдир. Биллинг тизимини 2021 йил 1 январга қадар ишга тушириш режалаштирилган эди.

 

Президентнинг «Давлат хизматлари кўрсатиш инфратузилмасини такомиллаштириш ва аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони (24.07.2021 йилдаги ПФ-6269-сон, 15-б.) билан Уй-жой-коммунал хизматлар кўрсатиш вазирлигига (эндиликда Қурилиш ва уй-жой коммунал хизматлар кўрсатиш вазирлиги) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2021 йил 1 декабрга қадар коммунал тармоқлардаги барча рақамлар (газ, электр, иссиқ сув, ичимлик суви, канализация, чиқинди) жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамига ва юридик шахсларнинг солиқ тўловчининг идентификация рақамига боғланишини таъминлаш вазифаси топширилган эди. Бу орқали ҳар бир шахсга «ягона мижоз» тамойили асосида уникал рақамдан фойдаланган ҳолда хизматлар кўрсатилишини йўлга қўйиш амалиётини жорий қилиш режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, бизда коммунал хизматлар учун ягона тўлов амал қилган. Уйда яшовчилар бошқарув органи ҳисобрақамига коммунал тўловларни тўлардилар, ушбу орган эса тўловларни етказиб берувчиларга ўтказарди. Фуқароларга шуниси қулай эди. Бироқ бошқарув органлари раҳбарлари жой мулкдорларининг коммунал хизматлар учун тўловларини суиистеъмол қилишга ҳам бордилар ва тўловлар етказиб берувчиларга тўлиқ ҳажмда етиб бормай қолди. Натижада уйда яшовчиларнинг кўпчилигида коммунал хизматлар учун ноқонуний қарздорлик пайдо бўлди. Ана шундан кейин коммунал хизматлар учун тўловни тўғридан-тўғри етказиб берувчига тўлаш тартиби белгиланди.

Прочитано: 237 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика