Norma.uz
Норма маслахатчи / 2024 йил / № 05 / Биз яшайдиган уй

Барча усуллар мақбул бўлганда...

 

БКда тўлов тўламаслик ҳолатлари билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш учун ички ишлар органлари (собиқ милиция) жалб этилганлигига қараганда, вазият анча жиддийга ўхшайди. Ижтимоий тармоқларда ИИО вакиллари кўп қаватли турар жойларда умумий мол-мулкка кўрсатилган хизматлар учун катта қарзлар тўпланиб қолган қарздорларнинг уйига бориб, уларга қарзларини сўндиришлари зарурлигини ва акс ҳолда қандай оқибатлар юзага келиши мумкинлигини тушунтирмоқдалар деган хабарлар пайдо бўлди. Уйда яшовчиларнинг таъкидлашича, рўй бераётганлар барчаси тўғри ва инсофдан. «Бироқ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ходимларига бундай ваколатлар берилганми?» – дея сўрашади улар.  

 

Тўловлар тўланмаслиги мавзуси доимо қизғин баҳсларга сабаб бўлган. Бу сафар ҳам у ИИБнинг бошқарувчиларга таъсир кўрсатишини иккинчи планга ўтказиб юборди. Асосий жиҳат – тўловлар тўланмаслигига сабаб бошқарув органларининг ҳуқуқий воситалар мавжуд бўлгандаги ҳаракатсизлигида. Ахир улар қарзларни суд тартибида ҳам ундиришлари мумкин. Нима сабабдан бундай қилишмаяпти? Фикр-мулоҳазалар анчагина ва улар тўлов тўланмаслиги сабабларини кўрсатиб бермоқда. Муҳокамаларда иштирок этганларнинг кўпчилиги бир хил фикрда: «Хизматлар учун ҳақ тўланиши керак. Тўловлар тўланмаса – хизматлар ҳам кўрсатилмайди».

 

Эшиклар очилмаяпти, хабарномалар қабул қилинмаяпти

«Тўловни тўламайдиганлар билан курашишда барча усуллар қўл келади ва милиция бизга ёрдам беради», – деб ёзишади фуқаролар. – «Бироқ бу лавозим ваколатларининг ошириб юборилишидир. Ҳар ким ўз иши билан шуғуллангани яхши.» «Агар қарзларни олишнинг бошқа усуллари бўлмаса-чи»? «Квартирама-квартира юришнинг нима кераги бор, қарзларни суд орқали ундирса ҳам бўлади-ку.»

Ҳар доимгидек тўлов тўламайдиганлар норозиликлар чиқишига сабаб бўлмоқдалар: «Ҳеч қандай хизматлар кўрсатилмаса, нима учун тўлаш керак»? Улар таажжубдалар: «Мана уйда яшовчиларга мўрилар қилиб берилди, том ёпилди, иситиш тизими тўғриланди, улар эса барибир тўлов тўлашмаяпти. Уларни нима қилса бўлади? Ҳатто уларга хабарнома ҳам бера олмаймиз. Эшикларини очишмайди, хабарномаларни қабул қилишмайди, почта орқали юборилганда ҳам шундай ҳолат. Улар ўзларини яхши тутмайдилар, урушиб кетадилар, қўлларига эрк берадилар. Квартирама-квартира юриш хавфли бўлиб қолмоқда. Ҳатто ҳисобни солиштириш далолатномасини тузиш учун офисга келишларини сўраганимизда ҳам.»

 

Бошқалар ҳисобидан

«Нима учун тўлов тўламайдиганлар тўловларни тўлайдиган қўшнилари ҳисобига кун кечиришлари керак? Улар туфайли бизда томдан чакка ўтади, ертўлаларда тартибсизлик. БК рисоладагидек ишламайди. Уларни назорат қилиш қийин бўлмоқда. Шу боисдан тўлов тўлаш кераклигини тушунтириш учун милиция жалб этилган

 «Бошқалар ҳисобига кун кечириш адолатдан эмас. Тўлов тўламайдиган жой мулкдорлари ҳам бор, тўламайди вассалом. Улар қўшнилари ортига яширинадилар. БК ишлаяптими ёки йўқми – буни эшитишни ҳам хоҳламайдилар! Агар уйда тўлақонли хизматлар кўрсатилмаса, бу фақат айнан ўшалар туфайли. Қарзларни тўплаб олиб, уларни тўламаслик учун баҳона излашни бошлайдилар. Улардан бошқа ҳамма айбдор

«Нима учун тўлов тўламайдиганлар тўловларни тўлайдиган қўшнилар ҳисобига яшаши керак? Жой мулкдори мол-мулкидан фойдаланиш ҳақини ўзи тўлайди, БКга тўлов тўлаш-тўламаслик бу унинг шахсий иши ва ҳаракатлари учун ўзи жавоб беради.»

Бироқ уйда яшовчиларнинг қарзи бевосита инсофли тўловчиларга ҳам таъсир кўрсатади. Ахир маблағлар етишмаслиги сабабли режадаги ишлар бажарилмай қолмоқда, бадал ёки тўлов миқдори оширилмоқда. Тўлов тўламайдиган кимсаларга барибир, инсофли жой эгаларининг юкламаси яна ошади. Жой мулкдорлари ўз ҳисобидан шахсий мол-мулкни сақлаш учун тўлов тўлайдилар. ККУдаги умумий мол-мулкни сақлаш бўйича харажатларни эса биргаликда амалга оширишлари керак. Улар умумий мол-мулкни сақлаш бўйича харажатларни ҳар ойда тўлаши шарт («Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонуннинг 16-м.).

«Қаерда БК яхши ишласа, ўша ерда тўлов тўланади! Бироқ ҳозир одамлар уйлар мажбурий тартибда БКга ўтказилганлиги учун тўлов тўлашни рад қилмоқдалар, бу қарорни улар учун «тепадагилар» танлаганлар ва уй аҳлига танлов ҳуқуқини қолдирмаганлар. Уйларнинг кўпчилигига етарли маълумотга эга бўлмаган кишилар келишган.»

 

Нима учун судга истар-истамас боришмоқда?

«Норма» газетасининг мавзувий нашрида биз нима сабабдан бошқарув органлари қарзларни суд тартибида ундиришдан фойдаланмаслиги масаласини бир неча марта кўтариб чиққан эдик. Бошқарувчиларнинг фикрига кўра, асосий муаммо бож миқдорининг юқорилиги ва суд қарорларини ижро этиш жараёни узоқ давом этишида экан. «Давлат божи тўғрисида»ги Қонунга (6.01.2020 йилдаги ЎРҚ-600-сон) иловага мувофиқ фуқаролик ишлари бўйича судларга бериладиган мулкий хусусиятга эга даъво аризаларидан даъво баҳосининг 4%и миқдорида, бироқ БҲМнинг 1 бараваридан кам бўлмаган миқдорда давлат божи ундирилади. Иқтисодий судларга бериладиган даъво аризаларидан давлат божи даъво баҳосининг 2%и миқдорида, бироқ БҲМнинг 1 бараваридан кам бўлмаган миқдорда ундирилади.

Давлат божи дарҳол тўланиши лозим. Дарвоқе у ҳар бир муайян даъводан ундирилади. Бугунги кунда 1 БҲМ 340 000 сўмни ташкил қилади. Ҳатто, агар божни энг кам қиймат бўйича (1 БҲМ) тўланганда ҳам, БКда дебиторлик қарзи юқори бўлганда бу анча катта суммага айланади, унга уйдаги коммуникацияни, йўлакларни, томнинг бир қисмини таъмирласа бўлади. Ахир ўша БКларда қарздорлар сони 50 нафарга етиши ва ундан ортиқ бўлиши мумкин. Албатта, бошқарув органининг давлат божи бўйича харажатларини ундирилган қарз суммаси қоплаши керак. Бироқ бизда суд қарорлари ижросини ойлаб кутиш керак, шу боисдан бошқарув органлари бу вариантни мақбул кўрмайдилар. Саводхон бошқарувчиларнинг ҳисоблашича, уйда яшовчилар билан тушунтириш ишларини олиб бориш самара бермайди, БК улар тўлов тўламасалар тўлақонлик фаолият юрита олмаслигига ишонтириш шаклларини топиш керак.

Яна бир жиҳат. Даъволар беришда БК УМШга қараганда анча фойдали вазиятда бўлади. Улар тадбиркорлик субъектлари сифатида Савдо-саноат палатасига аъзо бўлишлари мумкин. ССП ва унинг ҳудудий бўлинмалари фуқаролик ишлари бўйича судларда, иқтисодий ва маъмурий судларда палата аъзолари манфаатлари йўлида даъволар бўйича давлат божини тўлашдан озод қилинадилар ­(600-сон Қонун 9, 10-м.).

 

Прочитано: 168 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика