Norma.uz
СБХ / 2024 йил / № 01 / Божхона

ТИФ давлат бошқаруви призмаси орқали

 

Декабрь ойининг бошларида Божхона брокерлари уюшмаси томонидан Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг (GIZ TFCA) «Марказий Осиёда савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш» лойиҳаси кўмагида «ТИФ ва божхона тартиб-таомилларини давлат томонидан тартибга солиш чора-тадбирлари ижро этилишининг амалий жиҳатлари» деб номланган давра суҳбати ўтказилди. Унда Уюшма аъзолари, давлат органлари ва бизнес ҳамжамиятлари вакиллари (Божхона қўмитаси, «Ўзбекэкспертиза» АЖ, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, Ўзбекистон озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмаси ва МОМ ББ(В)У раҳбарларининг Минтақавий Кенгаши ва бошқалар) иштирок этдилар.

 

Анъанага айланган тадбирлар гибрид форматда, нафақат шахсан иштирок қилиш, балки Тошкентда бўлмаганлар учун жуда қулай ҳисобланган масофадан туриб қатнашиш имконияти яратилган ҳолда ўтказилди. Бу сафар ҳам йиғилишда ҳудудий бизнес вакиллари, давлат органларининг вилоят бўлинмалари ва бошқа муассасалар, Марказий Осиё божхона брокерлари бирлашмаларининг вакиллари масофадан туриб иштирок этдилар.

ББУ раиси Арсен Айрапетьянц, «Марказий Осиёда савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш» деб номланган GIZ лойиҳаси раҳбари ўринбосари Асал Узагалиева ва «Ўзбекэкспертиза» АЖ бош директори Артём Григорьянц табрик нутқи билан чиқдилар, уларда трансчегаравий савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш, СТСМҚ (Савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш миллий қўмитаси) доирасида чегарадан ўтиш ва логистика муаммоларини муҳокама қилиш учун давлат органлари ва хусусий секторнинг ўзаро самарали ҳамкорлик майдонида фаолият юритиш соҳасида эришилган муҳим натижалар таъкидлаб ўтилди. Шуни айтиш жоизки, акциядорлик жамиятининг тақдимоти нуфузли бўлди, сабаби тақдимотнинг кўп қисми келиб чиқиш мамлакатларини тасдиқлашга тааллуқли турли масалаларга ва товарларни ТИФ ТНга мувофиқ таснифлашдаги муаммоларга бағишланди.

 

Транскаспий йўлаги ҳақида

Аниқроғи, унинг афзалликлари ва Озарбайжон логистика компанияларининг ушбу йўлакдан фойдаланишда кўмаклашиш имкониятлари ҳақида МСБА Ижроия қўмитаси иштирокчиси, мазкур мамлакатнинг брокерлик ва логистика компаниялари тармоқлари вакили Азер Асланов сўзлаб берди.

Узоқ йиллардан буён юк жўнатувчиларнинг кўпчилиги ўз юкларини Европа ва Осиё ўртасида ташишда денгиз йўлини – тезкор бўлмаса-да, энг арзон деб афзал кўрардилар. Бироқ пандемия юк ташиш соҳасида катта ўзгаришларга сабаб бўлди. Бутун дунё бўйлаб чегараларнинг ёпилиши ва қатъий карантин жорий қилиниши анъанавий транспорт занжирининг узилишига олиб келди. Юклар ойлаб портларга киришда тирбандликда қолиб кетди ва белгиланган пунктга етиб бора олмади. Бундан ташқари, бундай ҳолатда денгиз орқали ташиш қиймати бир неча бараварга ошиб кетди, шу тариқа нархи пастлиги юзасидан рақобат жиҳатлари афзаллигини йўқотди.  

2022 йилда Осиёдан Европага ва бошқа йўналишда – Россия орқали юк ташишда муаммолар юзага келди, бунда Россия юк ташувчиларига қарши Ғарб томонидан чекловлар жорий қилинган эди, кўпгина халқаро транспорт компаниялари Россия бозорини тарк этишга қарор қилдилар, учинчи мамлакатларнинг компаниялари эса иккиламчи санкциялардан хавфсираб, Россия орқали юк ташишдан чўчидилар. Европа ва Осиё ўртасида юк ташишда денгиз йўли ва Россия орқали йўналишнинг муқобили Транскаспий транспорт йўлаги бўлди.

Унинг афзалликларига келсак, ушбу йўналишда тўлиқ маънода интермодал ташишлар амалга оширилади, бунда юклар бир нечта турдаги транспортда асосан ягона транспорт ҳужжатини расмийлаштирган ҳолда етказиб берилади. Контейнерлар темир йўл билан олиб кетилади, кейин Оқтоуда контейнер ташувчига юкланади, Бокудан яна темир йўл орқали ташилади ва юк бевосита мижозгача етказиб бериладиган якуний кесимда автотранспортдан фойдаланилади.

Агар денгиз йўли билан солиштирадиган бўлсак, етказиб бериш тезлигида анча ютиш мумкин. Шунингдек Асланов афзалликлар қаторида иштирокчи мамлакатларнинг қонунчилиги бирхиллаштирилиши, трансчегаравий тартиб-таомиллардан ўтишда тақдим этиладиган ҳужжатлар сони ва вақтинчалик харажатлар камайтирилишини айтиб ўтди. Бунда у европаликлар ва туркларнинг фаоллигини таъкидлади. Марказий Осиё мамлакатлари, унинг сўзларига қараганда, фаолликда бироз ортда қолишмоқда.

Албатта, тақдим этилган маълумотлар ТИФ иштирокчилари учун қизиқарли ва фойдали бўлди, бироқ янада аниқроқ маълумотлар олишни хоҳлардик, деган таклифни киритди Ўзбекистон озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмаси раиси Баҳодир Шайхов. Мисол учун, Уюшма покистонлик логистлар билан ўзаро фаол ҳамкорлик қилади, улар юкларни Карачидан ташиш бўйича тўлиқ хизматларни тақдим этадилар. Шундай қилиб, ушбу портдан Тошкентгача бўлган йўлга 10–12 сутка вақт кетади, суғуртанинг тахминий қиймати 2,5 минг долларни ташкил қилади. Фойдаланилиши манфаатли бўлишини билиш мақсадида Транскаспий йўлаги бўйича юкларни олиб ўтишга оид ҳисоб-китоблар амалга оширилганми? Тез бузиладиган маҳсулотларни ташишда бирор-бир преференциялар назарда тутилганми, Уюшма юкларининг 50% шундай маҳсулотлар сирасига кириши ҳисобга олинганми?

Бизнинг бизнесимиздаги эҳтиёткорликни тушунса бўлади. Давра суҳбати иштирокчилари таъкидлаганидек, аввало хавф-хатарларни ҳисоблаб чиқиш керак, бунинг учун бизнинг импорт ва экспорт қилувчиларимиз учун олиб ўтиш нархи (тариф шартлари), ўтказиш тезлиги (ўтказувчанлик ва юк ташиш қуввати), логистика занжирининг хавфсизлиги (суғурта) каби параметрларни ҳисобга олган ҳолда йўлакнинг имкониятлари чуқур таҳлил қилиниши лозим. Шунингдек йўналишдаги сервис муаммолари, уни рақамлаштириш лозимлиги, Транскаспий йўлаги мамлакатларининг ўтиш пунктлари ҳаракатларини модернизациялаш ва синхронлаштириш масаласи долзарб бўлмоқда. Иштирокчилардан кимдир шубҳа билдириб, бизнинг ташқи савдо операциялари иштирокчилари учун масофани ва мавжуд порт инфратузилмасини ҳисобга олган ҳолда туркман йўлаги орқали ўтказиш қулай бўлиши мумкинлигини таъкидлаб ўтди. Бироқ бу борада ҳам ўзига хос муаммолар етарли. Аввало, юк ташувчилар учун виза бериш масаласида.

Саволлар кўп бўлди. Уларнинг айримларига жавоб берар экан, Асланов Озарбайжон ҳудудидаги логистика ва брокерлик муаммоларини тезкор ҳал этишга у тақдим этаётган Уюшма тайёр эканлигини таъкидлаб ўтди.

 

Давоми бор.

 

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

Прочитано: 196 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика