Norma.uz
Норма маслахатчи / 2023 йил / № 46 / Биз яшайдиган уй

14 трлн сўмдан ортиқ субсидиялар ҳар йили аҳолига энергия истеъмоли учун ажратилади

 

Сўнгги пайтларда Энергетика вазирлиги республиканинг энергетика секторини субсидиялашнинг салбий оқибатлари ҳақидаги масалани қайта-қайта кўтармоқда. Идоранинг интернет-ресурсларида тармоқни доимий субсидиялар ҳисобига ривожлантириб бўлмаслигига далиллар келтирилмоқда. Мазкур соҳада нархларни шакллантиришнинг бозор механизмлари мавжуд эмаслиги тизимнинг ривожланишига тўсиқ бўлмоқда ва давлат энергетика секторини қўллаб-қувватлашга мажбур бўляпти. Кузги-қишки иситиш мавсуми олдидан ушбу масала юзасидан айрим фуқаролар: бу форс-мажор ҳолатлари эҳтимоли бўлганда огоҳлантирувчи қадам бўлмасмикин деб ўйлаб қолишяпти. Ўтган қишдаги энергетика билан боғлиқ ҳолатларни ҳали унутганимиз йўқ.

Таъкидлаш жоизки, 2023 йил 1 октябрдан бошлаб юридик шахслар учун газ ва электр энергиясига янги тарифлар жорий қилинди. 15.09.2023 йилдаги «Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги 475-сон ВМҚга мувофиқ аҳоли учун ушбу энергия ресурсларининг қиймати ҳозирча ўзгартиришсиз қолдирилмоқда. Бироқ бозор механизмларини, шу жумладан аҳоли учун табақалаштирилган тарифларни жорий қилиш зарурати кўриб чиқилмоқда. Аҳолига ушбу тармоқда доимий субсидиялашдан қандай йўқотишлар бўлаётганлигини тушунтириб, босқичма-босқич шунга тайёрлаб борилмоқда.

 

Энергетика вазирлиги энергия ресурсларининг таннархини маълум қилди

Энергетика вазирлигида маълум қилинишича, 1 кВт-с электр энергияси таннархи 970 сўмни ташкил қилади. Аҳоли бунинг учун 295 сўм ($0,024) тўлайди. Ўртача истеъмолда бир ойда 200 кВт-с электр энергияси учун амалда давлат томонидан бир истеъмолчига 135 минг сўм субсидия берилади. Ҳаммаси бўлиб мамлакатда 7,4 миллион уй хўжаликлари мавжуд.

Худди шундай ҳолат табиий газ учун ҳам белгиланган. 1 куб метр табиий газ таннархи 1 890 сўмни ташкил қилади. Аҳоли учун тариф – 380 сўм ($0,031). Иситиш мавсумида 750 куб метр газни ёқадиган битта оилага ўртача 1 миллион 132 минг сўм миқдорида субсидия берилади. Мамлакатда газ истеъмолчиларининг умумий сони 4,1 миллион уй хўжалигини ташкил қилади.

Бундан келиб чиқадиган бўлсак, бугунги кунда электр энергияси ва табиий газ истеъмоли учун аҳолига бир йилда ўртача 14 триллион сўмдан ортиқ миқдорда субсидия берилади, бу эса тахминан 1,15 миллиард долларни ташкил қилади.

Тармоқ зарар кўриб ишлаётганлиги сабабли уни давлат бюджетидан субсидиялаш дефицитга олиб келмоқда. Тизимни янгилаш учун йўналтирилиши мумкин бўлган маблағлар фақат юзага келган узилишни компенсациялаш учунгина сарфланади. Ушбу тармоққа бозор механизмлари жорий этилганда тежаб қолинган маблағларни ижтимоий соҳани ривожлантиришга, янги мактаблар, тиббиёт муассасалари қуришга, замонавий технологияларни татбиқ этишга, шунингдек энергия тизимини тубдан модернизация қилишга сарфлаш мумкин бўларди, деб таъкидлайдилар Энергетика вазирлигида.

Прочитано: 82 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика