Norma.uz
СБХ / 2023 йил / № 45 / Бухгалтерга тавсиялар

Корхонанинг корпоратив картасидан ходимнинг шахсий харажатлари бухгалтерия ва солиқ ҳисобида қандай акс эттирилади

 

ВАЗИЯТ. Ходим шахсий харажатларини корхонанинг корпоратив картасидан тўлади

Корпоратив карта корхона ходимига ҳисобот бериш шарти билан қатъий белгиланган мақсадлар учун берилади. Ундаги пул маблағлари ҳисобот бериладиган маблағлар ҳисобланади. Ходим шахсий харажатларини корхонанинг корпоратив картасидан тўлаган бўлса, у ҳолда ходимнинг юридик шахс олдида қарзи юзага келади. Ушбу вазиятда юридик шахс олдида иккита ечим варианти мавжуд:

1) сарфланган суммани ходимнинг даромадидан ушлаб қолиш;

2) ходимнинг қарзидан кечиш.

Қайси вариантни танласангиз ҳам, буни раҳбар буйруғи билан расмийлаштиринг. 

 

КПКдан шахсий мақсадлар учун сарфланган суммани ходимнинг даромадидан ушлаб қолиш

Ходимнинг хўжалик эҳтиёжларига берилган, қайтарилмаган бўнак маблағларининг иш ҳақидан ушлаб қолиниши унинг ёзма розилигини талаб этмайди. Бўнакни қайтариш учун белгиланган муддат тугаган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай ушлаб қолиш тўғрисидаги буйруқни расмийлаштиринг. Ушбу муддат ўтиб кетган ёки ходим бўнакни тўлаш учун ушлаб қолиш миқдорига эътироз билдираётган бўлса, у ҳолда қарзни тўлаш суд тартибида амалга оширилади (МК 269-м. 2-қ. 3-б.).

 

Ушлаб қолинган маблағларнинг умумий суммаси ходимга тегишли иш ҳақининг 50%идан ошиши мумкин эмас (МК 270-м.). Ходимнинг аризасига кўра ҳисобланган иш ҳақи суммасининг 50%дан ортиғи корхона олдидаги қарзни тўлаш ҳисобига ушлаб қолиниши мумкин (МК 271-м.).

 

Сарфланган сумма ходимнинг даромадидан ушлаб қолинганда унда ҳам, корхонада ҳам солиқ оқибатлари юзага келмайди, сабаби ходим даромад олмайди ва қарзни ўз маблағлари ҳисобидан тўлайди.

 

МИСОЛ. Ходимнинг шахсий эҳтиёжларига сарфланган суммани унинг даромадидан ушлаб қолиш

Ходимга офис анжомларини сотиб олиш учун корпоратив карта берилди. Ходим шахсий харидлари учун ҳам корпоратив картадаги маблағлардан тўлади. Иш берувчи ходим шахсий эҳтиёжларига сарфлаган маблағларни унинг иш ҳақидан ушлаб қолиш тўғрисида буйруқ чиқарди.

Ёзув-чизув молларини сотиб олиш учун КПКга ўтказилди – 5 000 000 сўм.

Шахсий мақсадлар учун сарфланган сумма – 1 400 000 сўм.

Бир ойлик иш ҳақи – 3 000 000 сўм.

ЖШДС – 360 000 сўм (3 000 000 х 12%).

ШЖБПҲ – 3 000 сўм (3 000 000 х 0,1%).

Ижтимоий солиқ – 360 000 сўм (3 000 000 х 12%).

Ушбу ой учун ушланмаларнинг умумий суммаси тегишли (ҳақиқатда ҳисобланган) иш ҳақининг 50%идан ошиши мумкин эмас. Иш ҳақидан 12% ЖШДС ушлаб қолинганини ҳисобга олганда, ходимнинг шахсий харажатларини қоплаш учун 1 140 000 сўм (3 000 000 х (50 – 12%) йўналтирилиши мумкин.

Бухгалтерия ҳисобида операциялар қуйидагича акс эттирилади:

Хўжалик операциясининг мазмуни


Сумма,
сўм


Счётлар корреспонденцияси


дебет


кредит


Корпоратив картага пул маблағлари ўтказилди


5 000 000


5540


5110


Ходимнинг КПК бўйича қарзи тан олинди


1 400 000


4790


5540


Иш ҳақи ҳисобланди


3 000 000


Харажатларни ҳисобга олувчи счётлар


6710


Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ушлаб қолинди


360 000


6710


6410


ШЖБПҲга ажратмалар ҳисобланди


3 000


6410


6530


Ижтимоий солиқ ҳисобланди


360 000


Харажатларни ҳисобга олувчи счётлар


6510


Қарзнинг бир қисми ходимнинг иш ҳақидан ушлаб қолинди


1 140 000


6710


4790


 

 

Қолган сумма ходимдан кейинги ойда ушлаб қолиниши лозим.

 

Корхонанинг корпоратив картадан харажатлар бўйича ходимнинг қарзидан кечиши

Ходимнинг қарзидан кечсангиз, у ҳолда унда моддий наф тарзидаги даромад юзага келади (СК 376-м. 1-қ. 5-б.).

Корхона моддий нафдан ЖШДСни ўз ҳисобидан тўласа, ЖШДС суммаси ҳам ходимнинг моддий наф тарзидаги даромади ҳисобланади (СК 376-м. 1-қ. 6-б.).

Уларни жами даромад таркибига киритиб, ЖШДС солинг. Моддий наф тарзидаги даромадларга ижтимоий солиқ солинмайди (СК 403-м.).

Жисмоний шахсларнинг моддий наф тарзидаги даромадлари ҳисобланадиган корхона харажатлари фойда солиғини ҳисоблашда чегирилмайди (СК 317-м. 3-б.).

 

МИСОЛ. Корхона ходимнинг КПК орқали тўланган шахсий харажатлари суммасидаги қарзидан кечди

Ходимга офис анжомларини сотиб олиш учун корпоратив карта берилди. Ходим шахсий харидлари учун корпоратив карта ёрдамида ҳақ тўлади, шундан сўнг тушунтириш хати ёзди. Раҳбарият ходимнинг қарзидан кечишга қарор қилди, сабаби у арзимас сумма эди. Раҳбарнинг буйруғи қарзни ҳисобдан чиқариш учун асос ҳисобланади.

Ёзув-чизув молларини сотиб олиш учун КПКга ўтказилди – 5 000 000 сўм.

Ходим шахсий харажатлари учун сарфлаган сумма – 400 000 сўм.

Бир ойлик иш ҳақи – 3 000 000 сўм.

Ходимнинг даромадларидан ЖШДС – 408 000 сўм ((3 000 000 + 400 000) х 12%).

Моддий нафдан ЖШДС – 48 000 сўм (400 000 х 12%) – ходимнинг иш ҳақидан ушлаб қолинади.

Ижтимоий солиқ – 360 000 сўм (3 000 000 х 12%). Ижтимоий солиқ фақат иш ҳақига ҳисобланади ва моддий наф тарзидаги даромадларга ҳисобланмайди.

Тўланадиган иш ҳақи – 2 592 000 сўм (3 000 000 – 408 000).

Бухгалтерия ҳисобида операциялар қуйидагича акс эттирилади:

Хўжалик операциясининг мазмуни


Сумма,
сўм


Счётлар корреспонденцияси


дебет


кредит


Корпоратив картага пул маблағлари ўтказилди


5 000 000


5540


5110


Ходимнинг КПК бўйича қарзи тан олинди


400 000


4790


5540


Ходимнинг қарзи ҳисобдан чиқарилганда моддий наф тарзидаги даромад акс эттирилди


400 000


9430


6700


Ходимнинг қарзи ҳисобдан чиқарилди


400 000


6700


4790


Иш ҳақи ҳисобланди


3 000 000


Харажатларни ҳисобга олувчи счётлар


6710


Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ушлаб қолинди


408 000


6710


6410


Ижтимоий солиқ ҳисобланди


360 000


Харажатларни ҳисобга олувчи счётлар


6510


Иш ҳақи тўланди


2 592 000


6710


5110


 

 

Ходимнинг қарзи ҳисобдан чиқарилишини ЖШДС ва ижтимоий солиқ ҳисоб-китобида акс эттириш

Ходимнинг қарзини ҳисобдан чиқариш суммаси – унинг моддий наф тарзидаги даромадини ЖШДС ва ижтимоий солиқ ҳисоб-китобига 5-иловада акс эттиринг.

Қуйидагиларни кўрсатинг:

● 1–4-устунларда – тартиб рақами, жисмоний шахснинг Ф.И.Ш., ЖШШИР ва жисмоний шахснинг тури (резидент ёки норезидент);

● 5-устунда – бир йил учун ҳисобланган моддий наф тарзидаги даромадларнинг умумий суммаси;

● 6-устунда – ҳисобот ойи учун ҳисобланган моддий наф тарзидаги даромадлар суммаси;

● 7-устунда – «3» рақами – моддий наф тарзидаги даромад;

● 8-устунда – бир йил учун моддий наф тарзидаги даромадлардан ҳисобланган солиқнинг умумий суммаси;

● 9-устунда – ҳисобот ойи учун моддий наф тарзидаги даромадлардан ҳисобланган солиқ суммаси.

ЖШДС ва ижтимоий солиқ ҳисоб-китобида моддий наф тарзидаги даромадни 012-сатрда акс эттиринг. Ушбу сатрдаги қиймат Ҳисоб-китобга 5-илованинг ­5-устунидагига тенг бўлиши керак.

 

Иродахон АББОСХОНОВА, солиқ маслаҳатчиси,

Дилором САИДОВА, «Норма» эксперти.

Прочитано: 121 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика