Norma.uz
Норма маслахатчи / 2023 йил / № 40 / Юридик маслаҳатлар

Бухгалтер талабномани қандай тайёрлаши лозим

 

Ташкилотдаги талабнома ишлари бошқа ташкилотлар билан низоларни тартибга солиш, уларнинг сабабларини аниқлаш ва иложи борича низоларнинг суд муҳокамаларигача чиқишининг олдини олишга қаратилган. 

 

Катта ҳажмдаги шартномалар айланмасига эга йирик ташкилотларда талабнома-даъво ишларини тартибга солувчи тегишли ички ҳужжатни ишлаб чиқинг. Масалан, бу талабнома-даъво ишлари тўғрисидаги низом бўлиши мумкин. Кичик ташкилотларда бундай турдаги ишлар бўйича асосий қоидалар келтирилган эслатмаларни тасдиқлашнинг ўзи етарлидир.

Бундай ички ҳужжатлар ташкилот раҳбарияти томонидан тасдиқланади. Акциядорлик жамиятларида низом акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан тасдиқланиши мумкин. Кичик ташкилот ва микрофирмаларда бундай ички ҳужжатга зарурат бўлмайди. Эслатмада кўрсатиб ўтилган бир қатор қоидалар ва амалий тавсияларга риоя этилиши етарли.

Талабнома иши бўйича асосий юклама ва жавобгарлик ташкилот юристи зиммасига тушиши лозим, бироқ амалда кичик ташкилотларда талабнома бухгалтерлар томонидан ёзилади. Демак, бухгалтер нафақат барча дебиторлар ва кредиторларни назорат қилиши, балки зарурат бўлганда дарҳол талабнома тақдим этиши лозим.

Агар ташкилотингиз устав капиталида давлат улуши 50% ва ундан юқори бўлган ташкилот бўлса муддати ўтган дебиторлик қарзи мавжудлигига йўл қўяётган раҳбарлари ва бош бухгалтерларига нисбатан жуда қаттиқ маъмурий ва моддий жавобгарлик чоралари, ҳатто жиноий жавобгарликка тортиш чораси қўлланилади (12.05.1995 йилдаги ПФ-1154-сон 2-б.). 

 

Товарлар амалда жўнатилган, ишлар бажарилган, хизматлар кўрсатилган кундан бошлаб 90 кун ўтгандан кейин, етказиб берилган товарлар, кўрсатилган хизматлар ва бажарилган ишлар учун маблағлар келиб тушмаганлиги муддати ўтиб кетган дебиторлик қарзи деб ҳисобланади (12.05.1995 йилдаги ПФ-1154-сон 2-б.).

 

Ҳар қандай муайян ҳолатда шартномада мажбуриятларни бажариш ёки тўловни амалга ошириш бўйича бошқа муддат белгиланиши мумкин. Судлар, одатда, биринчи навбатда шартномага асосланади. Бироқ чора-тадбирларни кўриш учун белгиланган муддат тугашини кутмаслик керак, сабаби 90 кун ўтгандан кейин раҳбар ва бош бухгалтернинг кредиторлик ва дебиторлик қарздорлиги юзасидан шахсий жавобгарлиги бошланади (29.08.1998 йилдаги ­670-I-сон Қонун 35-м.).

Талабномани тузиш, уни қарздорга юбориш ва топшириш учун вақт кераклиги сабабли олдиндан эҳтимолий барча кредиторлар ҳақида билиш имкониятини берадиган даражада ўз ишингизни ташкиллаштириб олинг.

Амалдаги қонунчиликка биноан сиз дарҳол қарзни ундириш тўғрисида даъво аризаси билан судга мурожаат қилишингиз мумкин (29.08.1998 йилдаги 670-I-сон Қонун 35-м.), мажбурий тартибда талабнома иши юритиладиган айрим тоифадаги ишлар ёки шартномада талабнома билдириш назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Амалиёт барибир аввал қарздорга талабнома билан мурожаат қилиш ёки унга хат юбориш афзаллигини кўрсатмоқда. Бу орқали ҳамкорингизга ташкилотингиз у билан ишдаги муносабатларни сақлаб қолишини, бироқ шу билан бир вақтда унга келгуси ҳаракатларингиз режасини маълум қилиш истагида эканлигингизни билдирасиз.

Талабнома тайёрлаш учун биринчи навбатда қуйидаги ҳужжатлар талаб этилади:

• дебиторлик қарзини юзага келтирган шартнома;

• ташкилотингиз томонидан шартномавий мажбуриятлар бажарилганлигидан далолат берувчи ҳужжатлар (бажарилган ишлар далолатномалари, ҳисобварақ-фактуралар, ишончномалар, бухгалтерларда «бухгалтерия бошланғич ҳужжатлари» деб номланадиган барча ҳужжатлар);

• ҳамкорлар билан ўзаро ҳисоб-китобларнинг солиштирма далолатномаси, иккинчи тараф имзоламаган бўлса ҳам.

Талабномаларни тайёрлашда ҳужжатларнинг асл нусхасини иш учун олмасликни ўзингизга одат қилинг, улардан нусха кўчириб ишланг. Шундай қилсангиз сиз ҳеч қачон у ёки бу ҳужжатнинг йўқотилишида айбдор бўлмайсиз. Ташкилотингизда электрон ҳужжатлар айланиши йўлга қўйилган бўлса, электрон шаклда ишлашингиз мумкин.

Талабнома эркин шаклда ёзилади, бироқ унга киритилиши мажбурий бўлган маълумотлар ҳам бор. Булар:

• тузилган санаси;

• кимга йўлланган бўлса, ўша шахснинг аниқ номи ва барча реквизитлари;

• қарздорнинг почта манзили;

• агар бу ташкилот бўлса, хизмат кўрсатувчи банк;

• талабномада билдирилаётган ишнинг мазмун-моҳияти;

• қайтарилиши лозим бўлган сумма, ёхуд жарима ва пеняларни ҳисобга олган ҳолда ижрочи бажариши лозим бўлган муайян талаб;

• арз қилувчининг номи, манзили ва барча реквизитлари

Иқтисодий ва фуқаролик ишларига оид низолар бўйича талабномаларни аниқ ва қисқа матнда тайёрлашга, лекин унга барча зарур маълумотларни киритишга ҳаракат қилинг. Текширилмаган маълумотларга хавола берманг. Икки иш қилмаслик учун бирйўла талабномага келгусидаги даъво аризаси учун асосни қўшиб қўйинг. Низо суд тартибида ҳал этиладиган бўлса, талабномада ҳамкордан ундириладиган барча турдаги жарима ва пенялар, давлат божи ва суд харажатлари суммалари кўрсатилиши керак.

Талабноманинг хулоса қисмида ўз талабларингизни юмшатинг ва, агар қарздор яқин вақтда ташкилот билан ҳисоблаша олса фақат асосий қарзни қайтаришининг ўзи кифоя эканлигини кўрсатинг. Талабномага талаб қилинаётган сумма қандай ҳосил бўлганлиги яққол кўриниб туриши учун албатта маълумотнома-ҳисоб-китобни илова қилинг. Бундай ҳисоб-китобни тайёрлаш мушкул эмас, шу боисдан уни мустақил равишда тайёрланг. Шунда келгусида ҳам суд муҳокамаси жараёнида даъво қилинаётган сумма қандай пайдо бўлганлиги аниқ ёдингизда туради.

Талаб қилинаётган якуний сумма қуйидагилардан иборат бўлади:

• қарзнинг асосий суммаси;

• жарима ва пеня суммаси (29.08.1998 йилдаги 670-I-сон Қонун 5-боб);

• бой берилган фойда суммаси (29.08.1998 йилдаги 670-I-сон Қонун, 34-м. 2-қ.);

• шартномавий мажбуриятлар бажаларилмаганлиги туфайли етказилган зарар суммалари (29.08.1998 йилдаги 670-I-сон Қонун 34-м. 1-қ.).

Қарздорга талабномани жўнатишда, алоҳида зарурият бўлмаганда барча бошланғич ҳужжатларнинг нусхаларини илова қилманг. Шубҳасиз, бу ҳужжатларнинг барчаси қарздорда бўлиши керак. Фақат қуйидагиларни илова қилинг:

• қарз қандай пайдо бўлганлигини дарҳол тушуниб олиш учун шартноманинг нусхасини;

• солиштирма далолатномани 2 нусхада, сизнинг оппонент уни имзолаши эҳтимолдан холи эмас;

• асосий қарз суммаси ва талаб қилинаётган қарз суммаси ўртасидаги фарқни кўриш учун маълумотнома-ҳисоб-китобни.

Талабнома ташкилот раҳбари ёки бунга ваколатли бўлган шахс томонидан имзоланиши лозим. Мазкур ҳолатда талабномага амал қилаётган ишончноманинг нусхаси илова қилинади.

 

Талабномани тақдим этиш ва унга жавоб олиш

Талабномани почта орқали, албатта буюртма хат билан ва адресат уни олганлигини маълум қилиши шарти билан жўнатган маъқул. Олиб бориб топшириш ҳам мумкин, бироқ бундай ҳужжатларни қабул қилиб олишга ваколатли бўлган шахс талабноманинг нусхасига имзо қўйиши ва санани қайд этиши шарт. Булар, қоидага кўра, раҳбар, бош бухгалтер, девонхона ва бошқалар бўлиши мумкин. Талабнома топширилганлигини тасдиқловчи ҳужжат кейинчалик судга мурожаат қилишга тўғри келса, сизга керак бўлади. Ушбу ҳужжат суд ҳимояси учун мурожаат қилишдан олдин низони ҳал этиш учун барча зарур чораларни кўрганингизни тасдиқлаш учун асқотиши мумкин.

Муайян турдаги ишлар бўйича бошқа муддат белгиланмаган бўлса, даъвони кўриб чиқиш бўйича умумбелгиланган муддат 30 кунни ташкил қилади. Агар қарздор қарзни сўндирган бўлса, даъво иши тўхтатилади.

Амалиётда воқеалар ривожи турли хил бўлиши мумкин:

Қарздорнинг хатти-ҳаракатлари


Арз қилувчининг хатти-ҳаракатлари


Талабномага жавоб бермайди


30 кунлик муддат ўтгач, шартномада келишилганидек даъво аризаси билан судга мурожаат қилади


Жавоб беради, бироқ қарзни тан олмайди


Жавобни олгач, шартномада келишилганидек даъво аризаси билан судга мурожаат қилади


Жавоб беради, тан олади, бироқ муддатни кечиктиришни сўрайди


Муддатни кечиктиришни тақдим этишга тайёр бўлса, солиштириш далолатномасини ҳамда тўлов муддатлари ўзгартирилган қўшимча битимни имзолайди


Жавоб беради, тан олади, бироқ ҳисобрақамида маблағ мавжуд бўлмаганлиги сабабли тўлай олмайди


Солиштириш далолатномасини имзолайди ва тўлов талабномасини банк ёки суд орқали буйруқ тартибида тақдим этади


 

 

Агар талабномани тан олиш тўғрисидаги жавобда тан олинган сумма ўтказилиши ҳақида маълумот бўлмаса, талабнома билдирган тараф жавоб олингандан сўнг 20 кун муддат ўтгач, банк муассасасига қарздор тан олган суммани сўзсиз тартибда ўтказиш тўғрисидаги фармойишни тақдим этишга ҳақли. Фармойишга қарздорнинг жавоби илова қилинади (29.08.1998 йилдаги 670-I-сон Қонун 18-м. 5-қ.).

 

Агар талабнома сизнинг ташкилотингизга тақдим этилган бўлса нима қилиш зарур

Агар ташкилотингиз қоидабузарликка йўл қўйиб, бизнесдаги ҳамкордан талабнома олган бўлса, биринчи навбатда, нима сабабдан бундай ҳолат рўй берганлигини аниқлаштиринг. Ташкилот раҳбариятини талабнома келиб тушганлиги ҳақида хабардор қилинг. Бироқ хабар беришга боришдан олдин, мустақил равишда нималар бўлганлигини ва масалани тинч йўл билан ҳал этиш учун қандай чоралар кўрилиши мумкинлигини аниқлашга ҳаракат қилиб кўринг.

Агар ҳақиқатан ҳам ташкилотингиз айбдор бўлса, талабномага жавоб тайёрлашни чўзиб ўтирмаслик керак. Ходимларингиздан қайси бири айбдор эканлигини кейинроқ аниқласангиз ҳам бўлади. Талабномага, агар шартномада бошқача муддат белгиланмаган бўлса, 15 кун ичида жавоб қайтариш лозим. Талабномага жавоб қайтариладиган муддатни бузсангиз ва оппонентингиз давлат божини тўлаб улгурса, арз қилувчининг талабини бажарсангиз ҳам ушбу суммани унга қайтаришингизга тўғри келишини ҳисобга олинг.

Арз қилувчи қарзнинг асосий суммасидан ташқари, даъво тартибида шартнома шартларида назарда тутилган пеня ёки жарималарни тўлашни талаб қилиши мумкин. Барча масалалар судгача ҳал этилса яхши бўлади. Судда қарзнинг асосий суммасига давлат божи суммаси ва суд харажатлари ҳам қўшилишини ҳисобга олинг.

Талабномага жавоб талабномани тайёрлаш қоидалари бўйича тайёрланади. Арз қилувчи билан низолашишдан чўчиманг, жарима ва пеня суммасини камайтиришни сўранг. Ҳар қандай тараф ҳам, қоидага кўра, қарзнинг асосий суммаси тўланиши учун низоли ҳолатларни тезроқ ҳал этишга ҳаракат қилади.

 

Талабномани сақлаш

Талабномаларни ва уларга илова қилинган ҳужжатларни сақлаш бўйича алоҳида тартиб мавжуд эмас. Шу боисдан ушбу ҳужжатларга нисбатан шартномаларни сақлаш учун белгиланган қоидаларни қўлланг. Низо талабнома доирасидан ташқарига чиқиб, суд муҳокамаси бўлган тақдирда, фуқаролик ёки иқтисодий низолар бўйича материалларнинг суд биносида сақланиши муддати белгиланмаган. Зарурат бўлганда, суддан ушбу ҳужжатлардан нусха кўчиришни сўраш мумкин бўлади, асосийси, кўрилган ишнинг рақами ва суд муҳокамаси санасини билиш лозим.

Таъкидлаш жоизки, талабнома иши – бу хўжалик низоларини, айниқса атайин эмас, балки қарздорингиз фаолиятидаги қандайдир узилишлар ёки тушунмовчиликлар сабабли юзага келган низоларни оддий, мақбул ва тезкор ҳал этиш усули ҳисобланади. Шундай вазиятлар бўладики, ташкилот-контрагент бошқа ташкилотнинг ҳуқуқлари бузилганлигини ҳатто билмайди ва хўжалик низолари юзага келганлиги борасида шубҳага ҳам бормайди. Бундай шартларда барча низоли масалаларни талабнома тартибида ҳал этиш осон бўлади ва уларга судгача ечим топилади.

 

Элеонора Мазурова, адвокат, «Норма» эксперти.

Прочитано: 259 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика