Norma.uz
Норма маслахатчи / 2023 йил / № 40 / Биз яшайдиган уй

Ҳаёт учун хавфли бўлган лифтлар

 

Ўзбекистонда янги қурилган уйларда 400 та лифтдан носозликлар бартараф этилмасдан фойдаланилмоқда, деб маълум қилади Ўзбекистоннинг бир қатор интернет ресурслари Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари бўйича қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхоновга ҳавола қилган ҳолда. Таъкидланишича, июнь ойида лифтнинг носозлиги оқибатида Тошкент шаҳар Янгиҳаёт туманидаги уйларнинг бирида 10 кишига шикаст етган.

Бундан кейин Қўмита бутун мамлакат бўйлаб лифтларнинг ҳолатини, шунингдек улардан фойдаланишда қонунчиликка риоя этилаётганлигини ўрганиб чиққан. Натижада бир қатор тизимли муаммолар ва камчиликлар аниқланган.

 

Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлиги инспекциясига (Контехназорат) ККУлардаги лифтларнинг техник ҳолатлари белгиланган талабларга мувофиқлигини, уларнинг давлат экспертизаси ўтказилган ҳолда ўрнатилишини, носоз лифтлардан фойдаланишга йўл қўймаслик чоралари кўрилишини таъминлаш вазифалари юкланди. Бироқ Инспекция бу вазифаларни бажариш учун тегишли ваколатларга ва етарли мутахассисларга эга эмас. У қурилган кўп квартирали уй-жойларни қабул қилиб олиш комиссияси таркибига киритилмаган. Натижада лифтлар мутахассисларнинг тегишли хулосалари олинмасдан ишга туширилмоқда.

Лифтларнинг техник ҳолатини назорат қилиш, мавжуд носозликларни бартараф этиш билан боғлиқ вазифалар яна битта давлат органи – Кўп квартирали уй-жой фондидан фойдаланиш соҳасини назорат қилиш инспекцияси томонидан амалга оширилиши лозим. Ушбу тузилмаларнинг ҳеч бири ўз вазифаларини тўлақонли бажаришга қодир эмас. Умуман олганда, Ўзбекистонда 4 мингдан ортиқ кўп квартирали уйларда 11 мингга яқин лифт бор. Меъёрий техник ҳужжатларнинг талабларига мувофиқ улар ҳар ойда техник кўрикдан ва ҳар 12 ойда тўлиқ техник кўрикдан ўтказилиши лозим. Бунда иккала инспекция ҳам ушбу вазифани бажариш учун на моддий-техник, на ташкилий, на бошқа имкониятларга эга эмас.

Вазирлар Маҳкамасининг 12.06.2020 йилдаги «2021–2027 йилларда республикадаги кўп квартирали уйларнинг лифт ускуналарини таъмирлаш ва янгилашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 376-сон қарорига мувофиқ 2021–2023 йилларда мамлакатда 1 685 та лифтларни таъмирлаш ва алмаштириш режалаштирилган. 2023 йил 1 июль ҳолатига кўра 1 222 та лифт таъмирланган ва алмаштирилган. 463 та лифтни белгиланган муддатда таъмирлаш ёки алмаштириш ишлари турли сабабларга кўра тўхтаб қолган.

Яқинда лифт носозлиги билан боғлиқ мудҳиш воқеа юз берди. Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманидаги янги қурилган уйларнинг бирида бир аёл вафот этди. Текширув чоғида уй аҳлининг маълум қилишича, лифт бир неча кун давомида носоз ҳолатда бўлган ва бундай носозликлар тез-тез кузатилган.

 

Прочитано: 128 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика