Norma.uz
Норма маслахатчи / 2023 йил / № 40 / Биз яшайдиган уй

Тўрт қаватли бинода яшовчилар ярим асрдан буён нимстанция билан ёнма-ён яшамоқдалар

 

Ярим асрдан буён пойтахтнинг Учтепа тумани 11-мавзесидаги тўрт қаватли 14-уйдан 10 қадам нарида жойлашган нимстанция уй аҳлига тинчлик бермайди. У соғлиққа қандай таъсир кўрсатишига доир масала ҳалига қадар ўз долзарблигини йўқотмаяпти. Фуқаролар республикадаги Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоатчилик саломатлиги қўмитасига (Қўмита) шикоят билан мурожаат қилдилар. Мутахассислар саноат объектининг шундоқ ёнгинасида қурилган уйдаги бир нечта квартираларда шовқин даражасини, электр магнит майдонини ва радиочастота диапазонини ўлчаб кўрдилар.

 

Хавфли қўшничилик

Жануби-Ғарбий нимстанция 1964 йилда ишга туширилган, унинг ёнидаги уй эса кейинроқ қурилган. Тошкентдаги зилзиладан кейин пойтахтда қурилиш ишлари жадал суръатда олиб борилган. Мутахассисларнинг фикрича, уйни лойиҳалаштиришда белгиланган нормативларнинг бузилишига йўл қўйилганлиги кўриниб турибди.

Саноат объекти билан ёнма-ён яшаш доимий хавотирларга сабаб бўлади. Орадаги 10 м масофа ҳеч нарсани ҳал этмайди – бу худди ёнма-ён турган қўшнилар ҳолатини эслатади. Ётоқхоналар деразаси айнан нимстанцияга қараган. Ёзда кечқурунлари деразалар очилганда хизмат кўрсатувчи ходимларнинг суҳбатлари эшитилиб туради. Баъзида улар баланд овозда мусиқа тинглайдилар. Уй аҳли уйғониб, тунги вақтда мунозараларни бошлаб юборишади. Охирги пайтларда нимстанцияда тез-тез авариялар бўлиб турибди, ускуналар портлаши рўй беради, бунинг оқибатида уйда чироқ ўчиб қолади, куйиндиларнинг ҳиди тарқалади. Уй аҳли физик омилларнинг: электр магнит нурланиш, шовқин, бошқа кўрсаткичларнинг таъсири бўлиши мумкинлигидан хавотирга тушмоқда.

 

20 йил олдин тезроқ эътибор қаратилар эди

Илгари кечалари кучли токли трансформаторларни совутадиган двигателларнинг баланд овози тинчлик бермасди. 2001 йилда фуқароларнинг шикоятига кўра шаҳар санэпидемназорат хизмати бир нечта квартирада шовқин ва электр магнит нурланиш даражасини ўлчаб кўрди. Ўшанда натижалар ушбу кўрсаткичларнинг меъёрдан ортиқ эканлигини кўрсатган. Хусусан, шовқин даражаси белгиланган қийматдан кундузи 3 дБ дан 6 дБ гача ва тунги вақтда 18 дБ гача ошганлигини аниқлаган. Шаҳар СЭС мутахассислари ўша пайтда вазиятни назоратга олганлар. Улар туман ҳокимияти, Энергетика вазирлиги, Тошкент шаҳар ЭТКга мурожаат қилганлар, уй аҳлини шовқиндан ва электр майдонидан ҳимоя қилиш чора-тадбирларини ишлаб чиқишни талаб қилганлар.

Белгиланишича, уй ГОСТ 12.1.013-78 бузилган ҳолда Жануби-Ғарбий нимстанция ёнида қурилган, бунда авария ҳолатларида электр магнит нурланишдан санитария-ҳимоя зоналари ва хавфсизлик зоналари ҳисобга олинмаган.

Ўша йилларда идора томонидан фуқароларнинг мурожаатларига тезкор ва масъулият билан эътибор қаратилган. Тошкент электр тармоқлари корхонаси шовқинни камайтириш чорасини кўрган. Электр майдони даражасига келадиган бўлсак, қанчадир вақт бу масала очиқлигича қолган. Кейинроқ нимстанция атрофига девор қилинган, бу эса мутахассисларнинг фикрича, вазиятни бироз юмшатади. Бироқ объектда авариялар ҳозирги кунда ҳам рўй беришда давом этмоқда, қолаверса, улар аввалгидан ҳам кўпроқ бўлмоқда. 2023 йил июнь ойида уй аҳли яна республика санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоатчилик саломатлиги хизматига мурожаат қилишган. Нимстанциянинг ишлаши билан боғлиқ физик омиллар юзасидан текширув ўтказишни сўрашган.

 

Шовқин даражаси рухсат этилганидан юқори бўлганда...

Дастлабки ўлчамлардан кейин 22 йил ўтгач, санитария шифокорлари бир нечта квартиралардаги шовқин даражасини, электр магнит майдонини ва радиочастота диапазонини ўлчаб кўрдилар. Электр магнит майдони СанҚН талабларига ва гигиеник нормативларга мувофиқ чиқди. Мутахассислар жавобларида аниқ маълумотлар келтирилмаган. Кундузги вақтдаги шовқин даражаси эса ётоқхонанинг деразалари очиқ бўлганда иккита квартирада белгиланган норматив қийматдан тегишинча 7.7 ва 9.1 дБ юқори бўлди. СЭС уй аҳлининг ҳимоясида туриб, Энергетика вазирлиги, шаҳар ЭТК, туман ҳокимиятидан аниқ чора-тадбирлар кўрилишини талаб қилган пайтдагига, яъни 2001 йилдагига нисбатан юқорилиги аниқлади. Ҳозир қандай? Қўмита ходимлари расмиятчилик билан чекланишди. 14-уй транспорт интенсив ҳаракатланадиган йўл бўйида жойлашганлигини айтишди ва шовқиннинг асосий манбаи ҳисобланишини таъкидлашди. Текширув чоғида бошқа манбалар аниқланмади. Гапнинг индаллосини айтганда, санитария шифокорлари нимстанция ва автотранспорт ҳосил қиладиган шовқинни ажрата олмаслиги англашилади. Уй аҳлидан фарқли ўлароқ, улар нимстанциядан чиқадиган узлуксиз электр овозини (кучсизроғини бўлса ҳам) эшита олмадилар, буни транспорт шовқинидан фарқласа бўларди.

 

Чиданг ёхуд кўчиб кетинг

Объектда содир бўлаётган авариялар юзасидан уй аҳлининг шикоятларига умуман эътибор қаратилмаган. Шу билан бирга санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоатчилик саломатлиги хизматининг ваколатида электр тармоқлари ходимлари олдига ушбу масалани қўйиш, авариялар сабабларини аниқлаш, уларнинг оқибатларини ўрганиб чиқиш бўлган. Бу айнан фуқароларнинг жамоатчилик саломатлиги ҳақида қайғуришдир. Улар уй аҳлининг квартираларидаги шовқин даражасининг ошишига ҳокимиятдагилар эътиборини қаратишга, бирор-бир чоралар кўрилиши юзасидан тавсиялар беришга ҳақлидирлар. Мазкур соҳада олдин фаолият юритганлар муаммога ўз вақтида шу тариқа атрофлича ёндашганлар.

Умуман олганда, вазиятдан чиқиш имконияти кўринмаяпти. Уй аҳлидан бошқа ҳеч кимни нимстанция билан боғлиқ муаммо қизиқтирмаяпти. Уларда хавфли қўшничиликка чидаш ёки квартирани ўзгартириш йўли қолди, холос. Электр тармоқлари корхонаси ўз вақтида шовқинни камайтириши мумкин бўлган, қўлидан келган ҳамма ишни қилган. Ярим аср ўтгач, бундай уйни ҳимоя ва санитария зоналарисиз лойиҳалаштирганларни жавобгарликка тортиш – бу сомон орасидан игнани қидириш билан баробардир. Мутахассисларнинг фикрига кўра шовқиннинг асосий манбаи ҳисобланган магистрални бошқа томонга буриб бўлмайди. Бироқ ҳокимият шовқинни сўндириш тадбирларини ўтказа олади. Агар Қўмита ходимлари муаммога расмиятчилик билан эмас, балки катта масъулият билан ёндашсалар ечим топилиши мумкин.

 

Транспорт шовқинининг хавфи нимада?

Бутун дунёдаги мутахассислар транспорт шовқинининг соғлиққа зарари юқори даражада эканлигини таъкидлайди. Айниқса йирик автойўлларга туташ мавзеларда яшайдиганлар бундан азият чекадилар. Бундай шовқин қондаги стресс гормонлари таркибини ошириб, инсоннинг асаб тизимига салбий таъсир кўрсатади. Ҳатто ҳаракатланиш камроқ бўлган кўчалардаги овозлар ҳам юрак-қон томир касалликларига сабаб бўлиши мумкин. Шоҳкўча яқинида яшайдиган одамларда инфаркт ва инсульт хавфи тинч туманларда яшайдиганларга қараганда уч баравар юқори бўлар экан. Уйқу билан боғлиқ муаммолар одатий овозда гапирилганидан бироз юқорироқ бўлган бундай шовқинларда юзага келади. Бу сурункали чарчоқларга сабаб бўлади, бош оғриғи ва неврозга олиб келади. Олимларнинг таъкидлашича, одамларга юриб кетаётган поездларнинг шовқинига қараганда автотранспорт шовқини ёмон таъсир қилар экан. Кичик туманларнинг ҳудудлари кўкаламзорлаштирилганда ва бўлиниш чизиқлари қурилганда, автомагистраль чеккаларида шовқиндан ҳимояловчи экранлар ва тўсиқлар ўрнатилганда шовқин анча пасаяди. Бундай вазият оммавий равишда электр транспортига ўтилганда ўзгариши мумкин деб ҳисоблайдилар. Электромобиль автомобилга таққосланганда деярли шовқинсиз ҳаракатланади.

Прочитано: 108 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика