Norma.uz
Норма маслахатчи / 2023 йил / № 34 / Расмий ҳужжатлар

«Тошкент шаҳрида давлат ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик асосида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва шаҳар инфратузилмасини яхшилаш бўйича ҳуқуқий экспериментни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 26 июлдаги «Тошкент шаҳрини 2030 йилга қадар ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-112-сон Фармонига мувофиқ:

1. Тошкент шаҳрида 2027 йил 1 январга қадар ҳуқуқий эксперимент тариқасида давлат ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик асосида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва шаҳар инфратузилмасини яхшилаш тартиби жорий этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Белгилансинки, Тошкент шаҳри ва туманлар ҳокимликлари ҳамда улар таркибидаги корхона ва муассасаларга тегишли мулкларнинг (кейинги ўринларда – муниципал мулклар) ҳисобини юритиш ва улардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш доирасида:

а) 2023 йил 1 октябрдан бошлаб Адлия вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Кадастр агентлиги, Солиқ қўмитаси ва бошқа давлат органлари ахборот тизимларидаги муниципал мулклар тўғрисидаги маълумотлар ушбу тизимларни ўзаро интеграция қилиш орқали «Рақамли Тошкент» комплекс дастурига юкланади;

б) 2024 йил 1 январдан бошлаб муниципал мулкларнинг ҳар бирига нисбатан «Тошкент Инвест компанияси» акциядорлик жамияти (кейинги ўринларда – Компания)нинг лойиҳа офислари таклифлари асосида Тошкент шаҳри ҳокимлиги томонидан самарадорликнинг муҳим кўрсаткичлари белгиланади ва уларнинг бажарилиши Компания томонидан мониторинг қилинади;

в) Тошкент шаҳрида жойлашган:

давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам ставкалари ҳамда кичик саноат зоналарида тадбиркорлик субъектлари томонидан тўланадиган ижара тўлови миқдорлари ҳар йили 31 декабргача Тошкент шаҳри ҳокимлиги томонидан бозор тамойиллари асосида белгиланади. Бунда, ижара тўловларининг миқдори олдинги йил учун белгиланган минимал ижара суммасининг 1,3 бараваридан ошмаслиги лозим;

ер участкаларига бўлган ижара ҳуқуқи баҳоловчи ташкилот томонидан аниқланган бошланғич қийматда аукцион савдоларига чиқарилади.

3. 2023 йил 1 октябрдан бошлаб Тошкент шаҳрида ушбу қарорга 1-иловада белгиланган объектлар негизида Компания томонидан лойиҳа қиймати 1 миллион АҚШ долларигача бўлган эквивалентдаги давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга оширишнинг қуйидаги соддалаштирилган тартиби жорий этилсин:

давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепцияси ва лойиҳани баҳолаш ҳужжатини ишлаб чиқиш ўрнига лойиҳани амалга ошириш шартларини белгилаш орқали давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга оширишга рухсат этилади;

давлат-хусусий шериклик лойиҳаси бўйича битим тузиш ҳуқуқи «E-auksion» платформасида ўтказиладиган аукцион савдолари натижалари бўйича берилади. Бунда, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни тузиш ҳуқуқининг бошланғич қиймати Тошкент шаҳри ҳокимлиги томонидан белгиланади ва ушбу ҳуқуқни реализация қилишдан тушган маблағлар Тошкент шаҳри ҳокимлиги ҳузуридаги Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма)га йўналтирилади;

капитал қурилмалар қурмаслик, муҳандислик тармоқларига зарар етказмаслик ва объектлар фаолиятига тўсқинлик қилмаслик шартлари билан ер остида муҳандислик тармоқлари ўтган ёки ташқи муҳандислик тармоқлари муҳофаза зонасида жойлашган ҳудудларда давлат-хусусий шериклик лойиҳасини ваколатли органлар билан келишилган ҳолда амалга оширишга рухсат этилади.

4. Компанияга ушбу қарорга 2-иловага мувофиқ йўналишлар бўйича объект (маҳсулот)ни барпо этиш (ишлаб чиқиш)дан бошлаб фойдаланишга топшириш ва келгусида эксплуатация қилиш (қўллаб-қувватлаш)гача бўлган барча жараёнлардаги ишларни давлат харидлари доирасида «ҳаётий давр шартномаси» асосида битта тадбиркорлик субъекти билан ҳамкорликда амалга оширишга рухсат этилсин.

5. Тошкент шаҳрида қурилишларни ягона ёндашув асосида мувофиқлаштириш ва тартибсиз қурилишларнинг олдини олиш ҳамда муҳандислик-коммуникация тармоқларини қурилишлар ҳажмига мос равишда модернизация қилишни молиялаштириш тизимини йўлга қўйиш бўйича Тошкент шаҳри ҳокимлигининг қуйидаги таклифлари маъқуллансин:

а) ер участкаларини қурилиш учун тегишли рухсат бериш ва лойиҳа ҳужжатлари расмийлаштирилган ҳолда тайёр бизнес шаклида тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш учун аукцион савдоларига чиқариш тартибини жорий этиш;

б) Компания ҳузуридаги «Қурилишларни мувофиқлаштириш» лойиҳа офиси раҳбарини Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармаси ҳузуридаги ҳудудий архитектура-шаҳарсозлик кенгаши раиси ўринбосари этиб белгилаш;

в) 2024 йил 1 январдан бошлаб янги объектларни лойиҳалаштиришда уларнинг қаватлари сонини мазкур ҳудуднинг бош режасида (батафсил режалаштириш лойиҳасида, мастер режада ёки қуриш лойиҳасида) белгиланган параметрлардан (қаватлар сонидан) 1,5 бараваргача оширишга рухсат этиш тартибини жорий этиш;

г) 2024 йил 1 январдан бошлаб муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва транспорт инфратузилмасини яратиш харажатларининг бир қисмини қуйидаги миқдорларда шаҳарсозлик фаолияти объектини қуриш ёки реконструкция қилишни лойиҳалаштириш учун архитектура-режалаштириш топшириғини ишлаб чиқиш бўйича тўлов қийматига киритиш ва уни тўлиқ Жамғармага йўналтириш (бундан бюджет тизими бюджетлари ҳисобидан молиялаштириладиган объектлар ва якка тартибдаги уй-жойлар мустасно):

жами қурилиш ҳажмининг ҳар бир куб метри учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари миқдорида;

объектларнинг қаватлар сони белгиланган параметрлардан оширилганда қўшимча қурилиш ҳажмининг ҳар бир куб метри учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари миқдорида.

Бунда, ушбу миқдорларга халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши қарори асосида 0,5 дан 2 гача камайтирувчи ёки оширувчи коэффициентлар даҳа, массив, маҳалла ва кўча кесимида қўлланилиши мумкин.

6. Тошкент шаҳрида коммунал хизматлар сифатини янги босқичга олиб чиқиш, маҳсулот ва хизматларнинг таннархини пасайтириш ҳамда коммунал хўжалиги корхоналари фаолиятини трансформация қилиш йўналишида шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

Компания ҳузуридаги «Коммунал соҳани ривожлантириш» лойиҳа офиси томонидан Тошкент шаҳрида жойлашган газ, сув, иссиқлик ва электр энергияси таъминоти ҳамда чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш корхоналари ва уларнинг филиаллари (кейинги ўринларда – коммунал хизмат кўрсатиш корхоналари) фаолияти бошқарув органлари билан ҳамкорликда мувофиқлаштирилади;

«Коммунал соҳани ривожлантириш» лойиҳа офиси коммунал хизмат кўрсатиш корхоналарининг фаолиятини таҳлил қилган ҳолда, улардаги йўқотишларни камайтириш, тармоқлардаги узилишларни бартараф этиш ҳамда фаолиятини трансформация қилиш юзасидан мазкур корхоналарнинг бошқарув органларига таклифларни киритади;

Лойиҳа офисининг таклифлари коммунал хизмат кўрсатиш корхоналарининг бошқарув органлари томонидан икки ҳафта муддатда кўриб чиқилади ва натижаси юзасидан Лойиҳа офиси хабардор қилинади;

2024 йил 1 январга қадар коммунал хизмат кўрсатиш корхоналари ахборот тизимларини «Рақамли Тошкент» комплекс дастурига интеграция қилиш орқали муаммоларни аниқлаш ва тезкор ҳал этиш тизими жорий қилинади.

7. Тошкент шаҳри ҳокимлигининг 2024 йил 1 мартдан қуйидагиларни амалга оширишни назарда тутувчи таклифларига розилик берилсин:

«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ва «Ҳудудгазтаъминот» АЖ корхоналарининг Тошкент шаҳри филиалларини «Тошкент шаҳар электр тармоқлари» МЧЖ ва «Тошкент шаҳар газ таъминоти» МЧЖ сифатида қайта ташкил этиш;

«Тошкент шаҳар электр тармоқлари» МЧЖ, «Тошкент шаҳар газ таъминоти» МЧЖ ва «Тошкент шаҳар сув таъминоти» МЧЖ устав капиталларидаги давлат иштирокидаги корхоналарга тегишли улушларнинг 10 фоизини устав фондидаги давлат улушини камайтириш ҳисобига Компанияга ўтказиш;

марказлашган қозонхоналарда когенерацион технологияларни татбиқ этиш мақсадида «Тошкент иссиқлик маркази» МЧЖ устав капиталидаги «Иссиқлик электр станциялари» АЖга тегишли улушни «Тошкент шаҳар иссиқлик электр маркази» ДУКга давлат улушини камайтириш ҳисобига ўтказиш.

8. Сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва тармоқлардаги йўқотишларни камайтириш йўналишида Тошкент шаҳри ҳокимлигининг қуйидаги таклифлари қўллаб-қувватлансин:

ичимлик ва оқова сув ресурсларидан фойдаланиш билан боғлиқ Компания иштирокида амалга ошириладиган тижорат ва инвестиция лойиҳаларидан олинадиган даромадларнинг бир қисмини «Тошкент шаҳар сув таъминоти» МЧЖ билан тузиладиган шартномага мувофиқ Жамғармага йўналтириш;

2024 йил 1 январдан оқар сув, жумладан техник сув ресурсларидан тўлов асосида фойдаланиш (бундан халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан белгиланадиган алоҳида йўналиш ва тоифадаги тадбиркорлик субъектлари мустасно).

9. Белгилансинки, Компания билан келишилган ҳолда:

ичимлик ва оқова сувнинг таннархи ва истеъмолчиларга реализация қилиш суммаси ўртасидаги фарқ мақсадли равишда Тошкент шаҳридаги ичимлик сув таъминоти ва оқова сув тизимини қуриш ва модернизация қилишга сарфланади;

оқар сув, жумладан техник сув ресурсларидан фойдаланганлик учун тўловлар Тошкент шаҳри ҳокимлиги ҳузуридаги Каналлардан фойдаланиш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш жамғармасида жамланиб, каналларни модернизация қилиш учун йўналтирилади.

10. Қуйидагилар:

2024–2030 йилларда Тошкент шаҳридаги каналлар ҳудудларини ободонлаштириш орқали хиёбонлар, сайилгоҳлар ва дам олиш майдончаларини ташкил этиш дастури 3-иловага** мувофиқ;

Тошкент шаҳрида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва шаҳар инфратузилмасини яхшилаш бўйича ҳуқуқий экспериментни ўтказиш юзасидан «йўл харитаси» 4-иловага** мувофиқ тасдиқлансин.

Бунда, Тошкент шаҳри ҳокимлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ушбу қарорга 3-иловага мувофиқ объектларни барпо этиш учун зарур маблағларни Ўзбекистон Республикасининг 2024–2030 йиллар учун ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурларини шакллантиришда инобатга олсин.

11. Тошкент шаҳри ҳокимлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

12. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Тошкент шаҳри ҳокими вазифасини бажарувчи Ш.Б.Умурзаков белгилансин.

Қарор ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш.МИРЗИЁЕВ.

Тошкент ш.,

2023 йил 26 июль

ПҚ-236-сон.

ЎзР Президентининг 2023 йил 26 июлдаги ПҚ-236-сон қарорига
1-ИЛОВА

ТОШКЕНТ ШАҲРИДА СОДДАЛАШТИРИЛГАН ТАРТИБДА ДАВЛАТ-ХУСУСИЙ ШЕРИКЛИК ЛОЙИҲАЛАРИ АМАЛГА ОШИРИЛИШИ МУМКИН БЎЛГАН ОБЪЕКТЛАР
РЎЙХАТИ

1. Маданият ва истироҳат боғлари.

2. Хиёбонлар.

3. Сайилгоҳлар.

4. Бульварлар.

5. Канал ва очиқ коллекторларнинг қирғоқ ҳудудлари.

6. Кўприк ва йўл ўтказгичлар остидаги ҳудудлар.

7. Ер усти метроси остидаги ҳудудлар.

8. Ер ости пиёдалар ўтиш жойлари.

9. Йўлнинг қатнов қисми орасидаги ҳудудлар.

 

Изоҳ: мазкур рўйхатга Вазирлар Маҳкамаси қарори билан ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.

 

ЎзР Президентининг 2023 йил 26 июлдаги ПҚ-236-сон қарорига
2-ИЛОВА

«ҲАЁТИЙ ДАВР ШАРТНОМАСИ» АСОСИДА АМАЛГА ОШИРИЛИШИ МУМКИН БЎЛГАН ИШЛАР
РЎЙХАТИ

1. Автомобиль йўллари, шу жумладан йўлбўйи инфратузилмаси объектларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва уларни сақлаш.

2. Коммунал хўжалиги соҳасидаги объектларни (шу жумладан газ, электр, иссиқлик ва сув таъминоти, сув чиқариб ташлаш, оқова сувларни тозалаш, маиший чиқиндиларни қайта ишлаш, утилизация қилиш, жойлаштириш, зарарсизлантириш ва кўмиш объектлари) лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва уларни сақлаш.

3. Ижтимоий соҳа объектларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, жиҳозлаш ва уларни сақлаш.

4. Дастурий таъминотларни (ахборот тизимлари, маълумотлар базалари, маълумотларни қайта ишлаш марказлари, дастурий-аппарат комплекслари) лойиҳалаштириш, ишлаб чиқиш, ишга тушириш ва келгусида қўллаб-қувватлаш.

 

Изоҳ: мазкур рўйхатга Вазирлар Маҳкамаси қарори билан ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 26.07.2023 йилдан кучга кирди.

**Ушбу қарорга 3–4-иловалар «Норма маслаҳатчи»да берилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

 

Прочитано: 326 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика