Norma.uz
СБХ / 2023 йил / № 34 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

«Пахта хом ашёсини етиштирувчилар учун қўшилган қиймат солиғини тўлаш ҳамда ҳисобга олиш муддатларини мувофиқлаштириш тўғрисида»

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Пахта хом ашёси етиштирувчилар фаолиятини янада қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 26 январдаги ПҚ-23-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, пахта хом ашёсини етиштирувчиларни қўллаб-қувватлаш ва уларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Пахта хом ашёси етиштирувчилар фаолиятини янада қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 26 январдаги ПҚ-23-сон қарорининг 10-бандида қўшилган қиймат солиғини тўлаш ҳамда ҳисобга олиш муддатини пахта хом ашёси бўйича амалга ошириладиган ҳисоб-китоб муддатига мувофиқлаштириш белгиланганлиги;

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 декабрдаги 733-сон қарори билан тасдиқланган Пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомнинг ­31-бандига мувофиқ қишлоқ хўжалиги ер участкаларини ижарага олмасдан ташкил этилган пахта-тўқимачилик кластери пахта хом ашёси етиштирувчилар томонидан етиштирилган пахта хом ашёсини шартномада белгиланган нархларда сотиб олиш ва якуний ҳисоб-китобларни ҳосил йиғиб олинган йилнинг 31 декабрига қадар амалга ошириш мажбуриятига эга эканлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

а) 2023 йил ҳосилидан бошлаб, пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан пахта хом ашёси тўлиқ электрон тарози орқали қабул қилинади;

б) қўшилган қиймат солиғини пахта хом ашёси бўйича якуний ҳисоб-китобларни амалга ошириш муддатига қадар тўлаш ва ҳисобга олишга рухсат этилади;

в) 2026 йил 1 апрелга қадар пахта-тўқимачилик кластерлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналари (фермер хўжаликлари) ўртасидаги ҳисоб-китоблар ҳамда қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан пахта ҳосили учун якуний ҳисоб-китоблар ўз муддатида амалга оширилмаган тақдирда, юзага келган солиқ қарздорлигини қўшилган қиймат солиғи тўловчиси ҳисобланган қишлоқ хўжалиги корхоналари (фермер хўжаликлари)га уч ой муддатга тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилади;

пахта-тўқимачилик кластерларига қабул қилиб олинган пахта ҳосили учун электрон ҳисобварақ-фактурада кўрсатилган қўшилган қиймат солиғи суммасини қишлоқ хўжалиги корхоналари (фермер хўжаликлари) томонидан қўшилган қиймат солиғи бюджетга тўлаб берилганидан сўнг ҳисобга олишга рухсат этилади.

3. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитаси икки ой муддатда мазкур қарорнинг 2-бандида белгиланган талаблардан келиб чиққан ҳолда, қўшилган қиймат солиғини бўлиб-бўлиб тўлаш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган дастурини ишга туширсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги:

«Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари» уюшмаси билан биргаликда 2023 йил 5 сентябрга қадар ҳудудлар ва кластерлар кесимида пахта хом ашёсини йиғиб олиш билан боғлиқ маълумотлар шакллантириладиган ахборот тизими ишга туширилиши ҳамда 2023 йил 15 сентябрдан бошлаб ­«Агроплатформа» ахборот тизимига интеграция қилинишини;

Вазирлар Маҳкамаси билан биргаликда икки ой муддатда «Агроплатформа» ахборот тизими орқали пахта хом ашёсини етиштирувчилар тўғрисидаги маълумотлар солиқ органларининг ахборот тизими билан интеграция қилинишини ҳамда солиқ органларига доимий тақдим этиб борилишини таъминласин.

5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А.Қўчқоров ҳамда Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири А.Б.Воитов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири

А.АРИПОВ.

Тошкент ш.,

2023 йил 14 август

379-сон.

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 15.08.2023 йилдан кучга кирди.

Прочитано: 141 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика