Norma.uz
Норма маслахатчи / 2023 йил / № 24 / Биз яшайдиган уй

Уй-жой соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш

 

Бошқарувчи ташкилот томонидан кўп квартирали уйларга хизматлар кўрсатишда турар жойлар мулкдорлари ва БК ўртасида УМШдаги эмас, балки умуман бошқача ҳуқуқий муносабатлар юзага келади. Бундай муносабатлар кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисидаги шартномага асосан йўлга қўйилади, унга мувофиқ, БК хизматлар ижрочиси (ишларни бажарувчи), мулкдорлар эса буюртмачилар (истеъмолчилар) ҳисобланадилар. Шунингдек уй-жой тўғрисидаги қонун ҳужжатларидан ташқари уларга «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун (кейинги ўринларда – Қонун) нормалари ҳам татбиқ этилади, бу ҳақда ККУдаги хонадон эгалари ва ҳатто БК ходимлари ҳам билмайдилар ёки унутиб қўядилар. Бошқарувчи компания уйдаги умумий мол-мулкни сақлаш ва таъмирлаш хизматларини кўрсатишда фуқароларнинг манфаатларини, талабларини бузган ҳолатларда улар мазкур ҳужжатнинг қайси нормаларига таянишлари мумкин? Уларга қандай ҳуқуқлар берилган ва Қонунга таянган ҳолда ушбу ҳуқуқлардан қандай фойдаланиш мумкин?

 

Мулкдорлар ва бошқарувчи ташкилотлар «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг таъсир доирасига тушадилар

Истеъмолчи – фойда чиқариб олиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда шахсий истеъмол ёки бошқа мақсадларда товар сотиб олувчи, иш, хизматга буюртма берувчи ёхуд шу ниятда бўлган фуқаро (жисмоний шахс).

Ижрочи – маиший хизмат, уй-жой-коммунал, таъмирлаш-қурилиш, транспорт хизмати ва хизмат кўрсатишнинг бошқа соҳаларида шартнома бўйича истеъмолчи учун ишлар бажарадиган ёки хизматлар кўрсатадиган корхона, ташкилот, муассаса ёки якка тартибда фаолият кўрсатувчи тадбиркор.

(Қонуннинг 1-м.)

Истеъмолчиларнинг асосий ҳуқуқлари

Истеъмолчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

• товар (иш, хизмат) ҳақида, шунингдек, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот олиш;

• товар (иш, хизмат)ни эркин танлаш ва унинг тегишли даражада сифатли бўлиши;

• товар (иш, хизмат)нинг хавфсиз бўлиши;

• ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулки учун хавфли нуқсони бўлган товар (иш, хизмат), шунингдек, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи)нинг ғайриқонуний ҳаракати (ҳаракатсизлиги) туфайли етказилган моддий зиён, маънавий зарарнинг тўлиқ ҳажмда қопланиши;

• бузилган ҳуқуқлари ёки қонун билан муҳофаза этиладиган манфаатлари ҳимоя қилинишини сўраб судга, бошқа ваколатли давлат органларига мурожаат этиш;

• истеъмолчиларнинг жамоат бирлашмаларини тузиш.

(Қонуннинг 4-м.)

 

Лозим даражада сифатли хизматларни олиш ҳуқуқи

Истеъмолчи шартнома тузиш йўли билан товарни (иш хизмат)ни эркин сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлиб, бу шартномага кўра сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) истеъмолчига муайян миқдордаги ва мақбул сифатли товарни мулк қилиб топшириш (иш бажариш, хизмат кўрсатиш) мажбуриятини, истеъмолчи эса, шартлашилган пулни тўлаш мажбуриятини ўз зиммаларига оладилар.

(Қонуннинг 8-м.)

 

Хавфсизлик кафолати

Истеъмолчи ўзи сотиб олган товар (иш, хизмат) санитария-гигиена, шу жумладан, радиология, эпидемияга қарши талабларга ва амалдаги бошқа нормалар ҳамда қоидаларга риоя этган ҳолда ишлаб чиқарилган ёки бажарилган бўлишига ва унинг ҳаёти, соғлиғи, атроф-муҳит учун хавфсиз бўлишига, шунингдек, унинг мол-мулкига зарар етказмаслигига кафолат берилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Ишлаб чиқарувчи (ижрочи) товар (иш, хизмат)нинг хизмат муддати ёки яроқлилик муддати мобайнида, агар бундай муддат белгиланмаган бўлса, товар истеъмолчига сотилган (иш бажарилган)дан эътиборан ўн йил мобайнида унинг хавфсиз бўлишини таъминлаши шарт.

Истеъмолчиларнинг ҳаёти, соғлиғи, мол-мулки ҳамда атроф-муҳит учун хавф туғдирувчи товар ишлаб чиқарганлик (иш бажарганлик, хизмат кўрсатганлик) учун қонунчиликка мувофиқ:

• ишлаб чиқарувчи (ижрочи);

• норматив ҳужжатларни тасдиқлаган орган;

• мувофиқлик сертификати берган орган;

• соғлиқни сақлаш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ветеринария хизмати органлари ёки хавфли товар (иш, хизмат)ни ишлаб чиқариш ёхуд реализация қилишга рухсат берган бошқа органлар жавобгар бўлади.

Товар (иш, хизмат)нинг хавфсиз бўлиши таъминланмаганлиги оқибатида истеъмолчининг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига етказилган зарар қопланиши лозим.

(Қонуннинг 12-м.)

 

Хизмат белгиланган муддатда кўрсатилиши лозим

Ижрочи айрим турдаги ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш) қоидаларида ёки шартномада белгиланган муддатда, ҳажмда ва сифатда ишни бажариши (хизмат кўрсатиши) шарт. Ишни бажариш (хизмат кўрсатиш) муддати иш бажарилиши (хизмат кўрсатилиши) лозим бўлган санага (даврга), шунингдек, ижрочи ишни бажаришга (хизмат кўрсатишга) киришиши лозим бўлган санага (даврга) қараб белгиланиши мумкин. Агар иш бажариш хизмат кўрсатиш шартноманинг амал қилиш муддати давомида қисмларга бўлиб-бўлиб адо этиладиган бўлса (вақтли матбуотни етказиб бериш, техник хизмат кўрсатиш ва бошқалар), ишлар бажариш (хизматлар кўрсатиш)нинг босқичма-босқич муддатлари (даврлари) назарда тутилиши керак. Агар ижрочи шартномани ижро этишга ўз вақтида киришмаса ёки шартноманинг белгиланган муддатда бажарилмаслиги аён бўлиб қолса, истеъмолчи ишни бажариш, хизмат кўрсатиш тўғрисидаги шартномадан воз кечишга ва етказилган зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақли.

(Қонуннинг 19-м.)

 

Шартнома шартлари бузилди:
истеъмолчилар ҳуқуқлари

Агар ижрочи шартнома шартларини иш (хизмат)ни ёмонлаштирган даражада жиддий бузган бўлса, ёхуд ишда (хизматда) бошқа жиддий нуқсонларга йўл қўйган бўлса, истеъмолчи ўз хоҳишига кўра:

• нуқсонлар бепул бартараф этилишини;

• бажарилган иш (кўрсатилган хизмат) баҳоси нуқсонларга мутаносиб равишда камайтирилишини;

• худди шундай сифатли шу хилдаги материалдан бошқа буюм бепул тайёрлаб берилишини ёхуд ишнинг такроран бажарилишини ёинки шартнома бекор қилиниб, кўрилган зарар тўлиқ қопланишини талаб қилишга ҳақли.

(Қонуннинг 19-м.)

 

Қандай вақт ичида сифатсиз бажарилган хизматлардаги камчиликларни бартараф этишни талаб қилиш мумкин?

Истеъмолчи юқорида кўрсатилган ҳуқуқларни:

• ишни (хизматни) қабул қилиб олиш вақтида ёки унинг бажарилиши жараёнида нуқсонлар аниқланган тақдирда;

• кафолат муддати давомида, кафолат муддати бўлмаган тақдирда эса, иш (хизмат) қабул қилиб олинган кундан эътиборан олти ой давомида;

• импорт ёки бошқа кўчмас мулкда нуқсонлар аниқланган кундан эътиборан икки йил давомида рўёбга чиқариши мумкин.

(Қонуннинг 19-м.)

 

Камчиликларни бартараф этиш муддатлари

Иш бажариш (хизмат кўрсатиш) жараёнида аниқланган нуқсонларни бартараф этиш муддатлари шартномада белгилаб қўйилади. Бажарилган иш (кўрсатилган хизмат)даги нуқсонлар, агар шартномада бирмунча қисқароқ муддат белгиланмаган бўлса, истеъмолчи талаб қилган кундан эътиборан йигирма кун ичида ижрочи томонидан бартараф этилиши керак. Нуқсонлар белгиланган муддатда бартараф этилмаган, шунингдек, иш бажаришни (хизмат кўрсатишни) бошлаш ва тугаллаш кечиктирилган тақдирда, ижрочи истеъмолчи ҳар бир кечиктирилган кун, соат (агар муддат соатларда белгиланган бўлса) учун иш (хизмат) қийматининг ёки буюртма қийматини (агар унинг қиймати алоҳида белгиланмаган бўлса) бир фоизи миқдорида неустойка (пеня) тўлайди. Истеъмолчи ундириб олган неустойка (пеня) суммаси иш бажариш (хизмат кўрсатиш)нинг алоҳида тури баҳосидан ёки буюртманинг умумий баҳосидан ортиқ бўлиши мумкин эмас.

(Қонуннинг 19-м.)

  

Камчиликларни бартараф этиш кечиктирилганлиги учун пеня. У зарарни қоплаш ҳисобига киритиладими?

Бажарилган ишдаги нуқсонларни бартараф этиш кечиктирилганлиги учун ижрочи тўлаган неустойка (пеня) қопланиши лозим бўлган зарар ҳисобига кирмайди.

Ижрочининг мажбуриятни умуман ёки лозим даражада бажарилмаганлик учун неустойка (пеня) тўлаши ва зарарни қоплаши уни мажбуриятни асл ҳолида бажаришдан озод этмайди.

Истеъмолчидан қабул қилиб олинган ашё (материал) йўқолган, ишдан чиққан, унга путур етган тақдирда ёки истеъмолчининг материалидан фойдаланиб бажарилган ишда жиддий нуқсонлар бўлса ё у бузиб бажарилган тақдирда ижрочи истеъмолчига айнан ўхшаш сифатли ашёни қайтариши (ўзининг айнан ўхшаш сифатли материалидан иш бажариши ёки хизмат кўрсатиши), бунинг имконияти бўлмаган тақдирда эса, ашёнинг (материалнинг) талаб қўйилган пайтдаги қийматини икки баравар қилиб тўлаши шарт.

Ижрочи томонидан ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатиш учун қабул қилиб олинаётган ашё (материал) қиймати шартнома тузиш пайтида томонларнинг келишувига мувофиқ белгиланади. Сифатсиз бажарилган иш (кўрсатилган хизмат) туфайли истеъмолчига етказилган зарар учун ижрочи ушбу Қонуннинг 20, 22, 27, 29-моддаларига мувофиқ жавобгар бўлади.

(Қонуннинг 19-м.)

 

Мавзувий сонни махсус мухбиримиз Ирина Гребенюк олиб боради.


Прочитано: 197 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика