Norma.uz
Норма маслахатчи / 2023 йил / № 24 / Биз яшайдиган уй

Бошқарувчи компания мулкдорларнинг розилигини олмасдан хизматлар учун тўловни ошириши мумкинми?

 

Уйдаги умумий мол-мулкни бошқариш амалиётида ушбу масала кўпинча мулкдорлар ва бошқарув органлари ўртасидаги низога сабаб бўлади. Уйда яшовчилар уй таъминоти учун мажбурий бадаллар ва тўловларни тўлагани ташриф буюрадилар ва УМШ ёки БК улар билан келишмасдан тўловни оширганлигига гувоҳ бўладилар. Шу билан бирга Уй-жой кодексининг 132-моддаси ва «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонуннинг (кейинги ўринларда – Қонун) 16-моддасида қайд этилишича, умумий мол-мулкни сақлаш, ундан фойдаланиш ва уни таъмирлаш ҳамда кўп квартирали уйга туташ ер участкасини ободонлаштириш учун жойлар мулкдорлари мажбурий бадалларининг ёки тўловларининг миқдори умумий йиғилиш қарори билан белгиланади. Ушбу нормалар БК хизматлари ҳақини ўзгартириш билан боғлиқ масалаларни белгиловчилар ҳисобланади. Мулкдорлар қуйидагиларни билиши лозим: агар тўлов миқдорини ошириш бир томонлама тартибда, умумий йиғилиш қарорисиз бўлганда, бу НҲҲ талабларини қўпол равишда бузиш ҳисобланади.  

 

Шартномани синчиклаб ўқиб чиқинг

Бизнинг қонунчилигимизда кўп квартирали уйлардаги хонадонлар мулкдорлари ва бошқарувчи ташкилот ўртасида тузиладиган бошқарув шартномасининг намунаси мавжуд эмас. Шу боисдан БК кўпинча Интернетдаги, кўп ҳолатларда Россия амалиётидаги турли вариантлардан фойдаланади, уларни ўзларининг имкониятларига ва маҳаллий қонунчилик талаблари доирасидаги ваколатларига мослаштирадилар. Кўпинча бу нотўғри бўлади, қонун талаблари бузилади. Шу боисдан, бошқарувчи компания билан шартномани имзолаётиб, уни синчковлик билан ўрганиб чиқиш, айниқса хизматлар учун тўловга оид бандларга алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Бир қатор шартномаларда БК ўз хизматлари учун тўловни бир томонлама тартибда ошириши мумкинлиги ҳақидаги бандларни учратиш мумкин, бироқ бу қонунчиликни бузиш ҳисобланади. Қонуннинг 28-моддасига мувофиқ шартномада жумладан шартнома нархини белгилаш тартиби, шунингдек умумий мол-мулкни сақлаш ва уни таъмирлаш учун тўловни тўлаб бериш тартиби кўрсатилиши лозим. Унда БК хизматлари учун тўловни шакллантириш тартиби, уни ўзгартириш шартлари, тўловни киритиш муддатлари ва белгиланган муддатлар бузилган тақдирда жазо чоралари, сифатсиз хизматлар кўрсатилганда қайта ҳисоб-китоб қилиш тартиби ва бошқалар акс эттирилиши лозим. Юқорида кўрсатилган, умумий йиғилиш қарори билан тўлов миқдорини ошириш имкониятини белгилайдиган нормага ҳавола берилиши шарт. Шунда БК уни ўзбошимчалик билан ўзгартира олмайди.

 

Умумий йиғилиш тўловни индексациялашни маъқуллаши керак

Бироқ амалиётда бир қатор шартномаларда бошқача тўлов тартиби белгиланган. Хусусан, уларнинг айримларига умумий уйдаги мол-мулкни сақлаш учун тўлов миқдорини умумий йиғилиш ўтказмасдан ва ушбу масалани мулкдорлар билан келишмасдан ҳар йили индексация қилиш шарти киритилган. Бироқ, қонунга мувофиқ уйдаги умумий мол-мулкни сақлаш ва таъмирлаш учун тўлов миқдорини ўзгартиришнинг асосий усули умумий йиғилиш қарори ҳисобланади. Агар умумий йиғилиш ўтказилмасдан тўлов миқдори оширилган бўлса, бу уй-жой тўғрисидаги қонунчилик ва истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилиши ҳисобланади. Шу тариқа қонунлар тўлов миқдорини белгилашнинг очиқ-ошкоралигини таъминлайди ҳамда БК билан ўзаро муносабатлардаги энг заиф тараф ҳисобланадиган мулкдорларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини кафолатлайди.

ККУларга хизмат кўрсатиш, умумий мол-мулкни таъмирлаш жараёнида бозорда қурилиш материаллари, инвентарь, арматура ва бошқа материаллар нархи ошиши мумкин. Пудратчи ташкилотларнинг хизматлари, чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш, электр энергияси нархлари кўтарилмоқда (уйда яшовчилар йўлаклар ёритилиши учун ҳақ тўлайдилар). Даромадлар ва харажатлар сметаси, шунингдек улар асосида ҳисобланган тўловда одатда инфляция жараёнлари ҳисобга олинмайди. Шу боисдан шартномага тўлов миқдорини индексациялаш тартибини киритиш мақбул бўлади. Буни қонун ҳужжатлари талабларини бузмаган ҳолда қандай амалга ошириш мумкин? БК уй-жой мулкдорларининг умумий йиғилишини ўтказмасдан тўлов миқдорини индексациялаши мумкинми?

Мумкин, бунинг учун уй-жой мулкдорлари йиғилишининг баённомасида улар индексацияга асосан БК хизматлари нархини ҳар йили қайта кўриб чиқишга розилик билдирганлиги кўрсатилиши лозим. Бундай ҳолатларда индексация шартнома шартларида назарда тутилган бўлиши керак, унда индексация ўтказиш тартиби кўрсатилиши лозим. Хусусан, шартномага мулкдорларнинг розилиги билан (умумий йиғилиш қарорига асосан) БК уйдаги умумий мол-мулкка хизмат кўрсатиш учун фойдаланиладиган қурилиш материаллари ва уй-жой-коммунал хизматлар нархлари индексациясини ҳисобга олган ҳолда ҳар йили тўлов миқдорини оширишга ҳақли бўлади. Бундай ҳолатда бошқарувчи ташкилот томонидан ушбу масалани яна умумий йиғилишда кўриб чиқишга қўйилмайди, у тўлов миқдорини қўшимча равишда йиғилиш чақирмасдан индексация қилиши мумкин. Бу БКнинг бир томонлама қарори бўлмайди, чунки индексация қилиш тартиби тарафларнинг келишувига биноан белгиланган. Умумий йиғилишда баённома билан расмийлаштирилган тегишли қарор қабул қилингач ва бундай шартларда бошқарув шартномаси тузилгач, мулкдорлар амалда уйдаги умумий мол-мулкни сақлаш ва таъмирлаш учун тўлов миқдорини кейинчалик ўзгартириш (ошириш) тартибини йиллик индексацияни ҳисобга олган ҳолда белгилайдилар. Бундай тартибда тўлов миқдорини белгилашда мулкдорлар томонидан ушбу масала бўйича қўшимча қарор қабул қилиниши талаб этилмайди.

 

Очиқ-ошкоралик қандай таъминланади?

Индексация ўтказишнинг ошкоралигини таъминлаш мақсадида бошқарувчи компания йиллик ҳисоботда мулкдорлар учун асосларни тақдим этиши керак: йил мобайнида қимматлашган, ККУга хизмат кўрсатиш ва таъмирлашда фойдаланиладиган муайян материаллар нархининг индексини келтириши лозим. Зеро ноҳалол БКлар асоссиз равишда тўлов миқдорини оширмаслигига ҳеч қандай кафолат йўқ. Республикада уй-жой-коммунал хизматларга (қурилиш материаллари, энергия ресурслари) истеъмол нархлари индекси ЎзР Президенти ҳузуридаги Статистика агентлигининг сайтида фойдаланиш учун очиқ ҳолда эълон қилинади. Мулкдорлар хоҳишига қараб, нархларнинг ошиш суръатлари фоизини ҳисобга олиб белгиланган ККУдаги умумий мол-мулкни сақлаш учун тўлов миқдорини текшириб кўришлари мумкин.

БК мулкдорлар билан келишмасдан бир томонлама тартибда хизматлар учун тўлов миқдорини кўтарганда ёки нархлар индексини оширганда нима қилиш керак?

Уйда яшовчилар бошқарувчи компанияга қайта ҳисоб-китоб қилиш талаби билан ёзма равишда мурожаат қилишлари керак. Агар бу ҳаракатлар иш бермаса – уй-жой инспекциясига бошқарувчи ташкилот томонидан уй-жой тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг қоидалари бузилганлиги ва текширувлар ўтказиш зарур эканлиги тўғрисидаги аризани юбориш лозим. Уй-жой инспекциясининг инспектори умумий йиғилиш ўтказилмасдан тўлов миқдори оширилганлиги далилини қайд этиши ва БКга бундай ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш тўғрисида кўрсатма беради.

 

Мавзувий сонни махсус мухбиримиз Ирина Гребенюк олиб боради.

Прочитано: 171 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика