Norma.uz
Норма маслахатчи / 2023 йил / № 24 / Биз яшайдиган уй

ККУнинг бошқарув органи мажбурий бадаллар ёки тўловлар бўйича қарздорни электр тармоғидан узиб қўйишга ҳақлими?

 

ККУдаги умумий мол-мулкни сақлаш учун мажбурий бадаллар ёки тўловларни тўламайдиганлар билан қандай курашиш ҳақидаги масалани муҳокама қилаётганда, кўпчилик авваллардаги каби кескинроқ бўлишниқарздорларда электр энергияси ва бошқа коммунал хизматлар таъминотининг узиб қўйилишини таклиф қилишади. Кўп квартирали уйларни бошқариш органлари (УМШ, БК) илгари тўлов тўламайдиганлар билан курашишнинг шундай чораларини амалиётда тез-тез қўллаб турганлар. Ҳозир ҳам бошқарувчилар уй аҳлига: бадаллар ёки тўловлар бўйича қарзни тўламасангиз электр тармоғидан ўчирамиз деб дағдаға қилишади. Бунга ҳақли эканликларини қўшиб қўядилар. Улар буни етказиб берувчилар ресурсларни уйгача олиб келиши, уй ичидаги тармоқлар учун эса бошқарув органи жавоб бериши билан асослашади. Уйда яшовчилар умумий мол-мулк таъминоти, шу жумладан муҳандислик коммуникациялари учун тўловни киритмасалар, бошқарув органи мулкдорларнинг электр энергиясидан ёки бошқа коммунал маҳсулотлардан фойдаланишини чеклашга ҳақли бўлади. «Бу ҳуқуқбузарлик ҳисобланмайдими? – деб сўрайдилар уйда яшовчилар. – Ахир бизда коммунал тўловлар бўйича қарздорлик мавжуд эмас. Қонун ҳужжатларида бу масала қандай тартибга солинади? Бошқарув органи тўловни тўламайдиганларга нисбатан таъсир чораси сифатида уларни электр энергияси ёки бошқа коммунал маҳсулотлар таъминотидан узиб қўйиши мумкинми?».  

 

– Албатта, кўп квартирали уйдаги хонадон эгаси УМШга ўз вақтида мажбурий бадалларни ёки БКга умумий мол-мулкни сақлаш учун тўловларни киритиши лозим. Қонунчиликда ва шартнома шартларида (агар БК ҳақида сўз юритилаётган бўлса) ишлар ёки хизматлар рўйхати назарда тутилган, улар учун мулкдор бадалларни ёки тўловларни тўлаши шарт бўлади. Электр энергияси ва бошқа коммунал маҳсулотларнинг етказиб берилиши шартномага ҳам, бошқарув органининг мажбуриятларига ҳам киритилмайди. Истеъмолчи етказиб берувчи билан коммунал хизматлар кўрсатилиши учун шартнома тузади. Бошқарув органи коммунал маҳсулотлар истеъмолчига қадар етказиб бериладиган уй ичидаги тармоқларнинг бут сақланиши учун жавобгар бўлади. Бундан келиб чиқиб, бошқарувчи ташкилот томонидан уй аҳлини умумий мол-мулкни сақлаш учун тўловларни тўламаганлиги учун электр энергиясидан узиб қўйилиши ёки бошқа коммунал хизматлар кўрсатилмаслиги уй-жой тўғрисидаги қонунчиликнинг ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилиши ҳисобланади.

Бундан ташқари, бошқарув органи шундай хатти-ҳаракатлари билан бадаллар ёки тўловларни ўз вақтида тўлаб келадиган ва қўшниларида қарздорлик юзага келишида айбдор бўлмаган уйдаги бошқа яшовчиларга зарар етказиши мумкин. Қоида тариқасида, БК ёки УМШ томонидан уйдаги умумий мол-мулкка хизмат кўрсатиш бўйича қарзлар учун бутун уйда ёки йўлакда электр энергияси узиб қўйилган. Бироқ уй аҳлининг қарзлари ширкат ёки бошқарувчи компания томонидан электр энергияси узиб қўйилиши ёки бошқа коммунал хизматлар кўрсатилмаслиги учун сабаб бўла олмайди. Бу етказиб берувчининг ваколатига тегишли ишдир.

 

 

Истеъмолчиларни электр энергияси тармоқларидан узиб қўйиш тартиби қандай?

Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларининг (12.01.2018 йилдаги 22-сон ВМҚга 1-илова) 70-бандида белгиланишича, маиший истеъмолчилар ҳар ойнинг 10-санасига қадар ўтган ойда истеъмол қилинган электр энергияси учун тўлиқ ҳисоб-китоб қилишлари шарт. Ушбу муддат ўтгандан кейин қарздорлик мавжуд бўлганда, маиший истеъмолчилар белгиланган тартибда электр тармоқларидан мажбурий узилади. Бундай тартиб Истеъмолчиларни электр энергияси ва табиий газ тармоқларидан узиб қўйиш тартиби тўғрисидаги низомда (10.07.2017 йилдаги 484-сон ВМҚга 2-илова 2-боби) назарда тутилган.

Электр энергияси етказиб берилишидан узиб қўйиш регламенти қуйидаги чора-тадбирларни назарда тутади:

1. Истеъмол қилинган электр энергияси ва табиий газ учун қарзи мавжуд бўлган истеъмолчиларнинг рўйхати энергия ресурслари етказиб берувчилар томонидан шакллантирилади ҳамда ҳар ойнинг 11-санасидан бошлаб ҳар куни ­идоралараро ягона электрон ахборот тизими орқали Мажбурий ижро бюросига (Бюро) тақдим этилади.

2. Бюро истеъмол қилинган электр энергияси ва табиий газ учун қарзлари мавжуд бўлган истеъмолчиларнинг энергия ресурслари етказиб берувчилар томонидан шакллантирилган ва тақдим этилган рўйхатлари асосида истеъмолчиларни қарзни 5 кун муддатда тўлаш зарурлиги тўғрисида (қоидага кўра, СМС-хабар шаклида) хабардор қилади.

3. Бюро истеъмолчилар хабардор қилинган пайтдан бошлаб беш кун муддат ўтгандан кейин қарзларни мажбурий, шу жумладан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда истеъмолчиларни электр ва газ тармоқларидан узиб қўйиш йўли билан ундириш чораларини кўради.

4. Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳолатлари аниқланган тақдирда, электр энергиясидан фойдаланиш тартибини назорат қилиш гуруҳининг давлат инспектори уларни электр тармоқларидан дарҳол узиб қўйиш ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликка тортиш чораларини кўради.

5. Электр энергияси истеъмолчилари узиб қўйиладиган электр тармоқларининг нуқталари Бюро ходимлари томонидан назорат тартибида мажбурий пломбаланиши шарт.

6. Бюронинг туманлар (шаҳарлар) электр энергиясидан фойдаланиш тартибини назорат қилиш гуруҳининг давлат инспектори томонидан истеъмолчи электр тармоқларидан узиб қўйилганда, тармоқдан узиб қўйиш ҳақида икки нусхада далолатнома расмийлаштирилади, унинг бир нусхаси истеъмолчига берилади.

7. Истеъмолчи далолатномани имзолашдан бош тортган тақдирда далолатномага бу ҳақда тегишли ёзув киритилади. Бош тортиш икки нафар гувоҳ ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи вакили томонидан тасдиқланиши лозим. Бунда истеъмолчи далолатномада унинг мазмуни бўйича тушунтириш ва эътирозларни, шунингдек имзолашдан бош тортиш сабабларини баён этиш ҳуқуқига эга (6, 7-бандлар деярли ижро қилинмаяпти).

8. Электр тармоқларидан узиб қўйилган истеъмолчилар ҳақидаги маълумотлар Бюронинг туманлар (шаҳарлар) электр энергиясидан фойдаланиш тартибини назорат қилиш гуруҳининг давлат инспектори томонидан идоралараро ягона электрон маълумотлар тизимига киритилади.

 

Мавзувий сонни махсус мухбиримиз Ирина Гребенюк олиб боради.

Прочитано: 317 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика