Машҳур куй-қўшиқлар бастакори Имомжон ИКРОМОВ (1891–1980) ҳаёти ва ижодига чизгилар
• Тақиқларни енгиб ўтган ашулалар
• Госпиталдан… радиога
ХХ аср ўзбек мусиқаси биринчи авлодига мансуб буюк ўзбек бастакори, созандаси ва педагог-устози Имомжон Икромов 1891 йил 29 апрелда Тошкентда зиёлилар оиласида туғилган. 7–8 ёшидан отаси ва бошқа яхши инсонлар кўмагида машҳур созанда ва ҳофиз Солихон Ҳожига шогирд тушиб, ўн йил ғижжак, танбур ва дутор чалиш сирларини ҳамда халқ мусиқасини ўрганган.
Ўсмирлик йиллари Биринчи жаҳон уруши йилларига тўғри келади, ўша йилларда маълум вақт Тошкент бойларидан бирининг корхонасида пиркашулик (приказчиклик) қилган. Уруш авж олган паллада мустақил тарзда совунгарлик ҳунари билан шуғулланди. 1917–1927 йиллар Тошкент ва Самарқанд театрларида мусиқачи бўлиб ишлади, қатор иш мактаблари ва ўқув юртларида мусиқадан дарс берди...
И.Икромов 1927 йилда Ўзбекистон радиоси Ўзбек миллий ансамблининг илк ташкилотчиларидан бўлди. 1927–1941 йилларда ушбу ансамблнинг мусиқа раҳбари, 1941–1947 йилларда эса бадиий раҳбари сифатида самарали ишлади...
Шу даргоҳда ижодкор бастакорлик билан фаол шуғуллана бошлади ва фаолияти давомида 200 дан зиёд офатижон куй-қўшиқ ва сюиталар басталади. Бу ижод намуналарининг кўпчилик қисми бугунги кунда ўзбек халқининг мумтоз асарлари қаторидан жой олиб, олтин меросига айланган...
1938–1940 йилларда бастакор «Муножот», «Чўли ироқ», «Ажам» номли халқ куйлари ва Алишер Навоийнинг «Келмади», «Айт», «Этмуш мани» радифли ғазаллари асосида уни машҳур қилган ашулаларини басталади. Жуда хатарли қатағон даври туфайли ашулалар мазмунини бир оз пардалаб, дунёвий ишқ-муҳаббат кўриниши беришни ўйлаб, уларни «Сарви гулрў келмади», «Дилоромимга айт», «Бир пари» деб номлади. Аммо, бари бир қатағон даҳшати бу ашулаларни эълон қилиш имконини бермади. Уларга тақиқ қўйилди. Бастакор буюк мутафаккир шоиримиз таваллудининг 500 йиллиги расман нишонланишини кутди. Аммо, фашистлар Германияси томонидан бошлаб юборилган уруш туфайли Навоий юбилейи кейинга қолдирилади...
Уруш бошида фашистлар армияси кучайгандан-кучайиб, Иттифоқ ичкариси томон шиддат билан бостириб келавергач, ҳукумат мамлакат аҳли қалбига далда бўладиган, руҳини мустаҳкамлайдиган, ватанпарварлик туйғуларини уйғотадиган халқона санъат асарлари яратиш ва мунтазам эшиттириш заруриятини тушунди. Уруш бошланиши биланоқ тарқатиб юборилган Иттифоқ радиоларининг бадиий жамоалари зудлик билан қайта тикланди. Ўзбекистон радиоси Ўзбек миллий ансамблини тиклаш вазифаси 1941 йилнинг сентябрь ойида И.Икромов зиммасига юклатилди. Бастакор ансамблга тажрибали санъаткорлар қатори иқтидорли ёшларни ҳам топиб, жалб этди. Репертуарни бойитиш, ижро маҳоратини оширишга алоҳида эътибор берди. Ансамбль репертуарида халқ дардини куйловчи, оғриқли қалбига малҳам бўлиб, ватанпарварлик туйғуларини аланга олдирувчи мумтоз ва халқона асарлар кўп бўлишига интилди. Жамоа тезда олдинги шуҳратини тиклади...
И.Икромов ўша паллада номлари аввал зикр этилган тақиққа тушган ашулаларини Бадиий кенгаш муҳокамасига қайта қўйди. Ўшанда «Сарви гулрў келмади» («Муножот») ва «Дилоромимга айт» («Чўли ироқ») репертуар учун тасдиқ олган бўлса-да, аммо «Бир пари» («Ажам») тасдиқланмади. Кенгашдаги айрим «холислар» «Бир пари»да сўфиёна кечинма очиқ-ойдин куйланяпти деб туриб олдилар... Кейинги даврларда ҳам «холис хизматлар» тўхтамади. Масалан, 1946 йили қатағон шароитидан фойдаланиб, улар бастакор озодлиги ва ҳаётига очиқ чанг солдилар. Ундан кейинги даврларда ҳам бастакор ижодий обрўйига зимдан зарар етказиб турдилар. «Бир пари» куйи ва яна бошқа қатор асарлар тақиқда қолиб кетди. И.Икромовнинг кўп бора уринишлари самарасиз кечди ва орадан 35 йил ўтгачгина, бастакор умрининг охирларида (1977 й.) «Бир пари» ашуласи Кенгаш томонидан тасдиқланди ҳамда радио магнит тасмасига ёздирилди...
1942 йилнинг ёзида Радио ансамбли Тошкент госпиталида концерт берди. И.Икромов жангчи ярадорлар билан суҳбат қилар экан, госпиталдаги ҳамширалар орасида яхши ашула айтадиган бир қиз борлигидан хабар топди. Берта исмли қиз санъаткор қаршисида Ҳалима Носированинг «Оқ рўмолим» ашуласини ярмигача куйлайди-ю, ҳаяжон босиб охирига етказолмай қочиб кетади... Аммо бастакор ҳамширада кучли, дардга тўла гўзал овоз борлигини дарҳол пайқайди. Шу куннинг эртаси Берта Давидова деган ҳамшира госпиталдан радио остонасига қадам қўяди...
1943 йил январь ойининг изғиринли тонгларидан бирида Ўзбекистон радиоси орқали «Муножот» ашуласи илк бор янгради... Халқ янги ашуладан лол қолди, унда халқнинг қалбидаги дард, илтижо, муҳаббат ва аламлар ифода этаётгандек эди гўё…
«Сарви гулрў келмади» ашуласи эшиттирилган вақтлар ҳам бутун Ўзбекистон шаҳар ва қишлоқларига илинган радио карнайлар остида халойиқ тўпланадиган ва ашулани йиғлаб туриб охиригача тинглайдиган бўлди...
«Сарви гулрў келмади» билан кетма-кет эфирга чиқарилган «Чўли ироқ» ашуласи ҳам Бобохон ва Акмалхон Сўфихоновлар ижросида худди ўшандай шуҳрат топди...
Лекин халқимизда «Мевали дарахтга тош отилади», деган гап бор. Уруш охирлаган сари давлатнинг репертуар сиёсати яна кескин тарзда ўзгарди – агрессив-ташвиқий тус олди, текшир-текширлар бошланди, ҳасад аҳли жонланди, ижодий рақибларни обрўсизлантириш, санъат ривожидаги хизматларини йўққа чиқариш режалари тузила бошланди...
Репертуарга бағишланган кенгашда бастакорнинг «Муножот», «Чўли ироқ», «Тортадур» каби қатор асарлари ўзининг мунгли руҳияти билан феодал ўтмишни қўмсаш деб топилиб, бастакор кенгаш сўнггида ҳибсга олинади. Аммо, уни Оллоҳ асради, яхши одамлар саъй-ҳаракати билан омон қолди...
Имомжон Икромовга ХХ аср ўзбек мусиқасини яратиш ва ривожлантиришдаги улкан ҳиссаси учун 1940 йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, 1953 йилда Ўзбекистон халқ артисти фахрий унвонлари берилган. Лекин, энг катта унвонни унга халқ берди – унинг асарлари ўзбек халқи қалбидан чуқур жой олиб, миллий маданий бойликлар қаторига кирди.
Ҳамиджон ИКРОМОВ,
санъатшунослик фанлари номзоди, профессор,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси,
Нодир АЛИМОВ, журналист.