Norma.uz
СБХ / 2023 йил / № 11 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

«Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилиш жараёнларини жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

 

Мамлакатимизда давлат улуши мавжуд хўжалик жамиятлари ва давлат унитар корхоналарида (кейинги ўринларда – давлат иштирокидаги корхоналар) корпоратив бошқарувни жорий этиш, уларнинг операцион самарадорлигини ошириш ва очиқлигини таъминлаш бўйича тизимли ишларни давом эттириш, шунингдек, давлат иштирокидаги корхоналарнинг бозор механизмларига ўтишини жадаллаштириш мақсадида:

1. 2023–2025 йилларда ислоҳ қилинадиган ва операцион самарадорлиги ошириладиган давлат иштирокидаги йирик корхоналар рўйхати иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлигига (кейинги ўринларда – Стратегик ислоҳотлар агентлиги) мазкур корхоналарни ислоҳ қилиш вазифаси юклансин.

2. Белгилансинки:

Стратегик ислоҳотлар агентлиги «UzAssets» инвестиция компанияси» АЖ (кейинги ўринларда – «UzAssets» инвестиция компанияси) ва мазкур қарорга иловада кўрсатилган давлат иштирокидаги корхоналарда давлат акция пакети (улуши) бўйича акциядор (иштирокчи) функциясини амалга оширади;

мазкур қарорга иловада кўрсатилган давлат иштирокидаги корхоналар устав капиталидаги давлат акция пакетлари (улушлари) «UzAssets» инвестиция компаниясига бошқарувга берилади;

«UzAssets» инвестиция компанияси томонидан унга бошқарувга берилган корхоналарнинг ижроия органи ва кузатув кенгаши аъзоларини тайинлаш ҳамда соф фойдани тақсимлаш масалалари юзасидан қарорлар белгиланган тартибда келишилган ҳолда қабул қилинади;

«UzAssets» инвестиция компанияси томонидан халқаро консалтинг, аудиторлик ва инвестиция маслаҳатчилари, инвестиция банклари ва бошқа ихтисослашган компанияларни жалб этиш энг яхши таклифларни танлаб олиш асосида амалга оширилади. Бунда, улар билан тузиладиган шартномаларни экспертизадан ўтказиш талаб этилмайди;

давлат хизматчилари давлат иштирокидаги корхоналар кузатув кенгаши таркибига киритилиши мумкин, ушбу корхоналар фаолиятини лицензиялаш, тартибга солиш ва уларнинг молия-хўжалик фаолиятини текшириш вазифалари юкланган давлат органларининг ходимлари (давлат органларининг раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарларидан ташқари) бундан мустасно;

бошқариладиган инвестиция активлари ўртача йиллик қийматининг камида 5 фоизи миқдорида ўз моддий активларига эга бўлиш тўғрисидаги талаб «UzAssets» инвестиция компаниясига нисбатан татбиқ этилмайди.

3. Стратегик ислоҳотлар агентлигининг «UzAssets» инвестиция компаниясига қуйидаги қўшимча вазифаларни юклаш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин:

иқтисодиёт учун муҳим аҳамиятга эга бўлган йирик корхоналарни ислоҳ қилиш, шу жумладан экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув (ESG) тамойилларини жорий этиш ҳамда хусусий секторни жалб қилиш;

корхоналарнинг рентабеллиги ва операцион самарадорлигини ошириш, молиявий барқарорлигини таъминлаш ҳамда бизнес-жараёнларни оптималлаштириш;

Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотининг корпоратив бошқарув бўйича тавсияларини жорий этиш орқали ўзига бошқарувга берилган корхоналарнинг самарали бошқарилишини ва барқарор ривожланишини таъминлаш ҳамда уларнинг қийматини ва инвестицион жозибадорлигини ошириш;

ўзига бошқарувга берилган корхоналарнинг ижроия органи ва кузатув кенгашига маҳаллий ҳамда хорижий малакали менежерларни жалб қилиш.

4. Стратегик ислоҳотлар агентлиги ва «UzAssets» инвестиция компаниясининг давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилиш ва бошқариш билан боғлиқ харажатларини молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:

мазкур қарорга иловада келтирилган давлат иштирокидаги корхоналар томонидан давлат улуши бўйича ҳисобланган дивидендлар (бундан қонун ҳужжатларига асосан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ўтказиладиган қисми мустасно);

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлигини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

5. Давлат активларини бошқариш агентлиги, тегишли вазирлик ва идоралар икки ҳафта муддатда мазкур қарорда назарда тутилган ўзларига тегишли акция пакетлари (улушлари) Стратегик ислоҳотлар агентлигига ўтказилишини таъминласин.

6. Стратегик ислоҳотлар агентлиги (Ш.Вафаев):

а) бир ой муддатда:

«UzAssets» инвестиция компанияси ташкилий тузилмаси ва ички корпоратив ҳужжатларини тасдиқласин, ижроия органи ва кузатув кенгаши таркибини шакллантирсин;

«UzAssets» инвестиция компанияси томонидан унга бошқарувга берилган ҳар бир корхонага консультантлар жалб қилинишини таъминласин ва корхоналарни ислоҳ қилиш графигини тасдиқласин;

Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни киритсин;

б) икки ой муддатда «UzAssets» инвестиция компаниясининг самарадорлик муҳим кўрсаткичларини назарда тутган ҳолда, унинг бизнес-режасини тасдиқласин;

в) 2023 йил 1 июлга қадар «UzAssets» инвестиция компанияси томонидан унга бошқарувга берилган корхоналарнинг бизнес-режалари қайта кўриб чиқилишини таъминласин.

7. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари С.У.Умурзаков зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш.МИРЗИЁЕВ.

Тошкент ш.,

2023 йил 1 март

ПҚ-83-сон.

ЎзР Президентининг 2023 йил 1 мартдаги ПҚ-83-сон қарорига
ИЛОВА

2023–2025 ЙИЛЛАРДА ИСЛОҲ ҚИЛИНАДИГАН ВА ОПЕРАЦИОН САМАРАДОРЛИГИ ОШИРИЛАДИГАН ДАВЛАТ ИШТИРОКИДАГИ ЙИРИК КОРХОНАЛАР
РЎЙХАТИ

Т/р


Корхоналар номи


Амалдаги акциядор (таъсисчи, муассис)


Давлат улуши, %


1.


«Навоий КМК» АЖ


Иқтисодиёт ва молия вазирлиги


100,0


2.


«Навоийуран» ДК


Давлат активларини бошқариш агентлиги


100,0


3.


«Олмалиқ КМК» АЖ


Давлат активларини бошқариш агентлиги


98,5


4.


«Ўзметкомбинат» АЖ


Давлат активларини бошқариш агентлиги


81,1


5.


«Ўзбекнефтгаз» АЖ


Давлат активларини бошқариш агентлиги


99,9


6.


«Ўзтрансгаз» АЖ


Иқтисодиёт ва молия вазирлиги


99,5


7.


«Ҳудудгазтаъминот» АЖ


Иқтисодиёт ва молия вазирлиги


100,0


8.


«UzGasTrade» АЖ


Иқтисодиёт ва молия вазирлиги


100,0


9.


«Ўзбекистон МЭТ» АЖ


Иқтисодиёт ва молия вазирлиги


100,0


10.


«Иссиқлик электр станциялари» АЖ


Иқтисодиёт ва молия вазирлиги


100,0


11.


«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ


Иқтисодиёт ва молия вазирлиги


100,0


12.


«Ўзбекгидроэнерго» АЖ


Иқтисодиёт ва молия вазирлиги


100,0


13.


«Ўзкимёсаноат» АЖ


Иқтисодиёт ва молия вазирлиги


100,0


14.


«Навоийазот» АЖ


Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, «Ўзкимёсаноат» АЖ


100,0


15.


«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ


Иқтисодиёт ва молия вазирлиги


100,0


16.


«Uzbekistan airways» АЖ


Иқтисодиёт ва молия вазирлиги


100,0


17.


«Uzbekistan Airports» АЖ


Иқтисодиёт ва молия вазирлиги


100,0


18.


«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ


Транспорт вазирлиги


100,0


19.


«Ўзавтосаноат» АЖ


Иқтисодиёт ва молия вазирлиги


100,0


20.


«Ўзбектелеком» АЖ


Рақамли технологиялар вазирлиги


96,2


21.


«Ўзбекистон почтаси» АЖ


Рақамли технологиялар вазирлиги


31,51


22.


«Ўзбеккўмир» АЖ


Давлат активларини бошқариш агентлиги


97,9


23.


«Агробанк» АТБ


Иқтисодиёт ва молия вазирлиги


52,2


24.


«Асакабанк» АТБ


Иқтисодиёт ва молия вазирлиги


10,7


25.


«Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ


Иқтисодиёт ва молия вазирлиги


13,1


26.


АТ «Халқ банки»


Иқтисодиёт ва молия вазирлиги


22,4


27.


«Туронбанк» АТБ


Иқтисодиёт ва молия вазирлиги


8,7


28.


«Қишлоққурилишбанк» АТБ


Иқтисодиёт ва молия вазирлиги


74,5


29.


«Алоқабанк» АТБ


Иқтисодиёт ва молия вазирлиги


3,8


30.


«Ўзмиллий банк» АТБ


Иқтисодиёт ва молия вазирлиги


40,7


31.


«Микрокредитбанк» АТБ


Иқтисодиёт ва молия вазирлиги


70,8


 

 

Изоҳ: давлат улуши миқдори ўзгарган тақдирда, улуш Стратегик ислоҳотлар агентлигига ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда ўтказиб берилади.

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 2.03.2023 йилдан кучга кирди.

Прочитано: 195 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика