Norma.uz
Норма маслахатчи / 2022 йил / № 07 / Биз яшайдиган уй

Янги қурилган уй-жойни ким бошқаради?

 

Янги қурилган уйдан квартира сотиб олдим. Уй фойдаланишга топширилган, лекин уни ким бошқараётганлиги номаълум. Бизда ширкат тузилмаган, бошқарувчи ташкилот ҳам мавжуд эмас. Уйга хизмат кўрсатишга боғлиқ масалалар юзага келмоқда, кимга мурожаат қилишни билмаяпмиз. Ёнимиздаги кўп қаватли уйда ҳам шу аҳвол. Уй аҳлининг айтишича, уйни қурувчи бошқараётган экан.

Қонун ҳужжатларида бунга рухсат этилганми? Янги қурилган уйларни бошқариш қандай ҳужжатлар билан тартибга солинади? 

 

2021 йил 1 октябрдан бошлаб қурилиши тугалланган ва фойдаланишга қабул қилинган кўп квартирали уй-жойни бошқариш биринчи икки йилда қурувчи томонидан амалга оширилади. Мазкур муддатга кўп квартирали уй-жой эксплуатациясининг кафолат муддати жорий қилинади. Бу Президентнинг «Кўп квартирали уй-жойларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори (19.06.2021 йилдаги ПҚ-5152-сон) 7-банди «г» кичик бандида белгиланган. Шунингдек қурувчи томонидан мазкур вазифани амалга ошириш учун шартномага асосан бошқарувчи ташкилот жалб қилиниши мумкинлиги назарда тутилган. Биринчи икки йил ичида кўп квартирали уй-жойдаги қурувчидан ташқари мулкдорларнинг сони 50%дан ошган тақдирда, мулкдорлар томонидан белгиланган тартибда умумий йиғилишнинг қарорига мувофиқ кўп квартирали уй-жойни бошқариш усули танланади.

«Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонуннинг 22-моддасида назарда тутилишича, кўп квартирали уйни бошқариш усулини танлаш тўғрисида жойларнинг мулкдорлари ўртасида келишувга эришилмаган тақдирда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг ҳудудий бўлинмаси 3 ойлик муддатда кўп квартирали уйни бошқариш органи вазифаларини амалга оширувчи бошқарув ташкилотини ёки бошқарувчини белгилайди. Агар кўп квартирали уйни бошқариш усули тўғрисидаги масала ҳал этилмаган бўлса, Уй-жой-коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг ҳудудий бўлинмаси кўп квартирали уйни бошқариш учун бошқарувчи ташкилотни ёки бошқарувчини танлаш бўйича очиқ танлов ўтказади.

Кўп квартирали уйни бошқариш усули умумий йиғилишнинг қарори асосида исталган вақтда ўзгартирилиши мумкин. Умумий йиғилишнинг бошқарув усулини танлаш тўғрисидаги қарори мазкур ККУдаги барча жойларнинг мулкдорлари учун мажбурийдир.

Прочитано: 372 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика