Norma.uz
Норма маслахатчи / 2022 йил / № 07 / Биз яшайдиган уй

Сотувчининг қарзини харидор тўлайди

 

2022 йил 1 январдан бошлаб кўчмас мулк олди-сотди шартномасини расмийлаштиришда янги мулкдорлар аввалги мулкдорларнинг ККУни сақлаш бўйича мажбурий бадаллар ёки тўловлар бўйича қарздорлиги мавжудлиги ҳақида огоҳлантирилиши лозим. Бу Президентнинг «Кўп квартирали уй-жойларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори (19.06.2021 йилдаги ПҚ-5152-сон) 7-банди «ж» кичик бандида назарда тутилган. Ҳужжатда белгиланишича, нотариал идоралар томонидан мулкдорларнинг бошқарувчи олдида қарздорлиги мавжуд бўлган тақдирда, унинг миқдори уй-жойларга бўлган мулк ҳуқуқини расмийлаштиришда тегишли шартномада акс эттирилади ва янги мулкдор ушбу қарздорлик ҳақида огоҳлантирилади. Бироқ бу масаланинг ечими бўла олмайди. «Норма маслаҳатчи»нинг мавзувий нашрида квартиранинг янги эгаси уни сотиб олгандан кейин бироз вақт ўтгач аввалги эгасининг уйнинг таъминотига оид мажбурий бадаллар бўйича катта қарзи борлигини тўсатдан билиб қолган муаммоли ҳолатлар мавзуси бир неча бор кўтарилган эди. Сабаби шундаки, илгари олди-сотди шартномасида сотувчи қарзи йўқлигини маълум қилганлиги, харидор эса, агар қарздорлик аниқланганда уни тўлашга розилиги қайд этилган, бундай шартномаларни ўқиб чиқишда харидорлар эътиборсизликка йўл қўйганлар. Энди квартирани расмийлаштиришда харидорнинг ўзи танлаши керак бўлади: истаса бошқа шахснинг қарзлари билан сотиб олсин, истамаса йўқ, асосийси, у қарздорлик ҳақида огоҳлантирилган бўлади. Йиллар давомида тўлов тўламаган ва катта миқдордаги қарздорлик билан квартирани сотаётган сотувчига нисбатан ҳеч қандай чора кўрилмайди. Хавотирга ўрин йўқ, харидор расмий равишда огоҳлантирилган. Бироқ моҳиятига кўра, битим тузилгунига қадар сотувчи ўз қарзини сўндириши, харидор эса бегонанинг қарзлари унинг гарданига тушмаслигига ёки охир-оқибатда ноқулай аҳволда қолдириб кетмасликларига ишонч ҳосил қилиши лозим. 

 

Коммунал тўловлар бўйича қарздорлик бор-йўқлиги тўғрисидаги маълумотлар «Нотариус» автоматлаштирилган ахборот тизимида (ААТ) акс эттирилганлиги сабабли шундай вазият юзага келади. Тизим коммунал хизматлар истеъмолчиларининг шахсий ҳисобрақамлари ҳолати тўғрисидаги маълумотлар электрон базаси билан интеграциялашган. Ҳозирча ККУдаги хонадонлар мулкдорларининг шахсий ҳисобрақамлари мавжуд эмас, шу боисдан БК, УМШ ҳамда юридик шахсни ташкил этмаган мулкдорлар жамоалари ягона электрон базага уланмаган ва мулкдорларнинг умумий мол-мулкни сақлаш бўйича қарзлари тўғрисидаги маълумотлар «Нотариус» тизимига киритилмаган. Бироқ бу харидорга асосланмаган қарзларни, олмаган хизматлари учун ҳақ тўлашни юклаб қўйиш кераклигини англатмайди. Қарз мавжуд бўлганда квартираларни сотиш ҳолати «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунни ҳамда бир қатор НҲҲларни бузиш ҳисобланади, ушбу ҳужжатларда жисмоний ва юридик шахсларнинг қарзларини сўндириш, улар томонидан қарзлар тўлиқ сўндирилмагунча кўчмас мулк олди-сотди битимлари тузилишини чеклаш назарда тутилган. Мазкур ҳолатда қарздор битим тузиши чекланмасдан, аксинча унга йўл очиб берилмоқда.

«Норма маслаҳатчи» ПҚ-5152-сон қарорнинг 7-бандига, шунингдек шартноманинг тарафлар томонидан коммунал хизматлар ва ККУдаги умумий мол-мулкни сақлаш бўйича мажбурий бадаллар (тўловлар) бўйича қарздорлик тўлиқ сўндирилмасдан кўчмас мулк олди-сотдиси шартномаси тузилиши мумкин эмаслиги ҳақидаги шартига ўзгартиришлар киритилишини таклиф қилган эди. Уй-жойлар мулкдорларига шахсий ҳисобрақамлар очилгунига қадар, ККУдаги умумий мол-мулкни сақлаш бўйича мажбурий бадаллар ва кўрсатилган хизматлар юзасидан қарздорлик мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотлар бошқарув органлари томонидан ёзма шаклда нотариатга бериб турилиши лозим. Акс ҳолда истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилиши ҳолати давом этаверади.

Прочитано: 195 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика