Президентнинг «Eтим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (9.08.2021 йилдаги ПҚ-5216-сон) билан бундай болалар уй-жой билан таъминланади. Уй-жойни олишда солиқ оқибатлари юзага келиш-келмаслигини Молия вазирлиги департаменти директорининг биринчи ўринбосари Умид ҲАМРОЕВ тушунтириб берди:
– 2021 йил 15 августдан бошлаб ўзларига бириктирилган турар жойга эга бўлмаган ва турар жойга муҳтожлар сифатида ҳисобда турган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга:
• улар 18 ёшга тўлган йилда кўп квартирали уй-жойлардан умумий майдони 25 кв.метрдан кам бўлмаган 1 хонали;
• вояга етган етим болалар ўртасида никоҳ тузилган ҳолларда, 50 кв.метрдан кам бўлмаган 2 хонали квартиралар ажратилади.
Бундай тоифадаги болалар учун квартиралар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан кўчмас мулкнинг бирламчи бозоридаги шаҳар ва туманларда қурилган кўп квартирали уй-жойлардан харид қилинади. Тегишли туман (шаҳар)да кўчмас мулк бирламчи бозорида квартиралар мавжуд бўлмаганда, ҳудудий «Халқпарвар» комиссиялари хулосасига асосан кўчмас мулкнинг иккиламчи бозоридан тегишли мезонларга мувофиқ ҳолда харид қилинади.
Уй-жой харид қилиш ва қуриш учун маблағлар Давлат бюджетидан ажратилади. Солиқ солиш мақсадларида етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига асосан ажратиладиган бир марталик совға ҳисобланади. Уй-жой қиймати ЖШДСни ҳисоблашда жами даромад таркибига киритилмайди (СК 369-м. 1-қ. 1-б.).