Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 52 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Ногиронлиги бўлган шахслар ўқитилади ва иш билан таъминланади

 

Президентнинг 21.12.2021 йилдаги ПҚ-57-сон қарори билан ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигига кўмаклашиш ҳамда ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинди (ҳужжат матни «СБХ» бугунги сонининг ҳужжатлар пакетида берилмоқда).

 

Хусусан, 2022 йил 1 мартга қадар ҳар бир ҳудудда биттадан давлат хизматлари марказида ногиронлиги бўлган шахсларнинг уларга мос келувчи лавозимларда (оператор, консультант, инспектор ва бошқалар) ишлаши учун қулай шароитларни яратган ҳолда меҳнат фаолиятини олиб боришини таъминлаш бўйича тажриба-синов лойиҳаси жорий қилинади. 2022 йил 1 сентябрга қадар тажриба-синов лойиҳаси натижаларига кўра мазкур амалиёт барча давлат хизматлари марказларида жорий қилинади.

2022 йил 1 февралдан бошлаб:

• барча ҳудудлардаги касб-ҳунар мактаблари, коллежлар ва техникумларда ногиронлиги бўлган шахсларни касб-ҳунарга ўргатиш бўйича ҳар чоракда қисқа муддатли курслар ташкил этилади;

• «Ишга марҳамат» мономарказларида ногиронлиги бўлган шахслар учун тавсия этилган ва меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар, хорижий тил, компьютер саводхонлиги ва компьютерда дастурлаш асослари бўйича доимий равишда ўқув курслари ташкил этилади.

2022 йил 1 июлдан бошлаб Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш билан шуғулланувчи ННТларига БҲМнинг 200 баравари миқдорида қуйидаги тадбирларни молиялаштириш шартларини назарда тутувчи ижтимоий буюртма маблағларини ажратиш тизими жорий этилади:

• ногиронлиги бўлган шахслар учун тавсия этилган касблар ва уларнинг қизиқишларидан келиб чиқиб ушбу шахсларни касб-ҳунарга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича давлат ёки нодавлат таълим ташкилотларига йўналтириш;

• ижтимоий эҳтиёжманд аҳоли қатламларига мансуб шахсларни квоталанган энг кам сонидан ортиқ миқдорда ишга қабул қилган ҳамда улар учун иш ўринларини мослаштирган иш берувчилар томонидан мавжуд имтиёзлардан фойдаланиш даражасини ошириш;

• ногиронлиги бўлган шахсларни тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилиш фаолиятига жалб қилиш ҳамда улар учун ижтимоий таъминотга оид ахборот ва маслаҳат бериш ҳамда уларнинг ҳуқуқий онгини ошириш.

Шунингдек, 2022 йилдан бошлаб:

а) ногиронлиги бўлган шахсларни касб-ҳунарга ўқитиш бўйича амалдаги тартиблар асосида ажратиладиган грант миқдори камида 2 бараварга оширилади;

б) Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказлари ҳамда Тошкент шаҳрида ногиронлиги бўлган шахслар томонидан қўл меҳнати билан ­тайёрланган маҳсулотларнинг кўргазма савдолари мунтазам равишда ташкил қилинади;

в) ногиронлиги бўлган шахслар орасида қуйидаги номинациялар бўйича республика танловлари ўтказиб борилади:

• «Энг яхши ижтимоий лойиҳа»;

• «Энг яхши тадбиркор»;

• «Энг яхши талаба»;

• «Энг яхши спортчи»;

• «Энг яхши китобхон»;

• «Энг яхши иш берувчи».

Танлов натижалари ҳар йили 3 декабрь – Xалқаро ногиронлар куни арафасида эълон қилинади. Танлов ғолиблари ташкилотчиларнинг бюджетдан ташқари манбалари ҳисобидан БҲМнинг 100 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилади.

2022 йил 1 январдан бошлаб Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларга ҳар бир ходим учун 6 ой давомида ҳар ойда БҲМнинг 1,5 баравари миқдорида субсидия берилади. Ушбу норма бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав жамғармаси (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларга татбиқ этилмайди.

Шунингдек 2022 йил 1 мартдан бошлаб:

• СКнинг 380-моддаси 1-қисмига мувофиқ болаликдан ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар учун даромад солиғи бўйича белгиланган имтиёз МҲТЭК миқдорининг 1,41 бараваридан 3 бараваригача оширилади;

2024 йил 1 мартга қадар иш берувчиларга (бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав жамғармаси (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар бундан мустасно) улар томонидан ногиронлиги бўлган шахслар учун тўланган ижтимоий солиқ суммаси Давлат бюджетидан тўлиқ қайтариб берилади.

Ижтимоий солиқ суммаси ногиронлиги бўлган шахсларнинг 6 ой давомида узлуксиз меҳнат фаолиятини амалга ошириши шарти билан 7-ойдан бошлаб қайтарилади.

Давлат буюртмачиларига электрон кооперация биржаси порталида рўйхатдан ўтган, ишловчи ходимлари умумий сонининг камида 50%и ногиронлиги бўлган шахслардан иборат ва ногиронлиги бўлган шахслар меҳнатига ҳақ тўлаш фонди умумий меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг камида 50%ини ташкил этадиган, ягона иштирокчиси ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари ҳисобланган юридик шахслар билан улар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни харид қилиш бўйича тўғридан-тўғри шартномалар тузишга рухсат берилади.

Ягона иштирокчиси ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари ҳисобланган юридик шахсларнинг товарларини (ишлари, хизматларини) харид қилиш учун квоталар тақдим этиш тартиби бекор қилинади. Қиймати БҲМнинг 6 000 бараваригача бўлган товарлар (ишлар, хизматлар) харидига оид тузилган шартномалар ва уларга қўшимча келишувлар «Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази» ДУКда экспертизадан ўтказилмайди.

Ёшлар ишлари агентлигига Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳар йили 500 нафаргача ногиронлиги бўлган ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида қуйидаги йўналишлар учун субсидия ажратиб бориш тизимини жорий этиш топширилди:

• нодавлат таълим ташкилотларида касб-ҳунарга ўргатиш, уларда касбий кўникмаларни шакллантириш, ахборот технологиялари, компьютерда дастурлаш амалиёти, умумтаълим фанлари ва хорижий тилларни ўргатиш, шунингдек зарур ҳолларда яшаш ва транспорт харажатларини қоплаш учун;

• касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малака ошириш, тадбиркорлик ва касб-ҳунарга ўргатиш курсларини муваффақиятли тугатган ҳамда махсус сертификатни олган, шунингдек тадбиркор ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтганларга асбоб-ускуна ва меҳнат қуролларини харид қилиш учун.

Субсидиялар ҳар бир ногиронлиги бўлган ёшнинг талабига мувофиқ БҲМнинг 50 бараваригача бўлган миқдорда кўрсатилган йўналишлардан биттаси учун ажратилади.

«Эл-юрт умиди» жамғармаси маблағлари ҳисобидан 2022 йилдан бошлаб ҳар йили танлов асосида танлаб олинган 20 нафаргача ногиронлиги бўлган иқтидорли ёшларнинг етакчи хорижий олий таълим муассасаларида, шу жумладан онлайн курсларда таълим олиши ташкил этилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 22.12.2021 йилдан кучга кирди. 

Прочитано: 256 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика