МЧЖ контрагент – Хитойнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан шартнома бўйича қарздорлик тўланмаганлиги сабабли Тошкент шаҳар иқтисодий судига унинг устидан даъво аризасини берган (шартнома шартлари бўйича мазкур суд кўрсатилган). Бироқ суд ФКнинг 47-моддасига асосланиб, ушбу низо иқтисодий суд ваколати доирасига кирмаганлиги учун уни қабул қилишни рад этди.
МЧЖ қандай тартибда ва қайси суд орқали Хитой компанияси ваколатхонасидан қарзни ундириб олиши мумкин?
– Хорижий ваколатхона билан юзага келган низолар бўйича даъво аризаси иқтисодий судга тақдим этилади ва жавобгар сифатида чет эл юридик шахси кўрсатилади.
Қонунда бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, ваколатхона ва филиаллар юридик шахс ҳисобланмайди (ФК 47-м. 3-қ.).
Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар, шунингдек корпоратив низолар бўйича ишларни кўриб чиқишда тарафлар ҳисобланган фуқаролар ўртасидаги фуқаролик, маъмурий ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан юзага келадиган иқтисодий соҳадаги низолар бўйича ишларни кўриб чиқиш иқтисодий суд ваколатига киради. Суд, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида бошқача қоидалар назарда тутилмаган бўлса, ўз ваколатига кирадиган ишларни тадбиркорлик фаолиятини амалга оширадиган Ўзбекистон юридик шахслари ва фуқаролари, шунингдек чет эл юридик шахслари, чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар иштирокида кўриб чиқади. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари томонидан тарафлардан бири чет эллик шахс – Ўзбекистон Республикаси норезиденти бўлган ҳолатлардаги ишлар кўриб чиқилади. Иқтисодий судлар томонидан иқтисодий соҳада юзага келган низолар бўйича ишлар, агар хорижий ташкилотларнинг филиаллари ёки ваколатхонаси Ўзбекистон ҳудудида жойлашган бўлса, улар иштирокида кўриб чиқилади (ИПК 25, 32-м., 239-м. 1-қ. 2-б.).
Баён этилганлардан келиб чиққан ҳолда даъво аризаси Тошкент шаҳар иқтисодий судига (Тошкент туманлараро иқтисодий судига эмас) тақдим этилиши лозим бўлган. Тахминимизча, даъвогар (МЧЖ) даъво аризасида жавобгар сифатида компанияни эмас, балки хорижий компания ваколатхонасини кўрсатган, шу муносабат билан суд аризани қабул қилишни рад этган. ИПКнинг 25 ва 239-моддалари талабларини ҳисобга олган ҳолда хорижий ваколатхона билан низо бўйича даъво аризасида жавобгар сифатида чет эл юридик шахси – бош компанияни кўрсатишингизни тавсия қиламиз.