Norma.uz

Кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси қандай тартибда тўланади

 

Вазирлар Маҳкамасининг 21.10.2021 йилдаги 654-сон қарори билан Кам таъминланган оилаларни «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали аниқлаш, уларга кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.  

 

Ҳужжат Президентнинг «Кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш ҳамда камбағаллик билан курашиш кўламини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони (11.08.2021 йилдаги ПФ-6277-сон) ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган.

Оилани кам таъминланган деб эътироф этиш ҳамда уларга болалар нафақаси ва моддий ёрдамни тайинлаш ва тўлаш тўғрисидаги қарорлар «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» АТда шакллантирилади ва қабул қилинади.

Оилани кам таъминланган деб эътироф этилиши тегишли маълумотнома билан тасдиқланади. У ЯИДХП орқали берилади. Ушбу маълумотнома оила кам таъминланган деб эътироф этилган ойдан бошлаб 12 ой давомида амал қилади. Маълумотнома тақдим этилганлиги учун йиғим ундирилмайди.

Оила қуйидаги ҳолатларда кам таъминланган оила деб эътироф этилади:

2021 йилнинг 1 сентябридан – оиланинг ҳар бир ­аъзосига жами бир ойлик ўртача даромад 440 минг сўмдан ошмаганда;

2022 йилдан бошлаб – оиланинг ҳар бир аъзосига жами бир ойлик ўртача даромад минимал истеъмол харажатлари миқдоридан ошмаганда.

Болалар нафақаси ва моддий ёрдам оила «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» АТ орқали кам таъминланган деб эътироф этилганидан кейин оила аъзолари томонидан тақдим этилган аризага асосан тайинланади ҳамда ариза берувчи мурожаат қилган ойдан кейинги ойдан бошлаб тўланади.

Оиланинг муомалага лаёқатли исталган аъзосидан бири ариза берувчи бўлиши мумкин. Улар жумласига қуйидагилар киритилади: отаси, онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахс, 18 ёшга тўлган, ўз оиласига эга бўлмаган ва ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахс билан бирга яшовчи боласи ёки оиланинг фарзандликка олинган боласи ёхуд васийлликка олинган шахслар.

Болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинлаш учун ариза зарур ҳужжатлар билан бирга бевосита ариза берувчининг доимий ёки вақтинчалик яшаш манзилидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига оила ушбу нафақа ва моддий ёрдам олишни истаётган ойдан олдинги ойнинг 16-санасига қадар тақдим этилади. Моддий ёрдам 6 ой мобайнида тўланади.

Аризага қуйидагилар илова қилинади:

• ариза берувчи ва оила аъзоларининг паспорти ёки ID-карталари (бунда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан ушбу ҳужжатларнинг нусхаси олиниб, асли аризачига қайтарилади);

• чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг яшаш гувоҳномалари, фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномалари ёки ID-карталари ҳамда яшаш жойи бўйича рўйхатга олинганлиги тўғрисида қайд варағи (бунда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан ушбу ҳужжатларнинг нусхаси олиниб, асли аризачига қайтарилади);

• болалари васийлик остида бўлган тақдирда, аризага васийлик ва ҳомийлик органи қарорининг нусхаси илова қилинади;

• оиланинг мавжуд чорва моллари ва паррандалари тўғрисида маълумот;

• ариза берувчи ва унинг оила аъзолари номидаги тижорат банки ҳисобварақларидаги маблағ қолдиқлари ва ариза берилган ойдан олдинги 3 ой мобайнида уларнинг номига ўтказилган пул ўтказмалари юзасидан маълумотларни МБ томонидан «Ягона реестр» АТга тақдим этиш тўғрисида оилада бирга яшовчи 18 ёш ва ундан катта ёшдаги муомалага лаёқатли барча оила аъзолари имзолари билан тасдиқланган ариза.

Болалар нафақаси ва моддий ёрдам АТ «Халқ банки»нинг туман (шаҳар) бўлимлари (филиаллари) орқали нақд пул шаклида ёки пул маблағларини нақд пулсиз ўтказиш йўли билан пластик карталари орқали тўланади.

Оилани кам таъминланган деб эътироф этиш ва унга тегишли равишда болалар нафақаси ёки моддий ёрдамни тайинлаш рад этиладиган ҳолатлар бўйича мезонлар белгиланди. Улар жумласига қуйидагилар киритилган:

1) ариза берувчи оиласининг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган бир ойлик ўртача жами даромад миқдори мезондан ошганда;

2) кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестрида ариза берувчи ва унинг оила аъзолари эгалигида жами биттадан ортиқ кўчмас мулки ёки бир ва ундан ортиқ нотурар жой бинолари мавжуд бўлганда;

3) қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ёки бош ишончномага асосан қуйидагилар мавжуд бўлганда:

• ишлаб чиқарилган муддати 7 йилдан ошмаган, техник ҳолати соз бўлган енгил автотранспорт воситаси;

• ишлаб чиқарилган кунидан бошлаб 15 йилдан ошмаган, техник ҳолати соз бўлган юк ташувчи автотранспорт воситаси, автобус, микроавтобус, экскаватор, трактор, комбайн, юк ташувчи транспорт воситаларининг тиркамалари ва ярим тиркамалари, автокран ва бошқа қурилиш техникаси;

• жами икки ва ундан ортиқ, техник ҳолати соз бўлган енгил ва юк ташувчи автотранспорт воситалари, микроавтобус, экскаватор, трактор, комбайн, юк ташувчи транспорт воситаларининг тиркамалари ва ярим тиркамалари, автокран ва бошқа қурилиш техникаси.

Туман (шаҳар)ларнинг маҳаллий бюджетлари, қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар болалар нафақаси ва моддий ёрдам тўловларини молиялаштириш манбалари ҳисобланади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 21.10.2021 йилдан кучга кирди.

 

Наргиза Воҳидова.

 

Маълумот учун!

2021 йил 1 сентябрдан бошлаб кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси ва моддий ёрдам тўловининг қуйидаги миқдорлари белгиланди:

а) болалар нафақасининг қуйидаги ҳар ойлик миқдори:

250 000 сўм – 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган битта фарзанди учун, 325 000 сўм – ёши 3 ёшгача бўлган битта кичик фарзанди учун;

150 000 сўм – оиланинг иккинчи фарзанди учун қўшимча;

100 000 сўмдан – оиланинг учинчи ва ундан кейинги ҳар бир фарзанди учун;

б) кам таъминланган оилалар учун моддий ёрдамнинг ойлик миқдори – 380 000 сўм.

 

 

Мавзувий сонни Алла Ромашко олиб боради. 

Прочитано: 249 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика