Norma.uz

Иш берувчи билан келишган ҳолда

 

Шахс 3 та жойда ишлайди, булардан бири – асосий, қолган иккитаси – ўриндошлик бўйича. Айни пайтда у асосий иш жойидан бўшамоқчи бўляпти.

Асосий иш жойидан ишдан бўшаганда қолган 2 та ўриндошликдаги иш жойида меҳнат фаолиятини давом эттириш мумкинми? Кейинчалик пенсияни расмийлаштиришда муаммолар бўлмаслиги учун ушбу далилни меҳнат фаолияти ёзувларида қандай акс эттириш керак? 

 

– «Ўриндошлик» тушунчасининг моҳиятидан келиб чиқадиган бўлсак, асосий иш жойидан ишдан бўшаганда, шу вақтга қадар ўриндошлик ҳисобланган ишлардан бири ходимнинг асосий ишига айланиши лозим (Низомнинг 2-б., ВМнинг 18.10.2012 йилдаги 297-сон қарори билан тасдиқланган).

Қайси иш асосий бўлишини ходим иш берувчи билан келишган ҳолда белгилайди.

Ходим ўз хоҳишига кўра ўриндошлик бўйича иш берувчилардан бирига уни асосий иш жойига ўтказишни сўраб мурожаат қилиши мумкин. Асос сифатида аввалги асосий иш жойидаги меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги тўғрисидаги ёзув киритилган меҳнат дафтарчаси тақдим этилиши лозим.

Қоидага кўра, ташкилотнинг асосий ходими тўлиқ ставкада ишлайди, ўриндошликдаги ходимларнинг эса ярим ставкада ишлаши таъминланади (Низомнинг 7-б.).

Ўриндош ходимларнинг иш режими асосий иш жойида ишлайдиган ходимлариникидан фарқ қилади. Ходим иш берувчидан тўлиқ иш куни ишлашга ўтказишни сўраши мумкин, бунда меҳнат шартномаси шартларига киритиладиган барча ўзгартиришлар (ставка миқдорининг ўзгариши, иш ҳақининг оширилиши, иш вақти режимининг ўзгартирилиши) ҳисобга олинади. Шунингдек бундай режимга ўтказишда ходим аввалги меҳнат шартлари (тўлиқ бўлмаган иш куни ва бошқалар) сақлаб қолинишини, лекин уни асосий ходим деб ҳисоблашларини сўраши мумкин. Охирги қарорни иш берувчи қабул қилади.

Ходим асосий ходимига айланадиган ташкилотда кейинчалик унинг қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчаси юритилиши лозим. Барча меҳнат шартномалари ЯММТда мажбурий тартибда рўйхатдан ўтказилиши муносабати билан ўриндошликдаги ишлар ҳақидаги маълумотлар унинг электрон меҳнат дафтарчасида автоматик тарзда акс этади (31.10.2019 йилдаги ПҚ-4502-сон).

Ходимни ўриндошликдан асосий ишга ёки асосий ишдан ўриндошликка ўтказиш тартибида 2 та вариант назарда тутилади:

1) амалдаги меҳнат шартномасини бекор қилиш ва янги шартларда янги меҳнат шартномасини тузиш;

2) меҳнат шартномасига қўшимча битимни тузиш, унда меҳнат шартномасида ўзгартириладиган шартлар кўрсатилади.

Вариантга қараб ЯММТда ҳам ўзгартириш киритиш лозим:

• 1-вариантда – меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги тўғрисида қайдлар киритилади, сўнгра янги шартлар белгиланган янги шартнома рўйхатдан ўтказилади;

• 2-вариантда – меҳнат шартномасига «мақом»га тааллуқли бўлган ўзгартиришлар киритилади (албатта «ўриндош» «асосий ходим»га ўзгартирилади), меҳнат ҳақи ва ставкалари кўрсатилади (улар ўзгартирилган тақдирда). ЯММТга ўзгартиришлар киритилганидан кейин автоматик тарзда электрон меҳнат дафтарчасига ўзгартиришлар киритилади.

Агар ходим бошқа (янги) ташкилотга асосий ишга жойлашадиган бўлса, қолган 2 та иши ўриндошликдаги ишлар бўлиб қолиши мумкин, бунда ҳеч қандай ўзгартириш киритилмайди.

 

Валерия Ляндрес,
«Norma» МЧЖ эксперти.

 

Мавзувий сонни Алла Ромашко олиб боради. 

Прочитано: 241 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика