Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 45 / Меҳнат муносабатлари

Ходимларни ҳарбий рўйхатга олиш қандай амалга оширилади

 

Хусусий компания ўз ходимларининг ҳарбий рўйхатга олишни юритиши шартми ёки бу фақат давлат ташкилотлари учун мажбурийми? Қандай ҳарбий-ҳисоб ҳужжатлари сўралади ва нималарга эътибор бериш лозим?

 

Идоравий мансублиги ва мулкчилик шаклларидан қатъи назар, корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар, шу жумладан таълим муассасаларида ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчиларнинг шахсий ҳисобини юритиш мажбурийдир (Низомнинг 2-б., 4.03.2003 йилдаги 119-сон ВМҚ билан тасдиқланган). Шу сабаб, фуқароларни ишга қабул қилишда иш берувчи уларнинг ҳарбий-ҳисоб ҳужжатлари:

• ҳарбий хизматга мажбурларда – захирадаги офицер гувоҳномаси, ҳарбий гувоҳнома;

• чақирилувчиларда – қайд этиш гувоҳномаси мавжудлигини текшириши лозим (Низомнинг 12-б.).

Агар ишга қабул қилинаётган фуқаро ҳарбий-ҳисоб ҳужжатларини тақдим қилишдан бош тортса ёки ушбу ҳужжатларда тегишли белгилар (ҳарбий ҳисобда турганлик ҳақида, қабул қилиш кунида амалда бўлган чақириқнинг қолдирилиши тўғрисида) бўлмаса, иш берувчи уни ишга қабул қилишни рад этиши мумкин (МК 80-м.).

Бундан ташқари иш берувчи:

• мудофаа ишлари бўлимларига ишга олинган ва ишдан бўшатилган барча ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчилар тўғрисида хабар бериши шарт;

• бир йилда камида 1 марта туман ва шаҳар мудофаа ишлари бўлимларига ходимларнинг Т-2 шаклидаги шахсий варақасини текширув учун тақдим этади;

• ходимларни ҳарбий рўйхатга олишни юритиш билан боғлиқ бошқа мажбуриятларни зиммасига олади (Низомнинг 12-б.).

Агар корхонада 500 ёки ундан ортиқ ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчилар фаолият юритса, ҳарбий рўйхатга олишни бошқа меҳнат мажбуриятларидан озод қилинган ходим юритади. Фақатгина ҳарбий рўйхатга олиш билан банд бўлган ходимлар сони уларнинг ҳар бирининг юклама меъёрига боғлиқ (Низомнинг 15-б. «в» кичик б.).

Агар ҳисобда ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчилар сони 500 тадан кам бўлса, ҳарбий рўйхатга олишни юритишни корхона ходимларининг бирига ўриндошлик асосида юклаш мумкин (Низомнинг 16-б.).

 

Ленара Хикматова,

«Norma» МЧЖнинг меҳнат ҳуқуқи бўйича эксперти, юрист.

Прочитано: 373 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика