Қаҳратон қиш кунлари коммунал соҳада у ёки бу муаммо юзага келса, ундан, энг аввало, аҳоли азият чекади. Жумладан, табиий газ, ичимлик суви, электр энергияси таъминотидаги узилишлар, иситиш тармоғининг носозлиги каби ҳолатлар, шубҳасиз, одамларнинг кундалик турмушига салбий таъсир кўрсатади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ташкил этилган брифингда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Моҳрухсор Тоғаева томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, жорий йилда Агентликка келиб тушган 21 мингга яқин ариза, шикоят ва таклифнинг 51 фоизи уй-жой коммунал, транспорт хизматларига тўғри келади.
22 фоиз мурожаат савдо ва умумий овқатланиш хизматлари, 15 фоизи алоқа, молия ва ижтимоий хизматлар ҳамда 11 фоизи реклама муносабатлари ва бошқа масалалар юзасидан бўлган.
Қайд этилишича, кўриб чиқилган мурожаатларнинг 79 фоизи қаноатлантирилган.
Мутахассиснинг таъкидлашича, ўрганишлар давомида аниқланган истеъмолчиларга етказилган зарар миқдори 136,9 млрд сўмни ташкил этади.
Бугунги кунга қадар Агентлик саъй-ҳаракатлари билан истеъмолчилар фойдасига 86,5 миллиард сўм маблағ (яъни аниқланган маблағнинг 63,1 фоизи) қайта ҳисоб-китоб қилинишига эришилган.
Мурожаатларнинг 18 фоизига тегишли тушунтириш берилди ва 3 фоизи ваколатли идораларга юборилди.
ЎзА.
Мавзувий сонни махсус мухбиримиз Ирина Гребенюк олиб боради.