Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 44 / Биз яшайдиган уй

Айбдор топилди. Доимгидек, истеъмолчи балогардон

 

Жорий йилда пойтахтда марказлаштирилган иситиш тизимининг ишга туширилиши фуқароларнинг иссиқ сув таъминоти муаммолари билан боғлиқ норозиликлари остида ўтди. Сув тўхтаб қолганлиги, унинг босими ва ҳарорати пасайиб кетганлиги юзасидан шикоятлар ижтимоий тармоқларни «ёндириб» юборди. Айрим жойларда жўмракдан иссиқ сув ўрнига совуқ сув оқди, бошқа жойларда илиқ сув, баъзи жойларда умуман у тўхтаб қолди ёки хўжалик-маиший мақсадларда истеъмол учун яроқсиз бўлган чўкиндили лойқа сув оқди. Бундай сувни канализацияга узоқ оқизиб, исишини кутишга тўғри келди. 

 

Натижада истеъмолчиларнинг сув сарфи ошди, демак, ҳисоблагич бўйича тўлов ҳам ошади. Улар иссиқ сув ҳароратини оширмоқчи бўлиб, сувни оқизиб қўядилар, бунда ҳақиқатда сарфланмаган коммунал маҳсулот учун ортиқча тўлов тўлашларига тўғри келди. Яъни сифат нормативларига мувофиқ келмайдиган сув учун ҳақ тўладилар. Бироқ қонун ҳужжатларига мувофиқ истеъмолчи лозим даражадаги сифатли хизматлар учунгина ҳақ тўлаши лозим.

 

Маҳсулотни уйгача етказиб беришди. Лекин қандай ҳолатда?

Иссиқлик энергияси ва иссиқ сув таъминотига оид муаммолар юзага келганда етказиб берувчилар бошқарув органига ишора қиладилар: бизнинг ишимиз маҳсулотни уйгача етказиб бериш, у ёғини ўзингиз УМШ ёки БК билан келишаверинг, дейишади. Бироқ ширкат ва бошқарувчи компаниялар кўпинча иссиқлик таъминоти корхоналари иссиқ сув учун белгиланган босим ва ҳароратни таъминлай олмаётганликлари устидан шикоят қилишади ва бунга далиллар келтирадилар. Аммо монополистга буни исботлаб кўринг-чи.

Мазкур ҳолда иссиқ сув муаммоси маҳаллий ҳудуд билан чекланмаганлиги аниқ. Пойтахтдаги турли туманлардан бир вақтнинг ўзида шикоятлар келиб тушган, истеъмолчиларнинг норозиликлари ўринли ва адолатлидир. Иссиқ сув қиммат турадиган коммунал маҳсулотлардан бири ҳисобланади, шу сабабли фуқаролар тўлаган пуллари эвазига сифатли хизматлар кўрсатилишини истайдилар. Иситиш тизими ишга тушишини кутиб ўтирганларнинг қайси бирига яна иссиқ сувсиз ўтириш ёки унинг ўрнига илиқ сувдан фойдаланиш ёқади дейсиз.

Истеъмолчининг лозим даражада сифатли хизматлардан фойдаланиш ҳуқуқи «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунда ҳамда Кўп квартирали уйларда иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш қоидаларида (15.07.2014 йилдаги 194-сон ВМҚга 1-илова) назарда тутилган. Ушбу ҳуқуқлар бузилган тақдирда, етказиб берувчи белгиланган нормаларга мувофиқ келмайдиган хизматлар учун тўловни камайтириши керак.

Фуқароларнинг норозилигига жавобан иссиқлик таъминоти ташкилоти вазиятни ўрганиб чиқди. «Тошиссиққуввати» ДУК бош муҳандиси Азиз Каримбековнинг маълум қилишича, шикоятларни ўрганиб чиқиш чоғида кўп квартирали уйлардаги элеватор боғламаси етказиб беришга созланмаганлиги аниқланган, бу эса иссиқ сув таъминоти сифатига салбий таъсир кўрсатади. Яшовчилардан ККУдаги бошқарув органлари фаолиятига таъсир ўтказиш сўралади. «Тошиссиққуввати» иссиқлик энергиясини уйларгача етказади, ички тизимларни эса УМШ ва бошқарувчи компаниялар улаб бериши лозим.

Бироқ сувнинг исиши билан боғлиқ муаммо нафақат иситиш мавсуми арафасида долзарб бўлмоқда. Бир қатор кўп қаватли уйларда яшовчилар йил давомида шундай вазият юзага келаётганлиги устидан шикоят қилишади. Етказиб берувчилар баъзида бўлиб турадиган ҳолат деб изоҳлаб, УМШни айбдор қилмоқчи бўладилар. Бироқ, иситиш мавсуми арафасида келиб тушган мурожаатлардан кўриниб турадики, ҳарорат пасайишида етказиб берувчининг жавобгарлик даражаси юқорироқ.

 

Сув исимаганлиги учун тўловни камайтириш

194-сон Қоидаларда етказиб берувчининг йил мобайнида иссиқ сув таъминоти сутка давомида узлуксиз бўлишини таъминлаш мажбурияти белгиланган. Ҳужжат билан иссиқлик таъминоти хизматлари сифатига қўйиладиган талаблар белгиланган. Ўзбекистон Республикаси шароитларида иссиқ сув таъминотининг марказий тизимларини назорат қилишнинг санитария қоидалари (29.07.2002 йилдаги ­0130-02-сон СанҚН) талабларига мувофиқ сув олиш нуқтасида (элеватор узелида) иссиқ сув ҳароратининг 60-75°Сга мувофиқ бўлишини таъминлаш лозим.

Ҳақиқатда эса истеъмолчилар ҳарорат белгиланган нормалардан анча паст бўлганини кўрсатиб бердилар. У 35°С ва ундан бироз илиқроқни ташкил қилган. Бунда етказиб берувчи сув исимаётганлиги сабабли тўлов миқдорини камайтириши шарт. Қонун ҳужжатларида лозим даражадаги сифатга эга бўлмаган иссиқ сув таъминоти хизматларини кўрсатганлик учун сув учун тўловини ўзгартириш тартиби ва шартлари белгиланган.

Эътибор қаратадиган бўлсак, 194-сон Қоидаларда иссиқ сув ҳароратининг диапазони 50–75°С доирасида этиб белгиланган. Бу нимага асосланган? Амалдаги Санитария қоидаларида иссиқ сувнинг қуйи ҳарорати – 60°С этиб белгиланиши тасодифий эмас, балки фуқароларнинг соғлиғини сақлаш талабларидан келиб чиқиб белгиланган. СанҚН 1.7-бандида айтилишича, ҳароратнинг 60°С дан пасайиб кетиши иссиқ сувда микроорганизмларнинг кўпайишига, иссиқ сув сарфининг ошиб кетиши, кир ювиш учун ҳамда ёғли идиш-товоқларни ювиш учун сувдан фойдаланишда қийинчиликларни юзага келтириши мумкин. Нима учун 194-сон Қоидаларда СанҚНга ҳавола келтирилгану, лекин ундаги иссиқ сувнинг ҳарорати қуйи чегараси анча паст даражада белгиланганлигини иссиқлик таъминоти тизими ходимлари тушунтириб беролмаяптилар. Ваҳоланки, Тошиссиққуввати 194-сон Қоидаларни ишлаб чиқувчиларидан бири бўлган. Нимага асосланиб шундай қилинганлигини фақат тахмин қилиш қоляпти. Нима бўлганда ҳам етказиб берувчининг иқтисодий манфаатлари фуқаролар соғлиғидан устун бўлмаслиги лозим. Бунинг устига СанҚН техник регламент ҳисобланади, «Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги Қонун эса ВМнинг қарорига қараганда анча юқори юридик кучга эга. Ушбу Қонуннинг 22-моддасида барча жисмоний ва юридик шахслар учун техник регламентлар нормалари бажарилиши мажбурийлиги белгиланган.

 

Нормадан четга чиқишларга йўл қўйилади

Истеъмолчилар шуни билишлари лозимки, 194-сон Қоидаларда сув олиш нуқтасида иссиқ сув ҳароратининг йўл қўйиладиган четга чиқиши (элеватор боғламаси) қуйидагича белгиланган:

• тунги вақтда (соат 0.00 дан соат 05.00 гача) – 5°Сдан ортиқ эмас;

• кундузги вақтда (соат 05.00 дан соат 0.00 гача) – 3°Сдан ортиқ эмас (Талабларнинг 2-б., 194-сон Қоидаларга илова).

 

Қайта ҳисоб-китоб қандай амалга оширилади?

Иссиқ сувнинг ҳарорат режимига риоя этилмаганлиги учун қуйидаги тартибда қайта ҳисоб-китоб қилинади.

Иссиқ сув ҳароратининг йўл қўйиладиган четга чиқишларидан ҳар бир 3°С орқага қайтиш учун кўрсатиб ўтилган чекиниш юз берган ҳисоб-китоб даври учун иссиқ сув таъминоти хизмати учун тўлов миқдори ушбу давр учун белгиланган тўлов миқдорининг 0,1%ига камаяди.

Сув олиш нуқтасида ҳарорат 40°С дан паст бўлган иссиқ сув берилишининг ҳар бир соати учун жами истеъмол қилинган сув учун тўлов ичимлик сув таъминоти хизматлари учун истеъмолчиларнинг тегишли гуруҳлари учун тариф бўйича амалга оширилади (Талабларнинг 2-б.).

Назарда тутилишича, иссиқ сув ҳароратини аниқлашдан олдин сув олиш нуқтасида 3 минутдан ортиқ бўлмаган вақт мобайнида сув оқизиб юборилади (Талабларга 2-изоҳ).

 

Нима қилмоқ керак?

Даставвал иссиқ сув етказиб берувчига ариза билан мурожаат қилиниши лозим, у билан истеъмолчи ўртасида коммунал маҳсулотни етказиб беришга шартнома тузилган ва етказиб берувчи ушбу маҳсулот белгиланган талабларга мувофиқлиги юзасидан жавобгар бўлади.

Етказиб берувчининг вакили жойга чиқиб, иссиқ сувдан ўлчовлар олиши, далолатнома тузиши ва унда нормативдан оғишларнинг сабабини кўрсатиши лозим. Далолатномани тузиш чоғида бошқарув органи (УМШ ёки хизмат кўрсатувчи ташкилот) вакили иштирок этиши мақсадга мувофиқ бўлади, чунки уй ичида ҳам сабаб бўлувчи ҳолатлар аниқланиши мумкин. Ўлчовлар ҳарорат параметрларининг белгиланган нормаларга мувофиқ эмаслигини тасдиқлаган тақдирда, етказиб берувчи қайта ҳисоб-китобни амалга ошириши шарт.

Далолатномани тузиш чоғида истеъмолчи томонидан мустақил равишда олинган ўлчовлар етказиб берувчининг вакили томонидан ҳисобга олинмайди. Бироқ улар абонент бошқа инстанцияларга мурожаат қилганда керак бўлиб қолиши мумкин.

Етказиб берувчининг вакили истеъмолчининг аризасини инобатга олмаган ёки сувнинг ҳарорат режими бузилганлиги учун жавобгарликни ўз зиммасидан соқит қилмоқчи бўлган ҳолларда, Уй-жой инспекциясига, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига ёки прокуратурага ариза йўллаш лозим.

 

Иссиқ сув ҳароратининг пасайиши сабаби нимада?

Асосий сабаблардан бири тубдан реконструкция ва модернизация қилиниши талаб этиладиган марказий иситиш тизимининг техник ҳолати ҳисобланади. Истеъмолчиларни қийнаётган сувнинг исимаслиги, босими билан боғлиқ ва бошқа муаммолар айнан шундан келиб чиқади. Ҳисоблагич ўрнатилган бўлса, истеъмолчи иссиқ сувнинг ҳароратини ошириш мақсадида оқизиб юборилган сув ҳажми учун ортиқча тўлов тўлайди. Ҳисобга олиш ускунаси ўрнатилмаган тақдирда, у сув исимай қолган ҳолатларда оқизиб қўйилган сув ҳажми учун ҳақ тўламайди. Етказиб берувчи учун булар тарифни ошириш орқали компенсация қилинадиган йўқотишлардир. Истеъмолчи яна балогардон бўлади.

Иссиқ сув ҳарорати тушиб кетишининг сабаби уй ичида ҳам бўлиши мумкин: иссиқ сув таъминоти тизими нотўғри созланганлиги, унинг техник ҳолати қониқарли эмаслиги, хизматлар яхши кўрсатилмаганлиги, уйнинг умумий тизимига ноқонуний уланишлар ва бошқалар. Кўпчиликнинг ҳисоблашича, жадал суръатда қурилаётган янги уй-жойлар тизимнинг ишлашига таъсир кўрсатиши мумкин, сабаби маълум бир миқдордаги уй-жойларга мўлжалланган амалдаги инфратузилмага янги қурилган уй-жойлар ҳам уланади. Янги турар жой комплекслари автоном иситиш таъминотига ўтказилган. Алоҳида уй-жойлар хизматларни етказиб берувчи билан келишилган ҳолда мавжуд тармоқларга уланиши мумкин. Иссиқ сув таъминоти тармоғига охирида уланган уйларда ҳам иссиқ сув билан боғлиқ муаммолар юзага келиши мумкин. Сув уларга етиб боргунча яна совиб қолади. Ёки ёзги (иситиш оралиғидаги) мавсумда баъзида иссиқлик тизимида циркуляция мавжуд бўлмаганлиги сабабли ҳарорат етарли даражада бўлмайди.

Истеъмолчи фақат лозим даражада сифатли коммунал хизматлар учун ҳақ тўлаши ҳамда иссиқ сув учун ортиқча тўлов тўламаслиги учун термодатчикли ҳисоблагичлар ўрнатиш орқали муаммони адолатли ҳал этиш мумкин. Шунда ҳеч нарсани исботлашга ҳожат қолмайди. Сув ҳарорати 40°С дан пасайиб кетганда ҳам истеъмолчилар сўзсиз совуқ сув тарифлари бўйича тўлов тўлаган бўлардилар.

 

Мавзувий сонни махсус мухбиримиз Ирина Гребенюк олиб боради.

Прочитано: 269 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика