Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 43 / Истеъмолчи бурчаги

Энергетик ичимликлар қувватбахшми ёки иллатбахш?

 

Ёз ойининг жазирама иссиқ кунларида таркибидаги нарсалари табиий эмаслиги нотабиий ранглариданоқ кўриниб турган турли номдаги салқин энергетик ичимликларни каттаю кичик сотиб олиши авжига чиқади. Куннинг иссиғида қизиб турган баданга муздеккина ичимлик жуда ёққандек туюлади. 

 

Ваҳоланки, аждодларимиз фақат қишнинг совуқ кунларида эмас, балки саратоннинг жазирамасида ҳам иссиққина чой ичганлар. Мутахассисларнинг фикрича, нафақат қишда, балки ёзда ҳам кишининг ички аъзолари учун ҳарорати кескин совуқ эмас, илиқ-иссиқ нарсалар истеъмол қилиш фойдали экан.

Бу ҳолат инсонни икки фазилат – сабрли ва тиббий маданият соҳиби бўлишга ўргатади. Ҳадиси шарифда сувни ўтириб ва уч марта бўлиб-бўлиб ичишга чақирилишидан мақсад ҳам сабр-қаноатли ва саломатликка эътиборли бўлишга чақиришдир. Катталар-ку тиббиёт ходимларидан бу гапни эшитишса ёки ҳадиси шарифларда ўқишса, унга амал қилиши мумкиндир.

Бироқ бола барибир бола-да, огоҳлантиришларга ва энергетик ичимлик қоғозидаги «+18» деган ёзувга ҳам қарамай, уни ширин ичимлик хаёл қилиб ичаверади. Чунки юртимизда энергетик ичимликлар хусусий телеканаллар орқали тинимсиз реклама қилиб турилади, бунинг устига реклама болалар иштирокида амалга оширилади. Айрим каналлар-ку энергетик ичимликлар рекламасини эрталабки саломдан бошлайди.

Бу ҳам етмагандек, айни ёз кунларида салқин ичимликлар бозорини қизитиб, уларни бўкиб ичишга чорлайдиган шоу дастурлар мусобақалари қизиб кетади. Шу пайтгача автомобиль ютиб оласиз, деб одамларни энергетик ичимликларнинг қопқоғини йиғишга чорлаб келишди.

Энди эса ичимликнинг ёрлиғини қириб, промо кодини бизга жўнатинг, ютуқ чиқиши мумкин, деб тинимсиз реклама қилишади. Бу қимордан бошқа нарса эмас. Республикамизнинг олису яқин ҳудудидан келган айрим кишилар миллионлаб томошабинларга ютуққа эга бўлиш учун неча минг-минглаб сўмлик ёки неча юзлаб идишдаги сувларни сотиб олиб ичиб, автомобиль ютиб олганликларини завқ-шавқ билан сўзлаб берадилар. Ваҳоланки, асрлар оша маънавий мерос бўлиб келаётган илмий, бадиий адабиётларимизда инсон камолотининг илдизлари билим, ҳунар, меҳнат, интилиш ва изланишдан озиқланиши ҳаётий мисоллар орқали авлодлар онгига сингдириб келинди.

Энди эса телеканаллардаги шоввозларнинг рекламаларига ишониб, 3-4 минг сўмга сотиб олинган энергетик ичимлик ёрлиғидаги рақамларни «очиб» бой бўлиб кетиш илинжида вақтини увол қилиб навбатда турганлар ёки ютуқ чиқиши умидида қопқоқчаларни эринмай тўплаётганларни учратиш оддий ҳол бўлиб қолди. Бу фарзандларимизнинг тарбиясига салбий таъсир қилаяпти.

Эътибор берган бўлсангиз, елим идишлардаги ранг-баранг салқин ичимликларни иситиб ичиш тавсия этилмайди. Чунки уларни иситганингиз сари ранги ўзгариб бораверади. Бу дегани ҳарорати ошганда уларнинг таркибида кимёвий ўзгариш бўлади. Яъни қайсидир меванинг таъми ва ҳидини берадиган кимёвий модда идишнинг тагига чўкади. Мутахассисларнинг фикрича, муздек ичимлик ичилганда, у ичаклар ҳарорати таъсирида исийди ва ундаги кимёвий моддалар ажралиб, ички аъзоларга чўкади. Бу чўкиндилар йиғилиб, бирлашиб, тошга айланади.

2019 йил 9 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 18 ёшга тўлмаган болаларга энергетик ичимлик сотган шахслар жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақидаги қонунга имзо чекилган эди. Шу жумладан, «Реклама тўғрисида»ги Қонунга ҳам ўзгартишлар киритилди. Унга кўра, энергетик ичимликлар рекламасида «бундай ичимликларни меъёридан кўп истеъмол қилиш соғлиғингиз учун зарарли!» деган ёзувлар албатта, бўлиши керак. Шунингдек, рекламада бундай ичимликларни ичиш болаларга, кексаларга ва ҳомиладор аёлларга мумкин эмаслиги ҳам айтиб ўтилиши шарт, дейилган.

Қонунга мувофиқ, энергетик ичимликлар рекламаси фақат тунги соат ўндан кейингина намойиш қилиниши таъкидланган.

«Энергетик ичимликлар рекламаси уларни ичиш жараёнини акс эттирмаслиги ва бу жараён жамиятда ва спортда катта ютуқларни қўлга киритишга ёрдам берувчи муҳим воқелик сифатида кўрсатилмаслиги керак!»

«Реклама тўғрисида»ги Қонунда бу сўзлар қатъий таъкидлаб кўрсатилган. Наҳотки, юртимиздаги хусусий телеканаллар мутасаддилари юқорида қайд этилган қонунлардан бехабар бўлишса? Агар хабардор бўлишса, нега унга амал қилишмайди. Чет элда эса бундай ичимликларни реклама қилиш тақиқланган ёки тунги соат 24.00 дан кейингина эфирга берилади.

Шу ўринда балки бунинг тагида бошқа бир гап бордир деган ҳақли савол туғилади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари қаёққа қарашаяпти? Бундай «тадбиркорлар»ни тартибга чақириб қўйиш уларнинг вазифаси эмасми? Юртдошларимиз, айниқса, ёшлар саломатлигига эътибор шуми?

Содда халқимиз оддий совутилган чойни ҳам сотиб олиб ичишаяпти. Ваҳоланки, хитойликлар совуқ чойни ҳеч қачон истеъмол қилишмайди. Унинг саломатлик учун зарарини заҳар билан тенг деб билишади.

Катта ўғлим Австралияда яшаб, ишлайди. У ерда нафақат энергетик ичимликлар, балки газланган сувни ҳам ичишмас экан. Биз эса овқатни ҳазм қилади деб газланган сувни-ку қўя турайлик, балки бир ичишда энергетик ичимликларнинг ҳам бир нечта идишдагисини бўшатамиз.

Франция, Норвегия, Дания каби Европа давлатларида ишлаб чиқариш расман тақиқланган энергетик ичимликлар нега бизда бу қадар зўр бериб тарғиб қилинаяпти? Бу билан «Реклама тўғрисида»ги Қонуннинг бир қанча бандлари бузилаяпти-ку. Бундай ичимликларни реклама қилиш учун катта-катта совғалар қўйилишининг ўзи ҳам қонунбузилиши ҳисобланади.

Яна бир гап. Бу рекламаларнинг бирортасида уларни меъёридан ортиқ истеъмол қилиш соғлик учун зарарли эканлиги алоҳида таъкидлаб айтилмайди. Уни ичиш кимларга тақиқланганлиги ҳақидаги маълумотлар ҳам берилмайди.

Юқорида номлари қайд этилган давлатларда бундай ичимликлар фақат дори сифатида дорихоналарда сотилар экан.

Биология фанлари доктори, профессор, Турон Фанлар академияси академиги Шониёз Қурбоновнинг таъкидлашича, энергетик ичимликларни икки-уч ойда бир марта ёки кунига 50 граммдан ичса, организмга зарари йўқ. Балки мияга озуқа бўлади. Бироқ меъёридан ортиқ истеъмол қилинганда қонда глюкоза миқдори кўпайиб кетади. Шакарнинг ортиқча қисми ёғга айланади ва инсулин организмда кўпайиб, қандли диабетга олиб келади. Энг ёмони, одам бангига ўхшаб уни ичишга ўрганиб қолади.

Россиялик шифокор, тиббиёт фанлари номзоди Анатолий Печинканинг фикрича, энергетик ичимликлар органлардаги ҳужайралар ва тўқималар қувват захиралари камайиб кетишига олиб келади, овқат ҳазм қилиш органларига салбий таъсир қилади, организмдаги бор энергияни сиқиб чиқаради. Айниқса, таркибида кофеин моддаси энг кўп бўлганлари организм учун ўта зарарлидир. Унинг таъкидлашича, кам алкоголли бундай ичимликлар таркибида кўп миқдорда қанд, ароматизаторлар, озуқа синтетик бўёқлари, таъмни барқарорлаштирувчи моддалар, алкоголнинг муқобиллари бўлади. Бундай «жарангдор» аралашма аста-секин, лекин ишонч билан жигарни заҳарлайди. Сабаби, айнан ушбу орган организмдаги алкоголни парчалаб, уни чиқариб юборишга жавоб беради. Бундан ташқари, энергетик ичимликлар руҳий саломатликка ҳам салбий таъсир кўрсатади.

Тошкент тиббиёт академияси Болалар, ўсмирлар ва овқатланиш гигиенаси кафедраси профессори Гули Шайхованинг таъкидлашича, бундай ичимликларни меъёридан ортиқ ичиш ўсмирларда тобелик ҳолатини келтириб чиқаради. Юқори концентрацияланган энергетик ичимликларда кўп миқдорда кофеин, таурин моддалари бор.

Таурин – энергетик жараённи жадаллаштирувчи ва нерв системасини ривожлантирувчи модда. Унинг инсон организми учун суткалик меъёри – 400 миллиграмм. Айрим «энергетик»лар таркибида эса бу модда икки баробардан ҳам кўп бўлади ва бу албатта ўсмирлар соғлиғига салбий таъсир кўрсатади.

Энергетик ичимликлар танага қувват беради, дейилгани ҳам тўғри эмас. У фақат танамиздаги захиралар қулфини очиб беради. Бошқача қилиб айтганда, у фақат танамиздаги захира қувватимизни юзага чиқариб беради, холос. Ичимликнинг таъсири уч-беш соатга етади. Яъни биз бу қувватни ўзимиздан қарзга оламиз.

Афсуски, бу қарзни эртами-кечми ҳолсизлик, уйқусизлик, тажанглик ва депрессияга тушиш,тахикардия (юрак бирдан тез уриб кетиши), эркакларда бепуштлик, ёш болаларда пешобни тутолмаслик ва моддалар алмашувининг бузилиши каби салбий иллатлар билан тўлашимизга тўғри келади.

Мутахассислар бундай ичимликлар организм учун ароқдан кўра ҳам кўпроқ хавфлироқ эканлигини аллақачон исботлашган. Энди ўйлаб кўрайлик, ўзимиз ичкиликбозликдан тийилсак-да, фарзандларимиз бундан баттарроқ зарари бўлган ичимлик истеъмол қилаётганига бефарқ қараб турсак, бу қайси мантиққа тўғри келади?

Шониёз Қурбоновнинг фикрича, айни пайтда машҳур бўлган қувватбахш ичимликлардан бири 10 дақиқадан сўнг организмингизга зарарли таъсирини кўрсата бошлар экан. Лекин унинг таркибида ортофосфат кислотаси борлиги учун буни сезмайсиз. 25 дақиқадан сўнг қонга инсулин моддаси кўп миқдорда чиқарилади. Бу эса шакарни жигарда ёғга айлантириб, ёғли гепатоз ривожланишига сабаб бўлади. 45 дақиқадан сўнг дофамин ишлаб чиқарилиши ортиб, бош мияда роҳатланиш, қониқиш марказини қўзғатади. 70-80 дақиқадан сўнг акс таъсир қилиш вақти бошланиб, организмда ҳолсизлик, таъсирчанлик ҳолатлари юзага келади.

Ҳа, энергетик ичимликлар таркибида кўп миқдорда кофеин бўлиб, у бошқа стимуляторлар каби асаб тизимини ишдан чиқаради. Руҳий касалликлар ортади, одамларда тажовузкорлик кучаяди, ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кузатилади. Болаларнинг зеҳни ўтмаслашиб, дарсларни ўзлаштириши пасайиб кетади, ногирон, ақли заиф болалар туғила бошлайди.

Энди бир ўйлаб кўринг, бундай зарарли ичимликларни шу қадар босим билан тарғиб қилишдан мақсад нима? Агар бу иллатга қарши курашмасак, вақтида унинг олдини олмасак, келгусида ўзимиз ва келажагимиз эгалари бўлмиш фарзандларимиз янада кўпроқ азият чекиши тайин.

 

Норбўта Ғозиев,

журналист.

ЎзА.

Прочитано: 48 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика