Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 43 / Парламент хабарлари

Кодексларга ўзгартиришлар киритилди

 

20–21 октябрь кунлари бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисида 18 та масала, шу жумладан, 8 та қонун муҳокама этилди.

 

Кўрилган ҳужжатлар орасида ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган божхона ва солиқ кодекслари ҳам бор.

«Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун билан амалдаги Божхона кодексининг 81 та моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Жумладан, 70 та моддага тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, 10 та янги модда билан тўлдирилмоқда ва 1 та модда чиқариб ташланмоқда.

Таклиф этилаётган асосий ўзгартириш ва қўшимчалар қуйидагилардан иборат:

• божхона назоратини соддалаштириш йўналишида божхона расмийлаштируви муддати 3 кундан 1 кунга қисқартирилмоқда. Товар ва транспорт воситаларини тегишли божхона режимларига жойлаштириш мақсадида талаб этиладиган рухсатномалар бериш тартиби бекор қилинмоқда. Шунингдек, қайта ишлаш натижасида ҳосил бўладиган товарлар чиқиш нормасини ваколатли шахслар томонидан белгилашнинг ҳуқуқий асоси белгиланмоқда;

• божхона тўловлари тўланишини соддалаштириш йўналишида мамлакатимизга олиб киришда солиқ солишдан озод этиладиган товарлар рўйхати мувофиқлаштирилмоқда;

• божхона ва тадбиркорлар ўртасидаги низоларни судгача ҳал қилиш бўйича янги тизим киритилмоқда. Қайд этиш лозимки, божхона органларининг хатти-ҳаракатлари билан боғлиқ 2019 йилда 15 та ва 2020 йилда 29 та низоли ишлар маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилган бўлиб, бу тадбиркорларнинг турли суд инстанцияларидаги оворагарчилигига сабаб бўлган. Таклиф этилаётган янги тизим ёрдамида мавжуд низоларни дастлаб божхона органларида ҳал этиш ва бу орқали судда кўрилаётган низоларни ўртача икки баробарга қисқартиришга эришилади.

Қонуннинг қабул қилиниши божхона иши соҳасидаги умумэътироф этилган халқаро норма ва стандартлар миллий қонунчиликка имплементация қилиниши ҳамда Божхона кодексида мавжуд ҳуқуқий бўшлиқлар тўлдирилишига хизмат қилади.

Сенаторлар муҳокама қилган «Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлашга қаратилган қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун билан республикада гўшт маҳсулотлари ва асосий истеъмол маҳсулоти бўлмиш картошкага бўлган талаб ва нархлар барқарорлигини таъминлаш орқали аҳоли даромадларини ошириш мақсадида Солиқ кодексига қўшимча киритилмоқда. Хусусан, Солиқ кодексининг 483-моддасига 2021 йил 10 октябрдан 2021 йил 31 декабрга қадар бўлган даврда гўшт (мол, қўй, товуқ), тирик ҳайвонлар (қорамол ва парранда) ва уларни сўйиш маҳсулотлари, картошка ҳамда музлатилган балиқни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, шунингдек, уларни реализация қилишда айланмалар қўшилган қиймат солиғидан озод қилиш бўйича қўшимча норма киритилмоқда.

Аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш, нархларни барқарорлаштириш ва даромадларни оширишга хизмат қилиши ҳисобга олинди.

Шунингдек, ялпи мажлисда «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун сенаторлар эътиборига ҳавола этилди. Мазкур қонун билан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг сувга доир муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари кучайтирилмоқда. Сув истеъмолчилари уюшмаларининг фаолияти ўз аъзоларининг ҳар йиллик аъзолик бадали, шартнома асосида сувни етказиш ва бошқа сув хўжалиги хизматлари учун тўловлар ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилиши белгилаб қўйилмоқда.

Шунингдек, фойдаланувчилар мажбуриятлари қаторига рақамли технологияларни жорий қилиш шартлиги киритилмоқда. Шу билан бирга, корхоналар, ташкилотлар, муассасалар ва фуқароларга сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш ва санитария-муҳофаза зоналари режимини бузиш тақиқланмоқда.

Қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун сув ресурсларидан фойдаланувчи сув истеъмолчиларининг мажбуриятларига сувни тежайдиган технологияларни жорий этишга доир ҳар бир лойиҳага давлат бюджетидан ажратилган субсидиялардан камида беш йил самарали фойдаланиш, шунингдек, сувни тежаш имконини берадиган агротехника тадбирларини амалга ошириш шартлиги киритилмоқда.

Сув етказадиган зарарли таъсирдан муҳофаза қилиш, олдини олиш ва уни бартараф этиш тадбирлари давлат бюджетидан молиялаштириладиган ташкилотлар балансидаги объектларда тегишли бюджет маблағлари ҳисобидан, сув истеъмолчилари балансидаги объектларда эса ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши белгиланмоқда.

Мазкур қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилишни жадаллаштириш ва сувдан оқилона фойдаланилиши, сув истеъмолчилари уюшмаларининг сувдан фойдаланишни тартибга солиш бўйича ваколатлари кенгайиши, кўрсатилган сув хўжалиги хизматлари учун тўловларнинг ўз вақтида ундирилиши ҳамда молиявий ҳолатини яхшилашга, сув хўжалиги объектларидан фойдаланишда давлат-хусусий шерикчилик тамойилларини жорий қилиш ва давлат бюджети харажатларини камайтиришга ва бошқа натижаларга эришилади.

Қонунлар сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

Сенат Ахборот хизмати материали асосида.

Прочитано: 124 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика