Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 40 / Парламент хабарлари

Солиқларни бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилмоқда

 

Маълумки, жорий йилнинг 29-30 сентябрь кунлари Олий Мажлис Сенатининг ўн тўққизинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.

 

Мажлисда кўплаб масалалар қаторида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун муҳокама қилинди. Ҳужжатга мувофиқ 2 та кодекс ҳамда 2 та қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Хусусан, солиқ тўловчилар солиқ қарзини тўлаш имкониятига эга бўлмаётгани боис, уларга солиқларни бўлиб-бўлиб тўлаш имкони берилиши назарда тутилмоқда.

Бундан ташқари, ҳужжат билан Божхона кодексида товарларни импорт қилиш билан 3 йилдан ортиқ вақтдан буён шуғулланаётган, божхона тўловлари бўйича мажбуриятларини бажариб келган, лекин молиявий аҳволига кўра тўловларни белгиланган муддатда тўлаш имкониятига эга бўлмаган ТИФ иштирокчиларига божхона тўловларини бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилиши белгиланмоқда.

Ушбу ўзгаришларнинг киритилиши тадбиркорлик субъектлари ва аҳоли орасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳар хил талқин қилинишининг олдини олишга ҳамда хорижий инвесторларни жалб қилишда тадбиркорлик муҳити жозибадорлиги ошишига хизмат қилувчи аниқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар такомиллашишига олиб келади.

Шунингдек, мажлисда юридик шахслар, фуқаролар, шу жумладан якка тартибдаги тадбиркорларнинг тўловга қобилиятсизлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи «Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида»ги Қонун кўриб чиқилди. Таъкидланганидек, Қонунда тўловга қобилиятсизликнинг соғломлаштириш таомилларини ўтказиш жараёнида вужудга келган жорий солиқ тўловларини ҳисоблашни тўхтатиб туриш ва бу жараён муддати якунлангандан сўнг тўлаш, қарздорнинг тўлов қобилиятини тиклаш мақсадида тижорат банклари, молия ташкилотлари ва бошқа манбаларнинг маблағларини жалб этиш ҳамда соғломлаштириш режаларида олдиндан қарздорликнинг қанча қисмини қоплашни кўзда тутиш каби тартиблар ўз аксини топмоқда.

Бундан ташқари, Қонун билан суд бошқарувчисининг ҳуқуқлари кенгайтирилмоқда, жумладан, Давлат хизматлари агентлиги орқали кўрсатиладиган хизматлардан олдиндан тўловларни амалга оширмасдан фойдаланиш, давлат органларидан қарздор фаолияти бўйича маълумотларни бепул олиш, мулки бўлмаган корхоналарни тугатишда суд бошқарувчисига ҳақ тўлаш каби янги тартиблар белгиланмоқда.

Фуқаролик ва иқтисодий суд ишларини юритишга ихтисослашуви бўйича лицензияга эга бўлган адвокатларга ҳам тўловга қобилиятсизлик таомилларини ўтказиш ҳуқуқи берилган.

Улуш киритиш асосида қурилган уй-жойларни харид қилган мулкдорлар ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш мақсадида қурувчиларни тўловга қобилиятсиз деб топишнинг алоҳида тартиби ишлаб чиқилган.

Қарздор юридик шахсга суд санацияси ёки ташқи бошқарув таомилининг қўлланишига эришган суд бошқарувчисини рағбатлантириш, қўшимча ҳуқуқ ва ваколатлар бериш ва бошқа нормалар таклиф этилмоқда.

Қонунга қарздорни бошқарувчи шахсларнинг ғайриқонуний ҳаракатлари оқибатида кредиторларнинг талаблари тўлиқ қопланишини имконсиз қилиб қўйган шaxслар қaрздoрнинг қопланмай қолган мaжбуриятлaри бўйичa суд қарорига асосан субсидиар жaвoбгaр бўлиши қоидаси киритилмоқда.

Қонунда жисмоний шахсларнинг манфаатларига алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, қарздорнинг (жисмоний шахснинг) ойлик даромадларидан келиб чиқиб, қарздорликни тўлов графиги асосида бўлиб-бўлиб тўлаш тартиби жорий этилмоқда.

Қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизнинг халқаро рейтингларда тўловга қобилиятсизлик индикаторидаги ўрнини кўтариш ҳамда амалиётда тўловга қобилиятсизлик ҳолатига тушган корхоналар фаолиятини тезкорлик билан тиклаш имконини беради.

Ҳар икки қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

senat.uz материали асосида.

Прочитано: 242 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика