Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 39 / Иш берувчига ёрдам

Иш жойи ва меҳнат шартлари ўзгариши қандай расмийлаштирилади

 

Иш жойи – бу ходим ўз меҳнат вазифаларини амалга оширадиган муайян ўрин (хона, цех, бошқариладиган транспорт воситаси ва бошқалар). Бу тушунчани ходим ишлайдиган ташкилот маъносидаги иш жойи билан чалкаштирмаслик лозим.

 

Агар меҳнат шартномасида кўрсатилмаган бўлса, ходимнинг иш жойини унинг розилигисиз ўзгартиришингиз мумкин. Агар кўрсатилган бўлса, ўзгаришни ходим билан келишинг. Ходим ўзгартиришларга рози бўлмаса, унинг иш жойини МК 89-моддаси қоидаларига риоя қилган ҳолда ўзгартиринг.

 

Мисол. Ходимнинг розилигисиз унинг иш жойининг ўзгариши

Меҳнат шартномасида ходим ишга олинган бўлим келтирилмаган. Иш берувчи унга ён корпусда жойлашган бошқа бўлимда иш жойини тақдим этишга қарор қилди. Шу билан бирга, мутахассислиги, малакаси ва лавозими ўзгармайди.

Ходимдан олдиндан розилик олмаса бўлади.

 

Мисол. Ходимнинг розилиги билан иш жойининг ўзгариши

Меҳнат шартномасида ходим «А» ишлаб чиқариш бўлинмасига пайвандчи лавозимига қабул қилинганлиги кўрсатилган. Бир йилдан сўнг иш берувчи уни ушбу мутахассислик бўйича «В» бўлинмасига ўтказишга қарор қилди.

Ходимнинг розилиги олиниши зарур ва меҳнат шартномасида келтирилган иш жойи ўзгартирилиши лозим ёки Меҳнат кодексининг 89-моддасида келтирилган асосларга кўра ундан розилик олмасдан ўтказиш керак.

 

Меҳнат шартномасида аниқ кўрсатилмаган иш жойи ўзгартирилганда буйруқ чиқаринг (МК 96-м. 7-қ.).

Агар иш жойи шартномада келтирилган бўлса, дастлаб шартномага қўшимча келишув тузинг, кейинчалик буйруқни расмийлаштиринг.

 

Вазият. Ҳайдовчиларни бир автомобилдан бошқа автомобилга кўчириш

Юридик шахснинг балансида енгил ва юк автомобиллари мавжуд. Иш берувчи иккита енгил автомобиль ҳайдовчиларининг ўринларини алмаштиришга, шунинг учинчи енгил автомобил ҳайдовчисини фура юк машинасига ўтказиш ва унга юк ташишни топширишга қарор қилди.

Ўрин алмашишларни бошқа жойга ўтказиш каби расмийлаштириш шартми?

• Ҳайдовчиларнинг бир енгил автомобилдан бошқасига алмаштирилиши – иш жойининг ўзгариши ҳисобланади. Меҳнат шартномасида автотранспорт воситасининг тури ва давлат рақами келтирилмаган бўлса, ходимдан розилик олиш талаб этилмайди, буйруқ қабул қилишнинг ўзи етарли. Аксинча бўлганда эса бу меҳнат функциясининг ўзгариши ҳисобланади. Бунда ҳайдовчини бошқа ишга ўтказилганлигини расмийлаштириш лозим.

 

Агар меҳнат шартномаси бўйича шартлашилган иш жойини ходимнинг розилигисиз ўзартириш талаб этилса, меҳнат шартларини ўзгартиришнинг умумий қоидалари бўйича ҳаракат қилинг (МК 89-м.). Ходим янги иш жойида ишлашни давом эттиришни рад этадиган бўлса, у билан тузилган меҳнат шартномасини Меҳнат кодексининг 89-моддаси 4-қисмига асосан бекор қилинг.

 

Вазият. Лавозими ва мажбуриятлари сақланган ҳолда ходимнинг бошқа бўлинмага ўтказилиши.

Раҳбар ходимни доимий ишга бир бўлинмадан бошқа бўлинмага ўтказмоқчи. Ходимнинг лавозим номланиши ва мажбурияти сақланиб қолади.

Бошқа ишга ўтказилганлиги тўғрисида буйруқ чиқариш лозимми? Ёки бу иш ўрнининг ўзгаришими ва бунга буйруқ шарт эмасми?

Ходимнинг меҳнат вазифаси ўзгармаяпти (МК 92-м. 1-қ.), бу ўз навбатида бошқа ишга ўтказиш ҳисобланмайди. Агар меҳнат шартномасида бўлинма кўрсатилган бўлса, қўшимча келишув билан унинг номини янгисига ўзгартиринг. Иш жойи ўзгарганлиги тўғрисида буйруқ чиқаринг.

Меҳнат шартномасида бўлинма номини қўрсатилмаган бўлса, қўшимча келишув расмийлаштирмаган. Иш ўрнининг бундай алмашинилиши меҳнат шартларининг ўзгариши ҳисобланмайди ва ходимнинг розилигини олиш талаб этилмайди (МК 91-м.) Бироқ иш ўрни ўзгарганлиги тўғрисида буйруқ расмийлаштиринг.

 

Вазият. Иш берувчи ходимларни бошқа ҳудудга ўтказмоқчи

Таъсисчи шаҳарда офис биносини сақлаган ҳолда ишлаб чиқариш ва омборхоналарни шаҳардан ташқарига кўчиришга қарор қилди. Кўпчилик ходимлар янги жойнинг узоқда жойлашганлиги сабабли қўчиб ўтишга розилик билдирмаяпти. Хизмат автотранспорти тақдим этилмаган. Маъмурият кўчиб ўтишга розилик билдирмаган ходимларга ўз ҳоҳишига кўра ариза ёзишни таклиф этди.

Агар ходим буни бажаришдан бош тортса, нима бўлади? Агар ходим янги иш ўринларида ишлашдан бош тортганда, ишдан бўшаш пайтида иш берувчи компенсация тўлашга мажбурми?

Ходимлар ўзларининг ҳоҳишига кўра меҳнат шартномасини тугатиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилганда уларда компенсация олиш ҳуқуқи бўлмайди. Меҳнат шартномасида шартлашилган иш жойининг ҳудудий ўзгариши меҳнат шартларининг ўзгариши ҳисобланади ва ходимлардан розилик олишни талаб этади. Иш берувчи бўладиган ўзгаришлар тўғрисида ходимни камида 2 ой олдин тилхат асосида огоҳлантириши шарт. Ходим янги жойлашган ерда ишлашдан бош тортган тақдирда, у билан меҳнат шартномаси ўртача ойлик иш ҳақи миқдорида ишдан бўшатиш нафақаси тўлаш орқали тугатилиши мумкин (МК 89-м. 3, 4-қ.).

 

Ходимнинг розилигисиз меҳнат шартларини фақат технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ишлар (маҳсулот, хизматлар) ҳажмининг қисқарганлиги, башарти бундай ўзгаришлар ходимлар сони ёки ишлар хусусиятининг ўзгаришига олиб келиши олдиндан аниқ бўлган ҳоллардагина ўзгартириш мумкин (МК 89-м. 1-қ.).

Ёзма огоҳлантириш хатини расмийлаштиринг ва меҳнат шартларига ўзгартиришлар киритилишидан камида 2 ой олдин ҳар бир ходимга топширинг.

Ходим огоҳлантириш билан танишишдан бош тортган тақдирда, далолатнома тузинг.

 

Ходим огоҳлантириш хатини имзо чекиб олишдан бош тортганлиги сабабли унга гувоҳлар ҳозирлигида огоҳлантириш хатини ўқиб эшиттиринг ҳамда уни ўқиб бериб тақдим этганлигингиз ҳақида далолатнома тузинг (унда далолатнома тузилган сана, вақти ва жойини кўрсатинг).

Ходимга тузилган далолатнома билан имзо чекиб танишиб чиқишини таклиф қилинг. Рад этилган ҳолатларда далолатномада тегишли ёзувни қайд этинг. Ходим олмаган огоҳлантириш хатини далолатномага қўшиб қўйинг.

 

Иш берувчи томонидан тайинланган ваколатли шахс огоҳлаштиришни топширади ва (ёки) уни олишни рад этиш тўғрисидаги далолатнома тузади.

Огоҳлантириш муддатини фақат ходимнинг бунга розилиги билан қисқартиришингиз мумкин (МК 89-м. 3-қ.). Огоҳлантириш муддати тугагунига қадар меҳнат шартларини ўзгартирманг.

 

МИСОЛ. Янги меҳнат шартлари киритиладиган санани аниқлаш

Иш берувчи 10 апрель куни меҳнат шартлари ўзгартирилиши ҳақида огоҳлантирди. Ходим ушбу шартларни 15 майдан киритилишига розилик билдирди.

Иш берувчи фақат 15 майдан янги шартларни киритиши мумкин. Ушбу санага қадар аввалги шартлар сақланиб қолади.

Янги меҳнат шартларида ишлашда давом этиш учун:

ходимнинг ёзма розилигини олинг;

агар меҳнат шартларининг ўзгартиртирилиши меҳнат шартномасида назарда тутилмаган бўлса – фақат буйруқ чиқаринг;

ёки, агар шартларни ўзгартириш меҳнат шартномасида назарда тутилган бўлса, – меҳнат шартномасига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида қўшимча битимни расмийлаштиринг ва буйруқ чиқаринг (МК 96-м. 7-қ.).

Ходим янги меҳнат шартларида ишни давом эттиришдан бош тортганда, ундан ариза ёзишини талаб қилинг ва МКнинг 89-моддаси 4-қисми бўйича меҳнат шартномасини бекор қилинг. Ходимга ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда ишдан бўшатиш нафақасини тўланг (МК 109-м.).

 

Меҳнат кодексида рад этишнинг аниқ шакли назарда тутилмаган. Бироқ кейинчалик муаммолар келиб чиқмаслиги учун ходимдан бу ҳақда ёзма ариза олишни тавсия қиламиз.

 

Меҳнат шартлари ўзгартирилишига ходимнинг розилиги ёки норозилигига қараб амалга ошириладиган ҳаракатлар

1. Ходим янги меҳнат шартларида ишлашга розилик билдирди.

У розилиги ҳақида ариза тақдим этади. Буйруққа имзо қўяди ва «Танишиб чиқдим» деб қайд этади.

2. Ходим янги меҳнат шартлари бўйича ишлашдан бош тортди.

У янги меҳнат шартлари бўйича ишлашни давом эттиришдан бош тортганлиги тўғрисида ариза ёзади. Иш берувчи унга огоҳлантириш муддати тугагунича ишлаш учун имконият беради, сўнгра меҳнат шартномасини бекор қилади. Буйруққа ходим имзо қўяди ва «Танишиб чиқдим» деб қайд этади. Буйруқ нусхаси ходимга имзо чектириб тақдим этилади.

3. Ходим янги меҳнат шартларини рад қилди. У янги иш жойи топиб, огоҳлантириш муддати тугагунига қадар меҳнат шартномасини бекор қилмоқчи.

Ходим огоҳлантириш муддатини қисқартириш тўғрисидаги аризани тақдим этади. Иш берувчи буни маъқуллайди. Меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида буйруқ чиқаради. Буйруқ нусхаси ходимга имзо чектириб топширилади.

 

Александр Навотний, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг бошқарма бошлиғи,

Ленара Хикматова, «Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 440 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика