Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 39 / Истеъмолчи бурчаги

Эҳтиёт бўлинг, интернет-тижоратида фирибгарлар!

 

Бугун фирибгарларнинг таниқли компаниялар интернет-тижоратида брендларидан фойдаланиши кузатилмоқда. Бу компаниялар ва истеъмолчилар учун бирмунча муаммога айланди. 

 

Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига «Kentucky Fried Chicken Holdings LLC» (АҚШ) компаниясининг вакили ҳам шундай муаммо билан мурожаат қилган. Вакил интернет орқали Тошкентда KFC маҳсулотларига буюртма бериш ва етказиб бериш учун ноқонуний сайтлар ишлаётганини маълум қилган. Ўрганишлар давомида Агентлик ходимлари номаълум шахслар айнан компаниянинг расмий веб-сайтига ўхшаш тарзда яратилган, аммо унга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган норасмий веб-сайт яратилганлигини аниқлашди. Мазкур «сайт»лар хорижий доменларда рўйхатдан ўтгани ва алоқа маълумотлари мавжуд эмаслиги сабабли, афсуски, уларнинг эгаларини аниқлашнинг имкони бўлмади.

 

Буюртмалар ким томонидан қабул қилинмоқда?

Буюртма олиш ва уни етказиб бериш жараёни қуйидаги тарзда ишлаб чиқилган: истеъмолчилардан буюртмалар электрон шаклда қабул қилинади, шундан сўнг оператор мижозга қайта қўнғироқ қилиб, етказиб бериш манзили ва таом буюртмасини аниқлаб олади. Қизиқарли жиҳати шундаки, тўловлар фақат нақд пул шаклида қабул қилинади ва чек берилмайди. Таққослаб кўрилганда, номаълум сайтлардаги буюртма нархларидаги фарқ бир неча минг сўмга қимматроқ бўлади. Шахси номаълум кишилар ўзларини расмий вакил сифатида кўрсатиб, ноқонуний воситачилик хизматларини уюштирганлар. Энг ёмон томони, бундай хизматларда истеъмолчиларга озиқ-овқат етказиб бериш ёки уни сифати билан боғлиқ муаммолар хавф туғдирганда бундай «хизмат кўрсатувчи»ларнинг жавобгарлиги йўқ. «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунда истеъмолчиларнинг асосий ҳуқуқларидан бири сифатида товар (иш, хизмат) ҳақида, шунингдек, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот олиш ҳамда товар (иш, хизмат)нинг хавфсиз бўлишига талаб қўйишга ҳақли эканлиги белгилаб берилган.

Ўрганиш натижалари бўйича ваколатли орган – Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига хат юборди. Натижада ноқонуний фаолият юритаётган «сайт»лар фаолиятига чек қўйилди.

Шунингдек, ушбу агентлик томонидан электрон тижорат соҳасида истеъмолчилар саводхонлигини оширишга қаратилган материаллар тайёрланди ва бир қатор эслатмалар ҳам ишлаб чиқилди.

 

Ҳурматли истеъмолчилар! Интернет орқали товар, иш ва хизматларга буюртма беришда эҳтиёт бўлинг. Буюртмани фақат расмий веб-сайтлар ёки иловалар орқали амалга оширинг. Агарда сайтларда юридик шахс, манзили, боғланиш телефон рақамлари ҳақида маълумотлар бўлмаса, шунингдек, тўловларни фақат нақд пул кўринишида тўлаш шартлари берилса, бу ноқонуний ҳолат ҳисобланади ва мазкур сайтлардан буюртма беришда фойдаланмаслик зарур бўлади.

 

ЎзА материали асосида.

Прочитано: 172 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика