Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 39 / Истеъмолчи бурчаги

Бу реклама болалар учун эмас

 

Сир эмаски, кундан-кунга болалар ва ўсмирлар аудиториясига мўлжалланган рекламалар сони болалар телеканаллари ва ОАВда ортиб бормоқда. Дунёнинг кўпгина давлатлари рекламанинг болаларга салбий таъсири билан курашмоқда ва товарлар маркетингининг ёшларга таъсирини чеклаш бўйича қарорлар қабул қилмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Озиқ-овқат, жисмоний фаоллик ва соғлиқни сақлаш бўйича Глобал стратегиясида ҳам соғлиқ учун зарарли ва фойдаси кам бўлган маҳсулотлар тарғиботи рағбатлантирилмаслиги маълум қилинган. 

 

 

Болалар учун реклама: мамлакатимизда

Ўзбекистон Республикасининг «Реклама тўғрисида»ги Қонунида болалар даврасига (14 ёшгача бўлганларга) мўлжалланган кўрсатувларда (эшиттиришларда) реклама тақиқланади. Бу тақиқ ижтимоий рекламали ахборотга татбиқ этилмаслиги белгиланган. Фақат вояга етганларга мўлжалланган ёки вояга етмаганларнинг олиши ёхуд истеъмол қилиши тақиқланган маҳсулотни вояга етмаганлар истеъмол қилаётган ёки ундан фойдаланаётган тасвир туширилган реклама, вояга етмаганларни маҳсулот олишга ёки реклама қилинаётган маҳсулотни олишни илтимос қилиб учинчи шахсларга мурожаат этишга даъват қилувчи рекламалар ва ҳақиқий ёки ўйинчоқ қуролдан фойдаланилган рекламалар ҳам қонун билан тақиқланади. Шунингдек, асосан болалар ва ўсмирлар учун мўлжалланган босма нашрларда, шунингдек тиббиёт, спорт ва таълим муассасаларида энергетик ичимликларни реклама қилиш ҳам тақиқланган.

 

Болалар учун реклама: халқаро амалиётда

Айрим давлатларда теле- ва радиоканаллар эфирлари учун махсус кодекслар мавжуд бўлиб, уларга мувофиқ, болаларга бўрттирилган рекламани тарқатиш, маҳсулотнинг истеъмол хусусиятларига кўра болаларни чалғитадиган, алдайдиган, уларнинг ишончини суиистеъмол қиладиган рекламаларни жойлаштириш мумкин эмас.

Дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакати, хусусан Австралия, Малайзия, Жанубий Корея, Россия Федерацияси ва Европанинг кўплаб давлатларида болалар учун мўлжалланган телевидениедаги рекламаларга маълум чекловлар ўрнатилган миллий қонун ҳужжатлари мавжуд. Мазкур ҳужжатларда одатда вақт бўйича ёки дастурлар турларига ёхуд аниқ маркетинг усулларидан, хусусан мультфильм персонажларидан фойдаланишга чекловлар ўрнатилган.

Буюк Британиянинг болалар каналларида ёки улар учун мўлжалланган кўрсатувларда болалар аудиторияси учун мўлжалланмаган рекламаларни жойлаштириш тақиқланади, кўрсатувлар танаффусида болаларга мўлжалланмаган кўрсатувлар анонси, шунингдек почта, электрон почта, телефон ёки алоқа воситалари орқали буюртма бериш мумкин бўлган рекламаларни жойлаштириш мумкин эмас.

Нигерия ва Таиландда болалар аудиториясига йўналтирилган барча реклама миллий давлат органи томонидан рухсат этилган бўлиши лозим.

Австралия, Филиппин, Таиланд ва Буюк Британияда озиқ-овқат рекламасида ёлғон маълумотларни тақиқловчи қоида амал қилади, Франция қонунчилигида эса телевидение ва радиода озиқ-овқат рекламасини соғлом овқатланишнинг фойдаси тўғрисидаги хабар билан бирга жойлаштириш кераклиги белгиланган.

Хитой, Дания, Финляндия, Малайзия, Жанубий Корея, Руминия ва Буюк Британияда соғлом овқатланишни рағбатлантирувчи ва овқат ўрнини босувчи сифатида газакларнинг (картошка чипслари, крекер ва бошқалар) реклама қилинишини тақиқловчи қоидалар амал қилади.

Норвегия, Канада (айрим ҳудудларида) ва Швецияда болаларга мўлжалланган телекўрсатувларда ҳар қандай рекламаларнинг намойиши тақиқланган.

Бельгия, Вьетнам, Португалия, Канада ва Германиянинг баъзи ҳудудларидаги мактабларда ҳар қандай шаклдаги рекламаларни жойлаштириш тақиқланган.

Финляндия, Франция, Греция ва Люксембург давлатларида агар реклама таълим олишга қаратилмаган бўлса, мактаб ҳудудида уни жойлаштириш ман этилган.

Хулоса ўрнида

Мазкур масала жуда ҳам долзарб, реклама саноатининг ривожланиши билан болалар ёки ўсмирлар аудиториясини у ёки бу рекламанинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш тобора қийинлашиб бормоқда. Чунки реклама болаларга, уларнинг турмуш тарзига, ўзини тутиши, одатлари ва диди, қарашларига таъсир кўрсатмасдан қолмайди. Ва, албатта, бунда ота-оналарнинг ўрни бўлиши ва улар болалар учун намуна бўлиши керак. Асосийси, болаларни реклама таъсирига қарши курашишга, ҳеч бўлмаганда рекламада жойлаштирилаётган маълумотларнинг қай бири яхши-ю, қайси бири ёмонлиги тўғрисида тушунтириб бориш орқали уларга ёрдам бериш муҳим.

 

consumer.uz 

Прочитано: 340 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика