Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 39 / Бухгалтерга тавсиялар

Чет эллик фуқаронинг мақоми қандай аниқланади

 

Чет эллик фуқаронинг даромадларига солиқ солиш учун, унинг солиқ мақомини – у Ўзбекистон резиденти ёки норезиденти ҳисобланишини аниқланг.

Ўзбекистон резидентлари ва норезидентларига ЖШДС солиш тартибида қуйидаги жиддий фарқлар мавжуд:

Резидентлар


Норезидентлар


12%лик ставка


20%лик ставка


Солиқ кодексининг 378, 379, ва 380-моддаларида назарда тутилган имтиёзларни қўллаш имконияти


Имтиёзлар қўлланилмаган ҳолда солиқ солиш


Чет эллик фуқаронинг – ходимнинг солиқ мақомини аниқлашнинг мезони бўлиб – ўзига нисбатан белгиланган солиқ даври бошланадиган ёки тугайдиган ҳар қандай кетма-кетликдаги 12 ойлик давр давомида унинг Ўзбекистон ҳудудида ўтказган кунлари миқдори ҳисобланади (СК 30-м.).

Ўзбекистон ҳудудида ҳақиқатда бўлиб турганликни тасдиқлашнинг асоси қуйидагилар ҳисобланади:

● чет давлатларнинг давлат чегараларини кесиб ўтганлик тўғрисидаги белгилар. Уларнинг асосида Ўзбекистонга (Ўзбекистондан) кириш (чиқиш) куни белгиланади;

● солиқ органида мавжуд бўлган маълумотлар. Улар давлат органлари ва ташкилотлари томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тақдим этилади.

Агар Ўзбекистон ҳудудида ҳақиқатда бўлиб турганлик вақтини аниқ белгилаш имкони бўлмаса, жисмоний шахс солиқ органига ўзининг календарь йил (йиллар) давомида ҳақиқатда бўлиб турган жойини тасдиқловчи ҳужжатларни (уларнинг кўчирма нусхаларини) тақдим этади:

● шахсни тасдиқловчи ҳужжат;

● белгиланган тартибда расмийлаштирилган Ўзбекистонда вақтинча яшаш учун рухсатнома;

● ҳақиқатда бўлиб турган жойини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар (ёхуд уларнинг кўчирма нусхалари).

Aгар Солиқ кодексига ёки Ўзбекистоннинг солиққа тортиш масалалари бўйича халқаро шартномасига мувофиқ, жисмоний шахс бир вақтнинг ўзида Ўзбекистоннинг солиқ резиденти, шунингдек, чет давлатнинг ҳам солиқ резиденти деб эътироф этиладиган бўлса, солиқ резидентлиги халқаро шартномага мувофиқ, жисмоний шахснинг ҳаётий манфаатлари маркази асосида аниқланади.

Жисмоний шахснинг ҳаётий манфаатлари маркази Ўзбекистонда жойлашган деб ҳисобланади, агар:

● жисмоний шахснинг турмуш ўртоғи ва (ёки) яқин қариндошлари Ўзбекистонда истиқомат қилишса;

ёки

● жисмоний шахсга ва (ёки) турмуш ўртоғига, яқин қариндошларига тегишли бўлган кўчмас мулк Ўзбекистонда жойлашган бўлса. Ушбу ҳолатда унда, исталган вақтда жисмоний шахс истиқомат қилиши ва (ёки) турмуш ўртоғи ва (ёки) яқин қариндошлари истиқомат қилишлари мумкин бўлади.

 

Жисмоний шахс Ўзбекистон резидентига айланган санани қандай аниқлаш керак

Қуйидаги шартлардан бири бажарилган ҳолатда, чет эллик ходим Ўзбекистон резиденти деб деб эътироф этилади:

● у тегишли мақоми ўзига нисбатан белгиланган солиқ даври бошланадиган ёки тугайдиган ҳар қандай кетма-кетликдаги 12 ойлик давр давомида жами 183 календарь кундан кўпроқ Ўзбекистонда бўлганда. Aгар республикада бўлган давр 183 кун ёки ундан кам бўлса, чет эллик фуқаро норезидент деб эътироф этилади (СК 30-м. 2-қ.);

● у тегишли солиқ даврида республикада жами 183 кундан кам бўлганда, лекин у бошқа қайсидир давлатда кўпроқ бўлганда;

● у 12 ойлик муддат тугагунга қадар солиқ органларига ўз аризасини ва у билан бирга, узоқ муддатли меҳнат шартномасини ёки Ўзбекистонда ҳақиқатда бўлган даврини тасдиқловчи бошқа ҳужжатни тақдим этади. Ушбу давр 183 кундан ортиқ ёхуд 183 кундан камни, лекин бошқа қайсидир давлатдагидан кўпроқ вақтни ташкил этиши керак.

Ўзбекистон ҳудудида ҳақиқатда бўлган вақтга, чет эллик фуқаронинг қуйидаги даврларини киритманг (СК 30-м. 7-қ.):

● дипломатик ёки консуллик мақомига эга шахс сифатида бўлган;

● халқаро шартнома бўйича тузилган, халқаро ташкилотнинг ходими ҳисобланган;

● юқорида кўрсатилган шахслар оиласининг аъзоси сифатида бўлган.

Чет эллик фуқаронинг қисқа муддатли (олти ойдан кам) даволаниш ёки ўқиш учун республикадан ташқарига чиққан даврларини Ўзбекистонда ҳақиқатда бўлиб турган вақтга киритинг (СК 30-м. 6-қ.).

 

Норезидент мамлакатининг қонунчилигида солиқ резидентлигининг бошқа қоидалари назарда тутилган бўлиши мумкин. Ушбу ҳолатда, бу Ўзбекистон ва ушбу давлат ўртасида имзоланган иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисидаги келишув (битим) асосида белгиланади.

 

 

Вазият. Чет эл фуқаросининг резидентлигини аниқлашда унинг Ўзбекистондан таътилга ва хизмат сафарига кетиш вақтини ҳисобга олиш

Ўзбекистонда ишлаётган чет эл фуқароси, ўзининг меҳнат таътили ҳамда хизмат сафари даврида республикадан ташқарига жўнаб кетди.

Ушбу даврлар, унинг резидентлигини аниқлашда Ўзбекистонда ҳақиқатда бўлган вақтнинг ҳисоб-китобига киритилмайди.

Солиқ кодексида жисмоний шахснинг таътил ёки хизмат сафари пайтида чет элда (хорижда) бўлиши, Ўзбекистон ҳудудида ҳақиқатда бўлган кунларининг ҳисоб-китобига киритиладиган давр сифатида белгиланмайди. Aммо, агар чет эллик фуқаро таътилни расмийлаштирган ҳолда, 6 ойдан кўп бўлмаган муддатга даволанишга жўнаб кетса, ушбу давр республикада ҳақиқатда бўлган вақтни ҳисоб-китоб қилишда инкор этилмайди.

Жисмоний шахснинг солиқ мақомини аниқлаш учун:

12 ойлик даврни белгиланг;

ушбу давр давомида унинг Ўзбекистонда ҳақиқатда бўлиб турган барча календарь кунларини қўшиб чиқинг.

 

 

Жисмоний шахснинг солиқ мақоми аниқланадиган 12 ойлик даврни қандай белгилаш керак

 

Меҳнат шартномаларига асосан ҳисоб-китоб ойи учун ходимнинг даромади ва ЖШДС ҳар ой охирги кунининг ҳолатига ҳисобланади. Ушбу кун сиз учун, солиқ агенти сифатида жисмоний шахснинг резидентлигининг аниқланиши лозим бўлган сана бўлиб ҳисобланади.

Иш ҳақи ҳар ойда берилиши сабабли, жисмоний шахсларнинг солиқ мақомини ҳам ҳар ойда аниқлаб борасиз.

 

Белгиланган 12 ойлик давр ҳисоб-китоб даври бўлиб ҳисобланади. У қуйидагича бўлиши мумкин:

календарь йилига мос келадиган;

турли йилларга тўғри келадиган, яъни бир йилда бошланиб, кейинги календарь йилида якунланадиган.

Асосийси, 12 ой бир-биридан кетма-кет кетиши лозим.

 

Мисол. Ходим учун ҳисоб-китоб даврини белгилаш

Солиқ агенти чет эллик фуқарога 2020 йил июнь ойи учун иш ҳақи ҳисоблаб чиқаради.

Июнь ойи учун иш ҳақини ҳисоблаб чиқариш ва ЖШДСни тўлаш санаси мазкур ойнинг 30-санаси ҳисобланади. Шу сабабли, июнь ойида иш ҳақи ҳисоб-китоб қилинадиган чет эл фуқароси учун солиқ мақомини аниқлашда, ҳисоб-китоб даври 2019 йилнинг 1 июлидан 2020 йилнинг 30 июнигача бўлган давр деб олинади.

Июль ойи учун иш ҳақи ҳисоблаб чиқарилганда, вақт оралиғи 2019 йил 1 августдан 2020 йил 31 июлгача бўлган давр деб олинади.

Шундай қилиб, навбатдаги ой учун иш ҳақининг ҳисобланиши, резидентлик аниқланадиган давр бошининг ҳамда охирининг кўчирилишига олиб келади.

 

Aгар чет эл фуқароси Ўзбекистон резиденти деб эътироф этиладиган бўлса, у ҳолда 12 ойлик давр тугагунга қадар у резидент бўлиб қолади ва унинг мамлакатимиздаги ҳақиқатда бўлган кунларини қайтадан санаш керак эмас.  

 

Мисол. Резидентликни аниқлашда 12 ойлик даврни белгилаш

Чет эллик фуқаро Ўзбекистонга 2020 йил июнь ойида кириб келди.

183 кун ўтгандан кейин (декабрда) у солиқ резидентига айланди.

2021 йил февраль ойида у 3 ойга Ўзбекистонни тарк этди.

Aммо, 2021 йилнинг июнигача ҳам, у ҳали ҳам резидент сифатида эътироф этилади, чунки у 12 ойлик давр давомида (биринчи йилнинг июнидан кейинги йилнинг майигача) 183 кундан ортиқ республикада ҳақиқатда бўлган.

Агарда чет эллик фуқаро 183 кундан ортиқ вақтга Ўзбекистонни тарк этадиган бўлса, у яна норезидентга айланади.

Фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги (ФҚТ) шартномалар бўйича даромад маълум бир санада тузилган, бажарилган ишлар (кўрсатилган хизматлар) тўғрисидаги далолатнома асосида ҳисобланади. Ушбу сана, жорий календарь йилининг исталган кунига тўғри келиши мумкин. Шу сабабли, жисмоний шахснинг солиқ мақомини аниқлаш учун 12 ойлик даврни санаш ишлари мазкур санадан бошлаб амалга оширилади.

 

Мисол. ФҲТ шартнома бўйича пудратчи учун ҳисоб-китоб даврини белгилаш

Фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома бўйича бажарилган ишлар тўғрисидаги далолатнома 2020 йил 15 июнда имзоланди.

Шу куни бухгалтер томонидан даромад ҳисоблаб чиқарилди.

ЖШДС суммасини аниқлаш учун, ҳисобчига жисмоний шахснинг солиқ мақомини аниқлаш зарур бўлади.

Жисмоний шахснинг резидентлик мақомини аниқлай туриб, бухгалтер 12 ойлик давр ҳисоб-китобига 2019 йил 16 июндан 2020 йил 15 июнгача бўлган даврни қабул қилади.

 

Чет эллик фуқаронинг Ўзбекистон ҳудудида ҳақиқатда бўлган кунлари қандай ҳисоб-китоб қилинади

 

Жисмоний шахснинг ҳар қандай кетма-кетликдаги 12 ой давомида мамлакат ҳудудида ҳақиқатда бўлган барча календарь кунларини қўшиб чиқиш орқали, уни Ўзбекистон резиденти деб эътироф этиш учун зарур бўлган, республикада 184 кун бўлиб турган вақтни ҳисоблаб чиқаринг.

Солиқ резиденти мақомини олиш учун 184 кун кетма-кетлигида мамлакат ҳудудида бўлишлик шарт эмас. Жисмоий шахс ҳар қандай кетма-кетликдаги 12 ой давомида жами 183 кундан кўпроқ мамлакатда турган бўлиши лозим.

 

Паспорт назоратидан ўтишда паспортда қайд этилган кириш ва чиқиш саналари, мамлакатда ҳақиқатда бўлган кунлар деб ҳисобланади. Шунинг учун, жисмоний шахс Ўзбекистон ҳудудига келган/кетган кунида неча соат бўлганлигининг аҳамияти йўқ.

 

Мисол. Келиш ва кетиш кунларини ҳисобга олиш

Қозоғистон фуқароси 12 август куни соат 00:05 да Тошкентдан Москвага учиб кетди, 20 август куни соат 23:40 да эса Тошкентга қайтиб келди.

Aвгуст ойида у Ўзбекистонда неча кун бўлган?

Aвгуст ойида у Ўзбекистонда 24 кун бўлган, гарчи унинг учиб кетган кунида мамлакатда бўлган вақт 5 дақиқани ташкил этган, учиб келган кунида – 20 дақиқа.

 

Вазият. Йил давомида бир неча бор чет элга сафар қилган чет эллик ходимнинг – РФ фуқаросининг солиқ мақомини аниқлаш

Чет эллик ходим – РФ фуқароси 2019 йил 1 августда биринчи маротаба Ўзбекистон ҳудудига кириб келди.

У 2019 йил 3 августда ўзбек корхонасига ишга қабул қилинди.

2019 йил 1 августдан 2020 йил 31 июлгача бўлган даврда (365 кун), ходим 3 маротаба 100, 20 ва 40 кунлик муддатларга чет эл (хориж) сафарига жўнаб кетади.

Хорижга хизмат сафарларининг умумий давомийлиги 160 кунни ташкил этади.

Бундан ташқари, ходим чет элга 24 кунлик таътилга жўнаб кетади.

Ходим учун сўнгги 12 ой ичидаги жами кунларнинг қуйидаги тақсимоти ҳосил бўлади:

чет элда – 184 кун (160 + 24);

Ўзбекистон ҳудудида – 181 кун (365 – 184), яъни 184 кундан кам.

2020 йил июль ойи учун иш ҳақи ҳисоб-китоб қилинганда, ходим Ўзбекистон норезиденти сифатида тан олинади.

 

Вазият. Ўзбекистонда узилишлар билан бир йил турган чет эллик ходимнинг солиқ мақомини аниқлаш

Франция фуқароси Ўзбекистондаги қўшма корхонада ишлайди.

У Ўзбекистонга илк бор 2019 йил 15 мартда келган.

Ушбу санадан эътиборан йил давомида у мамлакатимизга бир неча маротаба келиб кетган.

Натижада ходим 2019 йил 15 мартдан бошлаб, 2020 йил 14 мартгача жами 146 кун республика ҳудудида бўлиб турган.

Агар ходим 2020 йил 31 март ҳолати бўйича Ўзбекистон ҳудудида бўлиб турган бўлса, 2020 йил март ойи учун ЖШДС ҳисоблаб чиқарилаётганда у Ўзбекистон резиденти деб эътироф этиладими?

Ушбу вазиятда, чет эл фуқароси мамлакатимизга илк бор келган пайтдан бошлаб, 12 ойлик давр якунланаётган санада Ўзбекистонда бўлиб турганига қарамай, у республикада 183 кундан кам вақт бўлган. Бинобарин, у Ўзбекистон резиденти ҳисобланмайди.

 

Ўзбекистон ҳудудида ҳақиқатда бўлган кунларни қандай ҳужжатлар ёрдамида тасдиқлаш мумкин

 

Жисмоний шахснинг Ўзбекистонда ҳақиқатда бўлган кунларини қуйидагилар ёрдамида тасдиқланг, хусусан:

● чегарани кесиб ўтиш тўғрисидаги белгилари мавжуд бўлган паспорт саҳифаларининг нусхалари;

● республикада вақтинча яшаш учун рухсатнома;

● йўл юриш ҳужжатларининг нусхалари ва ҳ. к.

 

Раъно АЛИШАЕВА, ДСҚ Солиқ солиш методологияси департаменти бош мутахассиси,

Радмила КАРИМОВА, солиқ маслаҳатчиси.

Прочитано: 292 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика