Мамлакатимизнинг тўқимачилик саноати ташқи бозорга юқори қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулотлар етказиб бераётган истиқболли соҳалардан ҳисобланади.
Хоразм вилоятида мазкур соҳада фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари, экспортчи корхоналарнинг ишлаб чиқариш жараёни билан яқиндан танишиш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва жойида ечим топиш бўйича вилоятда тузилган Ишчи гуруҳ Урганч шаҳридаги хўжалик субъектларининг мутасадди раҳбарлари билан учрашди.
Хоразм вилояти божхона бошқармаси бошлиғи И.Казаков бошчилигидаги Ишчи гуруҳ дастлаб «Uztex Urganch» тўқимачилик корхонасида бўлди.
Табиий пахта толасидан юқори сифатли, рақобатбардош тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқараётган мазкур янги корхона ўз фаолияти билан вилоят саноат салоҳиятини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Бу ерда 20 хилдан ортиқ экспортбоп трикотаж маҳсулотларининг 30 фоизи ички бозорга чиқарилаётган бўлса, қолган 70 фоизи ташқи бозорга, хусусан, Россия, Германия, Грузия, Молдовия, БАА, Озарбайжон, Беларусь ва Қозоғистон давлатларига экспорт қилинмоқда.
Корхона томонидан 2020 йилнинг саккиз ойи давомида 12,0 млн АҚШ долларилик тўқимачилик маҳсулотлари экспорт қилинган бўлса, бу кўрсаткич 2021 йилнинг шу даврида 20,1 млн АҚШ долларига етди, яъни экспорт ҳажми 67,5 фоизга ошган. Ҳозирги кунда корхонада 450 нафардан зиёд хотин-қиз меҳнат қилади.
Ишчи гуруҳ шундан сўнг 2005 йилда ташкил этилган, республикадаги энг йирик 11 корхонани (3 та тўқимачилик, 6 та тикувчилик, 1 та ипакчилик ва 1 та мато бўёқловчи) ўз ичига олган «Bahmal Group» тўқимачилик компаниясида бўлди.
Мазкур компанияда пахта матолари, чойшаб тўпламлари, ошхона сочиқлари, рўмолча, эркаклар кўйлаги ва бошқа 30 хилдаги тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.
Компания 2020 йилда 4,3 млн АҚШ долларилик, 2021 йилнинг бугунги даврига қадар 5,5 млн долларлик маҳсулотни четга чиқарган (28 фоизлик ўсиш). Трикотаж маҳсулотлари асосан Россия, МДҲ, Европа давлатларига экспорт қилинмоқда.
2020-2021 йилларда импорт қилинган 4,8 млн долларлик замонавий дастгоҳлар учун божхона тўловларидан 5,8 млрд сўмлик имтиёз берилган. Компания Ўзбекистон бўйлаб чакана савдо қиладиган ўзининг 4 та савдо дўконлари тармоғига эга. Компания негизидаги корхоналарда 600 нафардан зиёд ишчи-ходим ишлайди.
Бизнес вакиллари билан учрашувларда Ишчи гуруҳ жойлардаги муаммо ва иш муҳитларини ўрганди ҳамда бугунги кунда божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнида яратилган қулайликлар, божхона тўловларидан берилаётган имтиёзлар, ТИФ иштирокчиларига янада сифатли хизмат кўрсатиш борасида маълумотлар берилди.
Хоразм вилояти божхона бошқармаси Ахборот хизмати.