Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 36 / Солиқ солиш

«Ангрен» ЭИЗ иштирокчиси учун фойда солиғи

 

 

Корхона «Ангрен» ЭИЗ иштирокчиси ҳисобланади, 26.10.2016 йилдаги ПФ-4853-сон Фармонга биноан 2019 ва 2020 йилларда фойда солиғи бўйича имтиёзга эга бўлган. 26.12.2018 йилдаги ПҚ-4086-сон қарорнинг 4-бандига мувофиқ корхона 2019 ва 2020 йиллар учун фойда солиғини 2 бараварга пасайтирилган ставка бўйича, яъни мос ҳолда 6 ва 7,5%лик ставка бўйича ҳисоблаган, лекин солиқни тўламаган. Имтиёз 2020 йил 1 октябрдан бекор қилинган ва солиқ 15%лик ставка бўйича тўланадиган бўлган.

1. Фойда солиғи ҳисоб-китобида 2 та турли ставкалар қандай акс эттирилади, ҳисобот шаклида бундай ҳолат назарда тутилмаган-ку?

2. 4853-сон Фармонга мувофиқ фойда солиғи бўйича имтиёз чегирилмайдиган харажатларга татбиқ этилганми? 

 

1 Эркин иқтисодий зоналар иштирокчилари ер солиғи, фойда солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўловини, шунингдек, Республика йўл жамғармасига ҳамда Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармасига мажбурий ажратмаларни тўлашдан озод этилган (26.10.2016 йилдаги ПФ-4853-сон Фармоннинг 3-б., 5.06.2017 йилдаги ПФ-5070-сон Фармон таҳририда).

2018 йил 5 апрелдан бошлаб ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи бўйича имтиёзлар 4853-сон Фармондан чиқариб ташланди (4.04.2018 йилдаги ПФ-5398-сон Фармонга ­1-илова 4-б.).

ПФ-4853-сон Фармон бўйича имтиёзлар вақтинчалик бўлиб, улар киритилган инвестициялар ҳажмига қараб 3 йилдан 10 йил муддатгача берилади (ПФ-4853-сон Фармоннинг 4-б.).

2018 йил 1 январдан бошлаб ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи бекор қилинган. Фойда солиғи ёки ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғини тўлашдан тўлиқ озод этиш кўринишидаги вақтинчалик имтиёзга эга бўлган юридик шахслар имтиёзнинг амал қилиш муддати тугагунига қадар фойда солиғини 2 баравар камайтирилган ставка бўйича тўлашлари белгиланди. 2019 йилда мазкур тартиб сақлаб қолинган (29.12.2017 йилдаги ПҚ-3454-сон қарорга ­7-илова изоҳи; 26.12.2018 йилдаги ПҚ-4086-сон қарорнинг 4-б.).

2020 йил 1 январдан янги таҳрирдаги Солиқ кодекси кучга кирди. Белгиланишича, 2020 йил 1 январга қадар қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорларида тақдим этилган имтиёзлар амал қилиш муддати тугагунига қадар амал қилади (30.12.2019 йилдаги ЎРҚ-599-сон Қонуннинг 4-м.).

2019 йил 1 январдан 2020 йил 1 октябрга қадар корхонангиз 2 баравар пасайтирилган ставка бўйича фойда солиғини тўлаши керак эди.

Юридик шахслар учун фойда солиғи ставкаси (айрим истиснолар қилинган ҳолда) 2019 йилда ­12%ни ташкил қилган (2007 йилги таҳрирдаги СК 159-1-м.). Демак , 2019 йилда «Ангрен» ЭИЗ иштирокчиси бўлмиш корхона фойда солиғини 6%лик ставка бўйича тўлаши лозим бўлган.

Фойда солиғи ставкаси (айрим истисноларни ҳисобга олган ҳолда) 2020 йилда 15%ни ташкил қилган (2020 йилги таҳрирдаги СК ­337-м. 1-қ. 12-б.). 2020 йил 1 январдан 30 сентябргача бўлган даврда «Ангрен» ЭИЗ иштирокчиси бўлмиш корхона фойда солиғини 7,5%лик ставка бўйича, 2020 йил 1 октябрдан 31 декабргача эса 15%лик ставка бўйича тўлаши керак эди.

2020 йилнинг 3 та чораги учун Фойда солиғи ҳисоб-китоби 7,5%лик солиқ ставкаси кўрсатилган ҳолда топширилиши керак эди. Йил якунлари бўйича эса солиқ ҳисоб-китоби 15%лик солиқ ставкаси кўрсатилган ҳолда тақдим этилиши лозим эди. 2020 йилнинг 9 ойи учун имтиёз суммаси Фойда солиғи ҳисоб-китобига 3-«Имтиёзлар» иловасида акс эттирилган бўлиши лозим (3-илова, АВ рўйхат рақами 3221, 24.02.2020 й.). Бунинг учун дастур кўрсатадиган мос сатрда 7391 (7392) коди бўйича имтиёз – 26.10.2016 йилдаги ПФ-4853-сон Фармоннинг 3-банди «Махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларига Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси ва Ўзбекистон Республикасининг «Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида»ги Қонунида белгиланган тартибда алоҳида солиқлар, шунингдек, божхона тўловлари бўйича имтиёзларни қўллашнинг ўзига хос хусусиятлари назарда тутилади» танланиши керак эди.

 

2   ПФ-4853-сон Фармон бўйича имтиёзни қўллаш учун фойда солиғи Солиқ кодекси нормаларига мувофиқ ҳисобланиши лозим. Жами даромад билан чегириладиган харажатлар ўртасидаги фарқ солиқ базаси ҳисобланади. Солиқ кодексидан ягона фарқи шундаки, имтиёз қўлланилганда ставка 2 баравар пасайтирилган.

 

Эътибор беринг! ПФ-4853-сон Фармонга кўра фойда солиғи бўйича имтиёз мақсадли бўлмаган. Вақтинчалик мақсадли бўлмаган имтиёзлар баланс счётларида акс эттирилмайди, улар учун солиқлар, божхона тўловлари ва бюджетга мажбурий тўловларининг ҳар бир тури бўйича «Вақтинчалик солиқ ва божхона имтиёзлари» балансдан ташқари счётлари очилади (Низомнинг ­10–12-б., АВ рўйхат рақами 1463, 2.04.2005 й.). Шу боисдан, агар сиз бухгалтерия ҳисобида ушбу имтиёзни мақсадли имтиёз сифатида ҳисобга олган бўлсангиз, буни тузатиш лозим.

 

2019 йил 16 майдан 2020 йил 1 октябргача ўз эҳтиёжлари учун олиб кириладиган ускуналар, хом ашё, материаллар ва бутловчи буюмлар учун божхона тўловлари бўйича (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) мақсадли имтиёз бўлган (15.05.2019 йилдаги ПФ-5719-сон Фармонга 3-илованинг 1-б. «а» кичик б.).

Прочитано: 267 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика