Амалдаги тартибларга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 23 мартдаги «Ўзбекистон Республикасида маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши масалаларини тартибга солиш тўғрисида»ги 131-сон қарорида 50 йил муқаддам ва ундан ҳам олдинроқ яратилган маданий бойликлар республикадан олиб чиқиб кетилмаслиги белгиланган.
Чегара божхона постларида хизмат олиб бораётган божхоначилар маданий бойликларни юртимиздан ноқонуний йўллар билан олиб чиқиб кетилишига қарши уринишларга ўз вақтида чек қўйишмоқда. Хусусан, Самарқанд халқаро аэропорти орқали хорижга йўл олган фуқаро К.Д. божхоначилар эътиборини тортди ва унга тегишли бўлган юклар холислар иштирокида кўздан кечирилди.
Кўздан кечириш давомида К.Д.нинг юклари орасида йўловчи божхона декларациясида ёзиб кўрсатилмаган 45 дона ноёб сўзаналар ва 2 дона тарихий либослар борлиги аниқланди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси Ахборот хизмати.