Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 31 / Биз яшайдиган уй

УМШ ўз ишини давом эттирмоқда

 

«Кўп квартирали уй-жойларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги ПҚ-5152-сон қабул қилиниши билан аҳолининг кўпчилик қисмида энди УМШнинг тақдири нима бўлади деган савол туғилди: улар ўз ишини давом эттирадими ёки уйлар бошқарувчи ташкилотларга ўтиб кетадими? Ахир қарорда тажриба назарда тутилган-ку. Ўзбекистон ва Қорақалпоғистоннинг 15 та шаҳрида 2022 йилнинг 1 июлига қадар ККУ бошқарувини такомиллаштириш бўйича лойиҳа ишга туширилмоқда. Лойиҳа очиқ танлов асосида бошқарувчи ташкилотларга бириктирилган ҳудудларда ўтказилади. Бошқариш ва хизмат кўрсатишнинг янги тизими лойиҳалаш ҳудудларида жойлашган 1 227 та кўп квартирали уйлар базасида синов тарзида ўтказилади. Бироқ тажриба қўлланилаётган майдонларда УМШ фаолият кўрсатаётган уйлар ҳам мавжуд.

Бундай уйларни ҳам лойиҳа доирасида БКга ўтказиб юборишадими ва умуман республикада ширкатларнинг аҳволи нима бўлади? 

 

– Президентнинг «Кўп квартирали уй-жойларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори (19.06.2021 йилдаги ПҚ-5152-сон) қоидаларини тушунтиришга бағишланган матбуот анжуманида уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Шерзод Ҳидоятов ширкатлар республикада тугатилаётгани йўқ, улар ишини давом эттирмоқда, деб таъкидлади. «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ мамлакатимизда бошқарувнинг 3 та усули амал қилмоқда. Бошқарув усулини турар жой мулкдорларининг ўзлари танлайди. Ҳеч ким уларни БКга ўтишга мажбурлай олмайди, бунинг учун мулкдорларнинг қарори бўлиши лозим. Лекин ўз вазифаларини уддалай олмаётган, аҳоли улар ишидан норози бўлган УМШлар ҳам бор. Ана шулар бошқарувчи ташкилотлар ҳам мавжудлиги, умумий йиғилишнинг қарори ва шартнома асосида хизмат кўрсатишни улар қўлига топшириш ҳам мумкинлигини билиши керак. ПҚ-5152-сон қарорда ширкатларни тугатиш ҳақида кўрсатма берилмаган.

УМШларнинг тақдири билан боғлиқ савол яқинда пойтахтнинг айрим туман ҳокимлари томонидан ноқонуний эълон қилинган ККУни бошқаришга доир эксперимент муносабати билан юзага келган. Ҳокимлар ширкатларни тугатиш, кўп квартирали уйлар фондини бошқарувчи ташкилотларга топшириш ҳақида қарорлар чиқарган эди. Ҳокимият ходимлари, округ-секторларнинг бошлиқлари ва уларга ёндош ишлаган бошқа вакиллар ширкатлар вақти энди тугади ва буёғига ККУни бутунлигича бошқарувчи компаниялар бошқаради, деган ғайриҳуқуқий ташвиқотни олиб боришган эди. Бундай гаплар кўпчиликнинг бошини қотириб қўйди. Гўё бу борада ҳукумат қарори чиққан, дея фуқароларни аслида мавжуд бўлмаган қарор билан чўчитишди. Бир қатор УМШ раҳбарларини муҳрлар, ҳужжатларни янги бошқарувчиларга топшириш, УМШларнинг банклардаги ҳисобварақларини ёпиш ва бошқа нарсаларни қонунга зид равишда талаб қилишди. Адлия вазирлиги ўшанда ҳокимиятларга тақдимномалар жўнатиб, бундай қарорлар амалдаги қонун ҳужжатларига зид эканлигини айтиб, бу ҳаракатларга нуқта қўйган эди.

Прочитано: 239 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика