Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 31 / Биз яшайдиган уй

Турар жойларни термомодернизация қилиш: украинча ёндашувдаги тажриба

 

Турар жойларни энергия самарадор модернизация қилиш бўйича Украина тажрибасини Германия, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Украина мутахассислари уч кун муҳокама қилдилар. Бу мавзудаги вебинар Promhouseнинг «Қозоғистон ва Ўзбекистонда уй-жой фондини бошқаришнинг профессионаллашуви» лойиҳаси доирасида ўтказилди. Лойиҳа Европа иттифоқининг молиявий кўмаги остида «Шарқий Европада уй-жой хўжалиги» (ИВО, Германия) Ташаббуси томонидан амалга оширилмоқда. Немислар томонидан Европа Уй-жой ва кўчмас мулк таълим маркази (EBZ), республикамиз томонидан эса Ўзбекистон уй-жой фондини профессионал бошқарувчилар ва хизмат кўрсатувчилар ташкилотлари уюшмаси лойиҳанинг мувофиқлаштирувчиси сифатида майдонга тушган. 

 

Бу кўп квартирали уйларни (ККУ) энергия самарадор модернизация қилиш соҳасида банд бўлган профессионалларнинг Promhouse онлайн майдончасидаги халқаро учрашувининг биринчиси эмас. Собиқ совет ҳукумати ҳудудидаги мамлакатлар учун уй-жой коммунал хўжалиги бугунги кунда энг долзарб муаммолардан бирига айланган, мазкур ҳудудларда индустриал уй қурилиши давридаги бир қолипдаги панелли кўп қаватли уйларнинг кўпчилик қисми 1995 йилгача қурилган. Уларнинг эскириш даражаси анча юқори, бу уйлар эски қурилиш норма ва қоидаларига мувофиқ лойиҳалаштирилган ҳамда биноларнинг иссиқликка чидамлилик бўйича замонавий талабларига жавоб бермайди. Бундай уйларни комплекс модернизация қилиш учун эса аҳолининг маблағи етмайди. Шунинг учун бу уйлар бугунги кунда нафақат оддийгина мукаммал таъмирланишга, балки энергия самарадор модернизация қилинишга муҳтож бўлиб, ана шундагина уларнинг фойдаланиш муддатини бироз узайтириш мумкин бўлади. Ана шу маънода Promhouse доирасида чуқур ўрганилаётган Шарқий Европанинг тажрибаси ҳар жиҳатдан қизиқарли туюлади. Хусусан, Германияда бундай уй-жой фондига нисбатан ўта ғамхўрлик билан муносабатда бўлишади: уни модернизация қилишади, реконструкциясини амалга оширишади, энергия сарфини камайтирган ва биноларнинг иссиқлик ҳимоясини оширган ҳолда қўшимча қурилиш, қайта қурилиш ишларини бажаришади.

 

Дастурлар, лойиҳалар, рағбатлар

Даврнинг бундай чақириқларига Украина қандай жавоб бермоқда? Турар жой биноларини энергия самарадор модернизация қилиш билан боғлиқ масалалар қандай ҳал этилаётгани ҳақида вебинарда Украина Қурилиш академияси академиги Анатолий Нечепорчук ва «Гарант» энергосервис компанияси директори Александр Труфанов (Киев шаҳри) тақдим этишди. Украина энергия захираларидан оқилона фойдаланиш сари қадам ташламоқда. Бу ҳатто қонун ҳужжатлари даражасида ўз аксини топган бўлиб, тартибга солувчи норма ва механизмларни такомиллаштиришга олиб келди ва сезиларли натижаларни ҳам кўрсатди. Бугунги кунда бу ерда турар жой уйларини термомодернизация қилишнинг яхшигина тажрибаси тўпланган, уни бошқа мамлакатлар ҳам катта фойда билан ўзларида қўлласа арзийди.

Турар жой уйларини комплекс термомодернизация қилиш – уйда яшовчилар учун анчайин харажатли иш. Шунинг учун Украинада давлат кўп квартирали уйлар мулкдорлари бирлашмалари (ККУМБ) томонидан энергия самарадор лойиҳаларни илгари суриш ҳаракатларини рағбатлантириб бормоқда. Мамлакатда Украина энергия самарадорлик жамғармаси ташкил этилган. Бу давлат тузилмасининг мақсади уй-жой фондини энергомодернизация қилиш учун молиявий ва техник ёрдам кўрсатишдан иборат. Жамғарманинг фаолияти давлат бюджети ва бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади. Турли хил дастурларнинг ушбу Жамғарма орқали амалга оширилиши украинларга ўз уйларида энергия йўқотишларини камайтириш, энергия самарадорлиги даражасини ошириш, коммунал хизматлар харажатларини иқтисод қилиш, атмосферага зарарли чиқиндиларни чиқаришни қисқартириш имкониятини бермоқда.

Бошланишида уй-жой фондига давлат ёрдами «иссиқ кредитлар» дастури орқали амалга оширилган эди. Бунда йўлакларда эшиклар, деразаларни алмаштириш, фасадларни иссиқлаштириш бўйича алоҳида тадбирларни бажариш учун грантлардан фойдаланилди. 2019 йилдан бошлаб «Энергодом» комплекс энергомодернизациялаш дастури ҳамма учун қулай дастурга айланди. Бу дастур аҳолига Жамғарма орқали энергия самарадорлик бўйича тадбирларни амалга ошириш учун харажатларнинг 70 фоизигача бўлган қисмини компенсация қилишни назарда тутади. Молиявий ёрдам одамларнинг яшаш шароитларини яхшилаш, уйлардаги иссиқликни йўқотишни қисқартириш ва коммунал хизматлар учун харажатларни камайтириш учун жуда қулай омил бўлди. «Энергодом» комплекс энергомодернизациялаш дастури ишларни бажариш сифатини кафолатловчи бир қатор мажбурий босқичларни назарда тутади. Бунга энергоаудитни ўтказиш, лойиҳалаштириш ҳужжатларини ишлаб чиқиш ишлари киради, ана шу ишлар бажариб бўлингач, тадбирларни амалга оширишга киришиш мумкин. Ишлар бажарилаётган вақтда муаллифлик ва техник назорат ўтказилади, якуний босқичда эса – верификация.

Вебинар давомида аҳоли манфаатларини ифода этувчилар – ККУМБнинг турар жой уйларини термомодернизация қилиш бўйича лойиҳа буюртмачиларининг ролига катта аҳамият берилди. Турли тадбирлардан фойдаланиш, уларни амалга ошириш босқичлари, бу борада юзага келадиган муаммолар, уларни ҳал этиш йўллари кўриб чиқилди. Украинанинг биноларни энергия самарадорлиги бўйича модернизация қилиш бўйича тажрибаси билан Ўзбекистон уй-жой фондини профессионал бошқарувчилар ва хизмат кўрсатувчилар ташкилотлари уюшмасининг сайтида танишиб чиқиш мумкин.

 

Муаммо бор – ечимлар керак

Бу муаммо Ўзбекистоннинг иккиламчи уй-жой фонди учун ҳам долзарб бўлиб, у энди-энди тартибга тушмоқда. ККУни термомодернизация қилиш бўйича бизда дастурлар мавжуд бўлмаса-да, лекин профессионал бошқарув доирасида ечимларни топиш мумкин. Бошқарув ташкилотлари ёки УМШ бундай лойиҳаларнинг буюртмачиси сифатида майдонга туша олади. Бунинг учун улар уйларда яшовчиларни шундай ташаббусларнинг муҳимлигига ишонтира олиши, ўзлари етарлича малакага, юқори профессионаллик даражасига эга бўлиши, устувор вазифаларни кўра олиши керак. Шу туфайли Promhouse доирасида БК раҳбарлари учун профессионалликни ошириш бўйича ўтказилаётган семинар ва тренингларнинг аҳамияти каттадир.

Яшовчилар ККУнинг комплекс термомодернизациясини ўз ҳисобларидан ўтказиш имкониятига эга эмаслар. Бу йўналишдаги алоҳида тадбирлар бизда умумий уй мол-мулкини мукаммал таъмирлаш доирасида хусусий банклардан олинган кредитлар ҳисобидан ўтказилган. Ана шу маблағлар эвазига 1995 йилгача қурилган кўп қаватли уйларнинг бир қисмини таъмирлаш мумкин бўлди. Бунда асосан томни ёпиш, фасадларни бўяш, ертўлалардаги муҳандислик коммуникацияларининг бир қисмини алмаштириш, йўлкаларда стеклопакетлар ва эшикларни ўрнатиш ишлари бажарилган. Бинобарин, гап энергия самарадорлигини ошириш ва энергия йўқотишларини қисқартириш ҳақида эмас, балки қониқарсиз ҳолатда бўлган уйларнинг ҳолатини яхшилаш хусусида борган эди. Кредитларни қоплашга келганда уйда яшовчилар фоиз ставкасининг ҳисобига олинган суммадан анча кўп суммани қайтаришга мажбур бўлмоқдалар. Баъзи УМШлар кредитлари бўйича ҳалигача қарзларини тўлаб улгурган эмаслар.

 Президент томонидан яқинда қабул қилинган «Кўп квартирали уй-жойларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарор (19.06.2021 йилдаги ПҚ-5152-сон) билан 2021 йил 1 июлдан бошлаб ККУни мукаммал таъмирлаш учун жалб қилинган кредитларнинг муддатини 3 йилгача узайтириш назарда тутилган. Лекин бунда уйларни бошқариш усули УМШдан бошқарувчи ташкилотларга ўтиши шарт қилинади.

Худди шу ҳужжатда кўп квартирали уй-жойларни мукаммал ва жорий таъмирлашда улар ўзларини қисман молиялаштирганда мулкдорларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш дастаги амалга киритилмоқда. Таъмирлаш ишларининг 70 фоизи ҳажмидаги маблағлар тенг улушларда давлат бюджети ва маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан, 30 фоизи ҳажмидаги маблағлар мулкдорлар ҳисобидан амалга оширилади. Барча манбалардан йиғиладиган маблағлар Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Уй-жой коммунал хўжалигини ривожлантириш жамғармасида кўп квартирали уй-жойларни таъмирлашни молиялаштириш учун очиладиган махсус ҳисобварағида шакллантирилади. 2021 йилда мукаммал ва жорий таъмирлаш учун давлат Махсус ҳисобвараққа 100 млрд сўм ажратмоқда. Мулкдорлар мазкур дастур доирасида ширкатлар ёки бошқарувчи ташкилотлар орқали уйларни энергия самарадор модернизация қилиш лойиҳаларини илгари суришлари мумкин бўлади.

Мукаммал таъмирлашни молиялаштиришнинг худди шундай схемасидан Ўзбекистонда ККУни хусусийлаштиришнинг илк даврида фойдаланилган эди. Ўшанда мулкдорларнинг маблағлари ширкатларнинг жамғариб бориладиган ҳисобрақамларида жамланар эди. Бироқ мулкдорлар маблағларидан мақсадли фойдаланилиши ва таъмирлаш ишларининг сифати етарлича назорат қилинмаганлиги туфайли бу амалиёт ўзини тўлиғича оқламади. Ортда қолган йилларнинг хатоларидан тегишлича хулоса чиқарилишига, мукаммал таъмирлашни молиялаштириш асослантирилиши, у мулкдорлар учун шаффоф ва қулай бўлишига умид қилинади. Шунда уйларнинг шунчаки фасадини оқлаб қўйиш ёки тик қувурларини алмаштириш эмас, балки уйни энергия самарадор модернизация қилиш ҳақида ўйлаб кўрса арзийди. Бунда, шубҳасиз, асосланган, пухта ўйланган сиёсатга, ишлаб чиқилган ҳуқуқий базага, бошқа мамлакатларнинг тажриба ва амалиётига суяниш тўғрироқ бўлади.

Прочитано: 959 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика