Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 27 / Паспорт масалалари

Етим болалар учун квартира

 

Опа-сингил болалар уйида тарбияланганмиз. Ота-онамиз автомобиль ҳалокатида вафот этишганидан кейин бизни болалар уйига юборишган. Бунга қадар биз Тошкент шаҳридаги уч хонали квартирада яшардик ва у ерда доимий рўйхатдан ўтказилганмиз. 16 ёшга тўлдик. Марҳум отамиз квартира эгаси эди. Ушбу квартирада отамизнинг туғишган укаси ҳам рўйхатдан ўтган эди, у бизнинг розилигимизсиз квартирани сотиб юборган.

Квартира олди-сотдиси юзасидан даъволашишга ҳақлимизми? Агар шундай бўлса, у ерда рўйхатдан ўтишимиз мумкинми?

 

– Бириктирилган турар жойга эга бўлган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун мўлжалланган муассасаларда, бошқа таълим муассасаларида, оилавий болалар уйларида, фарзандликка олган оилаларда, васий (ҳомий) қарамоғида бўлган тўлиқ даврда, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида хизматни ўташ даврида ёки озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони ижро этиш муассасаларида бўлган даврида турар жойга бўлган ҳуқуқини сақлаб қолади.

Бундай болаларни тарбиялаш учун етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга мўлжалланган муассасага юборишда, оилавий болалар уйига, фарзандликка олган оилага, васий ёки ҳомийга топширишда ота-оналар ёки бошқа шахслар томонидан сотиб юборилиши ёки бошқача тарзда бегоналаштирилиши натижасида болалар мавжуд турар жойдан маҳрум бўлган ҳолат аниқланган тақдирда васийлик ва ҳомийлик органлари ёки уларнинг қонуний вакиллари битимни ҳақиқий эмас деб топиш учун судга даъво аризаси билан мурожаат қилишлари шарт.

Бунда туман (шаҳар) ҳокимининг қарорида етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳисобида турар жойнинг сақлаб турилиши уни ҳақиқатда қайтариб олиш бўйича суднинг тегишли қарори ижро этилгандан сўнг расмийлаштирилиши кўрсатилади (Низомнинг 9-б., ВМнинг 2.08.2010 йилдаги 164-сон қарорига 1-илова).

Бундай болаларнинг яшаш жойи бўйича васийлик ва ҳомийлик органи бу болалар ҳисобида турар жойнинг сақлаб турилиши юзасидан назоратни амалга оширади ва турар жойларнинг ноқонуний сотилганлиги ёки бошқача тарзда бегоналаштирилганлиги ҳолатлари аниқланган тақдирда, битимни ҳақиқий эмас деб топиш бўйича зарур чоралар кўрилиши лозим (Низомнинг 10-б.).

Қуйидаги ҳолатлардан бирида, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг улар ўз ҳисобида сақлаб турилган турар жойга қайтиб бориши мумкин эмас деб ҳисобланади:

1) бундай турар жойда ҳар қандай асосларга кўра қуйидаги шахслар яшаётганлиги:

ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум бўлганлар;

васий ёки ҳомийлар вазифасини бажаришдан белгиланган тартибда четлаштирилганлар;

собиқ фарзандликка олувчилар;

сил, сурункали касалликларнинг оғир шакллари билан оғриганлар, агар бундай шахслар билан тиббий, санитария ёки бошқа кўрсатмаларга кўра бирга яшаш мумкин бўлмаса;

2) бола ҳисобида сақлаб турилган тураржой бўлган уйнинг бузиб ташланганлиги ёки турар жойнинг қулайлик, санитария, техника талабларига ва бошқа нормаларга жавоб бермаслиги, шунингдек турар жойнинг ёки унинг бир қисмининг вайрон бўлганлиги (вайрон бўлиш хавфи, авария ҳолатида бўлиши);

3) бола ҳисобида сақлаб турилган тураржойдан у етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга мўлжалланган муассасада, оилавий болалар уйида, фарзандликка олган оилада, васий ёки ҳомий қарамоғида бўлган даврида сотиш ва бошқача тарзда бегоналаштириш натижасида маҳрум бўлганлиги, агар турар жойни ҳақиқатда қайтариб олиш бўйича суднинг ижро этилган қарори бўлмаса;

4) етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг мустақил ҳаётга киришида уларнинг жамиятга ижтимоий мослашувига тўсқинлик қиладиган бошқа ҳолатларнинг мавжудлиги (Низомнинг 11-б.).

Шу тариқа, сиз қонуний вакилларингиз орқали васийлик ва ҳомийлик органи органига мурожаат қилишга ҳақлисиз, ушбу орган суд  инстанциялари орқали отангизнинг укаси томонидан амалга оширилган квартира олди-сотдисини ҳақиқий эмас деб тан олиши мумкин. Суд томонидан квартира олди-сотдиси ҳақиқий эмас деб тан олинганидан ва бу ҳақда қарор чиққанидан кейин сиз ҳеч бир муаммосиз яшаш жойингиздаги миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимида рўйхатдан ўтишингиз мумкин.

 

Санжар Хўжааҳмедов, «Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 380 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика