Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 27 / Паспорт масалалари

Чет элда хорижий паспортни расмийлаштириш

 

Москвадаман, Ўзбекистон Республикасининг РФдаги Элчихонасида консуллик ҳисобида тураман. Карантин чоралари юмшатилиб, чегаралар очилганидан кейин вояга етмаган фарзандим билан Исроилга кетишни режалаштиряпман.

Хорижда доимий яшайдиган шахслар учун хорижий паспортни олиш тартиби қандай?

 

– Консуллик муассасалари томонидан хорижда доимий яшайдиган ва доимий консуллик рўйхатида турадиган фуқароларга, шунингдек Ўзбекистон ҳудудида доимий яшайдиган ва хорижга 6 ойдан кўп муддатга хизмат сафари, ўқиш, даволаниш, контракт бўйича ишлаш, оиласи билан бирлашиш мақсадида хорижга вақтинчалик яшаш учун чиққан ҳамда консуллик муассасаларида вақтинчалик рўйхатда турган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига қуйидаги ҳолларда хорижга чиқиш биометрик паспорти расмийлаштирилади ва берилади:

Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқишда;

фарзанд хорижда туғилганида;

хорижга чиқиш биометрик паспортининг амал қилиш муддати тугаганида;

фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, жинси ўзгарганида;

ёзувларда ноаниқликлар ва хатолар мавжудлиги аниқланганида;

маълумотлар ёки визалар учун мўлжалланган бетлар ишлатилиб бўлинганида;

хорижга чиқиш биометрик паспорти бланкаси яроқсиз ҳолга келганида ёки йўқотиб қўйилганида;

хорижга чиқиш биометрик паспорти ашёвий далил сифатида олиб қўйилганида (ВМнинг 30.10.2020 йилдаги 49-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 15-б.).

Фуқаролар хорижга чиқиш биометрик паспортини олиш учун консуллик муассасасига мурожаат қиладилар. Шунингдек улар хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш учун консуллик муассасасига мурожаат қилишдан олдин Ўзбекистон Республикаси ТИВ сайтида ёки консуллик интерактив ҳизматлар веб-порталида (consulate.mfa.uz) жойлаштирилган анкетанинг электрон шаклини олдиндан тўлдириш интерактив хизматидан фойдаланиши мумкин (Низомнинг 16-б.).

Доимий консуллик рўйхатида турадиган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштиришда консуллик муассасасига қуйидаги ҳужжатлар тақдим қилинади:

ариза-анкета;

паспортнинг (нобиометрик, биометрик ва/ёки хорижга чиқиш биометрик) асли – нусха олинади, асли эса ариза берувчига қайтарилади;

35 х 45 мм ҳажмдаги фотосурат (1 дона);

фуқаронинг хорижий мамлакат қонуни талабларига мувофиқ ушбу давлат ҳудудида қонуний тарзда бўлишини тасдиқловчи ҳужжат (виза, яшаш учун гувоҳнома, вақтинчалик яшаш учун гувоҳнома, паспортдаги тегишли қайдлар, маълумотнома ва шу кабилар);

консуллик йиғими ва ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобига йиғим тўланганлиги тўғрисида квитанция.

Вояга етмаган шахслар ва 16 ёшга тўлгунига қадар хорижга чиқиш биометрик паспортини олмаган, ота-оналари ёки бошқа қонуний вакиллар билан доимий консуллик рўйхатида турган шахслар учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

ариза-анкета;

туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома (16 ёшга етмаган шахслар ва биринчи маротаба хорижга чиқиш биометрик паспорти расмийлаштирилаётган 16 ёшга тўлган шахслар учун) ёки биометрик паспортнинг асл нусхаси – нусха олинади, асли эса ариза берувчига қайтарилади;

35 х 45 мм ҳажмдаги фотосурат (1 дона);

вояга етмаган шахсга биринчи маротаба хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш учун ота-онаси ёки бошқа қонуний вакиллар паспортларининг (нобиометрик, биометрик ва/ёки хорижга чиқиш биометрик паспорти) асл нусхаси (нусха олинади, асли эса ариза берувчига қайтарилади). Ота-оналардан бирининг паспортини тақдим этиш имконияти бўлмаган ҳолларда тегишли ҳужжат тақдим этилади, хусусан, ўлим ҳақидаги гувоҳнома, никоҳ бекор қилинганлиги ҳақидаги гувоҳнома, никоҳ ҳақиқий эмас деб топилганлиги ҳақида суд қарорининг кўчирмаси (нусхаси), ваколатли органлардан ота-оналардан бирининг бедарак йўқолган ёки вафот этган деб топилганлиги тўғрисидаги маълумотнома, бола ёлғиз ота ёки онанинг қарамоғида эканлигини тасдиқловчи ҳужжат ёки турган мамлакат қонунчилигига мувофиқ шунга ўхшаш бошқа ҳужжат;

вояга етмаган шахснинг ота-оналари ёки бошқа қонуний вакиллари ўзлари бўлиб турган мамлакат қонунчилигига мувофиқ хорижий давлат ҳудудида бўлишининг қонунийлигини тасдиқловчи ҳужжат (виза, яшаш учун гувоҳнома, вақтинчалик яшаш учун гувоҳнома, паспортдаги тегишли қайдлар, маълумотнома ва шу кабилар);

ота-оналардан бири хорижий давлат фуқароси бўлса, унинг бола хорижга чиқиш биометрик паспортини олишига эътирози йўқлиги ҳақида нотариал тасдиқланган аризаси;

Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган ота-оналардан бирининг ёки бошқа қонуний вакилнинг нотариал тасдиқланган розилиги (агар 16 ёшга тўлмаган шахс доимий консуллик рўйхатида ота-оналардан бири билан турган бўлса);

ҳамроҳлик қилувчи шахснинг нотариал тасдиқланган мажбурияти;

нобиометрик паспорт, биометрик паспорт ва/ёки хорижга чиқиш биометрик паспорти йўқолганлиги тўғрисида хорижий мамлакат ваколатли органларининг маълумотномаси (паспорт йўқолган ҳолатда);

ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобига йиғим тўланганлиги тўғрисидаги квитанция (Низомнинг 17-б.).

Тайёр бўлган хорижга чиқиш биометрик паспортини Давлат персоналлаштириш маркази кейинчалик дипломатик йўллар орқали консуллик муассасаларига жўнатиш ва эгасига бериш учун Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Давлат фельдъегерлик хизмати орқали ЎзР ТИВга юборади (Низомнинг 22-б.).

Хорижга чиқиш биометрик паспортларини консуллик муассасаларига ва консуллик муассасаларидан Ўзбекистон Республикасига етказиб бериш дипломатик почта орқали, шунингдек ЎзР ТИВ билан келишган ҳолда навбатдан ташқари почта орқали амалга оширилади (Низомнинг 23-б.).

Консуллик муассасасининг мансабдор шахси Консуллик-ҳуқуқий департаментдан тушган хорижга чиқиш биометрик паспортини ариза берувчига имзо чектириб топширади ва консуллик рўйхатига олинганлиги тўғрисида штамп босади. Бунда алмаштирилаётган нобиометрик ёки биометрик паспорт ўрнига тайёр хорижга чиқиш биометрик паспортини беришда нобиометрик ёки биометрик паспорт консуллик муассасасининг мансабдор шахси томонидан олиб қолинади (вақтинчалик консуллик рўйхатида турган Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг амалдаги биометрик паспорти бундан мустасно, унга хорижга чиқиш биометрик паспорти берилгани тўғрисида штамп босилади), уни берган йиғиш пунктига белгиланган тартибда бекор қилиш учун юборилади ва тегишли маълумотлар консуллик муассасалари томонидан улар турган давлатнинг ТИВга ёки уларга нисбатан ўзаро келишув мавжуд бўлса, бошқа вазирлигига, шунингдек, борилган мамлакатда хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларига юборилади (Низомнинг 24-б.).

Прочитано: 1043 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика