Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 27 / Биз яшайдиган уй

«Агар мумкин бўлмаса-ю, лекин жуда хоҳласа, унда мумкин»

 

Одатда, кўп квартирали уйларда (ККУ) ноқонуний қайта режалаштириш ва реконструкция қилиш масалалари шу тарзда ҳал этилади. Ижтимоий тармоқлардаги постларнинг шарҳи қонунчиликни қандай қилиб четлаб ўтиш мумкинлиги кўрсатилган маслаҳат ва тавсияларга тўлиб кетган: шубҳасиз бу хизматлар ҳақ эвазига бажарилади. Назорат органлари мазкур шарҳлар бўйича ишласа ҳам бўлади: далилларни аниқлаш, ҳуқуқбузарларга жарима солиш, квартираларни тегишли ҳолатга келтириш мумкин.

Постларни ўқиган киши ҳалигача тирик юрганига шукур қилиб, қувониб кетади... Ахир, кўп қаватли уйларга доир ўз ғояларини ҳаётга татбиқ этар экан, наҳотки одамлар хавфсизликка таҳдид солаётганлари, ўзлари ва ўзгаларни ноқулайлик ва хатарларга солаётганларини англамасалар? Шунинг натижаси ўлароқ – уларнинг айби билан пешайвонлар қуламоқда, шифтдан юқори қаватдаги қўшнининг ҳожатхонаси ёки ҳаммомхонасидан чакка ўтмоқда, умумий уй тизимини ўз хоҳишига қараб тўсиб қўйгани сабабли кимдир қиш кунларида музлаб қолаётир ва ҳоказо. Кўплаб уй эгалари ўзларининг меъморчилик «санъати»ни кўрсатгиси келиб, куракда турмайдиган ғоя-фантазияларини чеклаши мумкин бўлган қонунлар, меъёр ва қоидалар борлиги хусусида ўйлаб ҳам кўрмайдилар. Улар ўз квартираларида хаёлларига нима келса, шуни қила оламан, деб ўйлашади. Бу ҳам етмагандек, бошқаларга ҳам маслаҳатлар беришади. 

 

Меҳмонхона тепасида бассейн, ётоқхона тепасида ҳожатхона

ККУдаги квартира эгалари ҳеч иккиланмасдан қуйи қаватдаги қўшнининг ётоқхонаси ёки ҳожатхонаси устидан бассейн қуриб олишлари мумкин, лекин бир кун келиб, сув қўшниникига сизиб чиқмай иложи йўқ. Ижтимоий тармоқларда бундай ҳаётий мисоллар қалашиб ётибди. Кўпинча душ, ванна, ҳожатхона шароитлари мавжуд бўлган иккинчи санитария тармоғини қўшнининг ётоқхонаси устига қуриб олишади. Ёки пешайвонда душли кабина ўрнатишади, ётоқхонага туташган хўжалик хонасига ванна қўйишади. Чакка ўтишидан ташқари, қуйи қаватда яшовчи қўшнилар ғинғиллаб ишлайдиган кир ювиш машинаси, ҳожатхонада сув оқиб тушиши ва бошқа ноқулайликлар гирдобида қоладилар. Бундай бошбошдоқликлар ҳар қадамда учрайди, шикоят қилиш ёки эътирозлар билдириш – деярли фойдасиз, деб ёзишади фуқаролар.

Кўплаб биринчи қаватларда яшайдиган аҳоли ўз квартиралари тагидаги ертўлаларни қазишади, бу жойларни турар жой ёки нотурар жойларга айлантиришади. Ертўлалардан камаз-камаз тупроқ, бетон плиталарни олиб чиқишади. Бу ҳам камлик қилгандек: «Ўз квартирамда нимани хоҳласам, шуни қиламан» дейишади. Квартира-ку, майли, сизникидир, лекин уй умумий-ку. Шунинг учун уйнинг асос бўлувчи қурилмаларини ваколатли органларнинг тегишли рухсатномасини олмасдан ўзгартириш тақиқланади ва бу хавфли ҳамдир. Бир инсоннинг ҳуқуқлари тугайдиган жойда бошқа инсоннинг ҳуқуқлари бошланади, деган гап бор ахир. Бу ўзингизнинг шахсий участкангиздаги уй эмас, кўп квартирали турар жой, бу ерда мулкдорлар жамоасининг ҳуқуқ ва манфаатлари бир бирига узвий боғлиқдир.

 

«Намгар» ҳудудлар «қуруқ» ҳудудларга қарши

Айниқса «коробка-уйлар» деб аталувчи квартираларнинг эгалари ижодий хаёлпарастлик борасида илҳом парисининг жиловини эркин қўйиб қўяётирлар. Бу ерда гап эркин режалаштирилган янги қурилган уйлар ҳақида кетмоқда. Янги уй эгалари бу ерда нимани хоҳласангиз, шуни қилиш мумкинлигига аниқ ишонадилар: «Бу, ахир, эркин режалаштирилган уй-ку. Ҳожатхона билан ҳаммомнинг қайси ҳажмда ва қаерда бўлишини бизга уқтирадиган бўлишса, у ҳолда «коробка»ни нима учун харид қилдик? Устига-устак, квартирани сотиб олаётганда кадастрда режалаштиришнинг ўзи мавжуд эмас. Янги кадастрни тасдиқланган лойиҳа ва таъмирдан кейин оламиз-ку. Модомики, бизнинг таъмирлаш ишларимиз қурилиш норма ва қоидаларини бузар экан, демак, барчасини бузиб ташлаш керак ёки пора бериб, ишингизни давом эттираверасиз».

Нима ҳам дердик – гап бу жойда очиқчасига айтилган-қўйилган.

2021 йилнинг 1 апрелидан бошлаб «коробка уйлар»ни фойдаланишга топшириш тақиқланди. Янги қурилган уйлар фақатгина квартирага тўлиқ ишлов бериш тугалланган, коммуникациялар ўтказилгандан кейин топширилади. Бу биринчи навбатда уйда яшовчиларнинг хавфсизлиги билан боғлиқ масала. Бинобарин, «коробка уйлар»даги таъмирлаш ишлари чоғида янги мулкдорлар жиддий қоидабузарликларга йўл қўйишмоқда. Бу бинонинг конструкцияси, мустаҳкамлигига таъсир кўрсатмоқда. Тақиқларга қарамай, «коробкалар» билан боғлиқ муаммо сақланиб қолаётир. Мулкдорларнинг бир қисми уйларини 1 апрелга қадар сотиб олишган, лекин таъмирлаш ишларини ҳали бошлаган эмас. «Намгар» ҳудудлар ҳисобланмиш ошхона, ҳаммомхона, ҳожатхоналарнинг эркин режалаштирилишига доир масалалар ҳали ечилмай қолган. Бу «намгар хоналар» ётоқхона ёки меҳмонхоналар устига барпо этилиши мумкинми? Бу савол нафақат «коробка» уйлар, балки қайта қурилиш ишлари ҳали-ҳамон тугамаётган кўп квартирали уйларнинг барчаси учун долзарб ҳисобланади.

«Биз қайта қурилишларни ўз дидимизга мослаб ўтказволдик, бизга уни тасдиқлаб ҳам беришди, – очиқчасига тан олишади ижтимоий тармоқдагилар. – «Коробка»да фақат шахтадаги қувурларни ўрнатиб кетишган эди – уларни истаган томонга тортиш мумкин бўлди: чапга-ўнга, пол бўйлаб, шифт орқали – фарқи йўқ. Бизнинг ҳожатхона қўшнининг ётоқхонасига тўғри келиб қолмаслиги учун ишни қандай бошласам экан, деб истиҳола қилиб ўтирганимиз йўқ. Қўшнининг режалаштиришига мослашаман десанг, ўҳ-ҳў, ўзингнинг режанг четда қолиб кетади-ку! Ҳар битта қўшнининг эшигини тақиллатиб ўтирмайсан-ку энди! Натижада кимнингдир санитария тармоғининг тагида бировнинг ётоқхонаси ёки меҳмонхонаси бошланади. Шу билан нима бўпти…».

«Агар сизга «бу мумкин эмас, қонунчилик нормаларига зид», дейишса, демак, озгина «ихлос» қиласиз, шу билан мумкин бўлмаган нарса сиз учун бироз муддатга мумкинга айланади».

«Бундай режалаштириш ишларига рухсат бераётганлар эртага буларнинг ҳаммасини буздириб ташлашади ёки қоидабузарлик учун порани олиб, яна кўз юмишади. Шу тариқа бу жараён тўхтовсиз давом этаверади».

«Таъмирлаш ишларидан кейин кадастр ҳужжатини олдик. Шундай экан, ҳаммомхона ёки ҳожатхонамиз қўшниларнинг яшаш хонасига тўғри келиб қолганлиги ҳеч кимни безовта қилмаслиги керак».

Таассуфки, кадастр ҳужжатининг мавжуд бўлиши доим ҳам режалаштириш ва таъмирлаш ишлари қурилиш меъёр ва қоидаларига мувофиқ амалга оширилганлигидан далолат беравермайди. «Намгар» ҳудудларни, сиз янги уйда яшайсизми ёки иккиламчи уй-жой фондидами, қатъи назар, истаган жойингизга қайта ўтказиб бўлавермайди. Худди шундай қайта режалаштиришлардан кейин уй эгаларини ўз ҳожатхонасини яшаш хонаси устидан кўчиришга мажбурлашган ҳолатлар ҳаётда учраган. Квартира эгасини умумий уй мол-мулкига, қўшниларнинг ҳаёти ва саломатлигига етказган зарари учун жавобгарликка тортиш мумкин. Уйларимиз қулаб тушишини истамасак, қонун ҳужжатларига риоя қилинишини қатъий ва сўзсиз назоратга олишимиз даркор. Модомики, «агар мумкин бўлмаса-ю, лекин жуда хоҳласа, унда мумкин» қабилида иш кўрар эканмиз, унда қонун ҳужжатлари нимага керак, ҳамма ишни пул билан ҳал қилаверайлик унда?!

 

Қайта қурувчи учун регламент

Президентнинг «Кўп квартирали уй-жойларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори (19.06.2021 йилдаги ПҚ-5152-сон) билан УЖКХ вазирлиги ҳузуридаги Уй-жой фонди инспекциясига ККУда олиб борилаётган қайта қуриш ва қайта режалаштириш ишлари ҳолатини мулкдорлар ва БКлардан келиб тушган мурожаатга асосан назорат қилиш қўшимча ваколати берилди.

Прочитано: 269 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика