Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 22 / Жавоб берамиз

Касаллик варақаси бўйича нафақа қандай тўланади

 

Меҳнатига вақтбай-мукофотли тизим бўйича ҳақ тўланадиган ходим 16.04.2021 йилдан 25.04.2021 йилгача бўлган даврга вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасини тақдим этди. Графикка мувофиқ у 6 сменага ишга кела олмаган, бунга нафақа тўланиши лозим. 2021 йил апрелда у график бўйича 17 кун ишлаши керак эди, бу 172,5 соатни ташкил этади. Март ойида у 15 кун ишлаган, бу 168,5 соатни ташкил этди. Ходим 2020 йил 12 октябрда ишга қабул қилинган. Вақтбай тариф ставкаси 13 582,09 сўм миқдорида белгиланган, шунингдек ойлик мукофотлар берилади. Мукофотлаш тизими 2020 йил декабрдан бошлаб амал қилмоқда, иш вақтининг жамланма ҳисобини юритиш ва меҳнатга вақтбай ҳақ тўлаш 2021 йил январдан йўлга қўйилган, бунгача лавозим маоши тўланган. Ходимга иш даврида иш вақтидан ташқари ишлар учун ҳақ, чораклик мукофотлар, бажарилган иш ҳажми учун ойлик мукофотлар, байрам ва дам олиш кунлари учун қўшимча тўлов тўланган. 1136-сон Низомда белгиланишича, меҳнатига вақтбай-мукофотли тизим бўйича ҳақ тўланадиган ходимлар учун вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси ишбай иш ҳақи олувчи ходимларга ҳисоблангани каби ҳисобланади. Ходимга вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси қандай ҳисобланади? 

 

– Меҳнатга вақтбай-мукофотли тизим бўйича ҳақ тўлашда тариф ставкалари бўйича иш ҳақидан (лавозим маошидан) ташқари корхонада ишлаб чиқилган ходимларни мукофотлаш тўғрисидаги низомга, жамоа шартномасига ёки корхона раҳбарининг буйруғига (фармойишига) асосан муайян миқдорий ва сифат кўрсаткичларига эришганлиги учун қўшимча равишда мукофотлар тўланади. Бошқача айтганда, бу бажарилган иш ҳажми учун тўланадиган ҳақ бўлиб, у ойлик иш ҳақининг таркибий қисми ҳисобланади. Меҳнатга ҳақ тўлашнинг бундай тизимида вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомнинг (АВ томонидан 8.05.2002 йилда ­1136-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 56-бандига мувофиқ ҳисобланади.

2021 йил 16–25 апрель кунларига вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини ҳисоблаш учун сиз ходимнинг 2021 йил март ойидаги ўртача иш ҳақини аниқлаб олишингиз лозим. Бунинг учун март ойидаги соатбай тариф ставкаси бўйича иш ҳақига март ойида тўланган мукофот пули ҳамда 2020 йил октябрь – 2021 йил март ойлари учун меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар жумласига киритиладиган бошқа тўловларнинг 1/6 қисми қўшилиши керак. 2021 йил январь ва февраль ойлари учун тўланган бажарилган иш ҳажми учун мукофот пуллари ҳисобга олинмайди, бу мукофот пуллари мазкур ойлар учун ойлик иш ҳақининг таркибий қисми ҳисобланади.

Ҳосил бўлган сумма 2021 йил март ойидаги сменалар сонига бўлиниши лозим, бу билан 1 смена учун ўртача иш ҳақи миқдори аниқланади. Кейин ушбу сумма ходим бетоблиги туфайли кела олмаган сменалар сонига (6 смена) ҳамда ушбу ходим учун вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси фоизига (60, 80 ёки 100%) кўпайтирилади. Натижада олинган сумма вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси ҳисобланади. Ушбу нафақа жисмоний шахсларнинг бошқа даромадлари жумласига киритилади, унга солиқ агентида ЖШДС ва ШЖБПҲга мажбурий бадаллар солинади (СК 377-м. 15-б., 387-м. 1-қ. 4-б.; «Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 10-м.). Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақасига ижтимоий солиқ солинмайди.

 

Азизахон ТОШХЎЖАЕВА,

«Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 712 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика